Самарқанд вилояти ҳокимлиги
w w w . s a m a r k a n d . u z
Самарқанд вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг VII ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.
Унда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашининг 2015 йил июлдан 2020 йил июлгача бўлган фаолияти юзасидан ҳисоботи ва вилоят кенгашнинг навбатдаги устувор вазифалари муҳокама этилди.
Конференцияда Самарқанд вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг янги таркибдаги кенгаши сайланди. Шу пайтгача кенгашга раҳбарлик қилган Суҳроб Рафиқов навбатдаги муддатга ҳам раисликка тасдиқланди.
Шунингдек, йиғилишда бирлашманинг бошқа раҳбар органлари, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси қурултойига делегатлар сайланди.
Конференцияда Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов иштирок этди ва касаба уюшмалари ташкилотлари фаолиятини кучайтириш, бошланғич ташкилотларнинг ўрни ва ролини ошириш юзасидан ўз таклифларини билдирди.
- Аслида иш берувчи солиқ, прокурордан эмас касаба уюшмасидан қўрқиши керак, - деди Э.Турдимов. - Иш берувчини ходимларга яхши шароит яратиб беришга мажбурлайдиган ташкилот бўлиши керак. Шунингдек, бу ташкилот халқ дардини эшитадиган ва йиқилганни суяйдиган бўлиши лозим. Кейинги йилларда касаба уюшмалари тизими ана шунга эришмоқда. Аммо бошланғич ташкилотларнинг ўрни сезилмаяпти, ташаббус билан чиқмаяпти. Аслида улар муаммони олиб чиқиб, жамоатчиликка кўрсата олиши, ҳал этишга ҳаракат қилиши зарур.
Тадбирда республика касаба уюшмалари федерацияси раиси ўринбосари Б.Маҳмадалиев иштирок этди.