САМАРҚАНД ИҚТИСОДИЙ ВА МАДАНИЙ САЛОҲИЯТИ БИЛАН МАМЛАКАТИМИЗ ҲАЁТИДА АЛОҲИДА ЎРИН ТУТАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, олиб борилаётган ислоҳотлар жараёни, йирик лойиҳалар билан танишиш ва халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 17-18 март кунлари Самарқанд вилоятида бўлди. 

Самарқанд вилояти мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳияти юқори, бой тарих ва маданиятга эга ҳудудларидан бири ҳисобланади. Бу заминда улуғ алломаларимиз, буюк саркардаларимиз, жонажон Ватанимизни жаҳонга танитган азиз аждодларимиз хоки мангу қўним топган. Ушбу муқаддас масканларни зиёрат қилиш учун нафақат юртдошларимиз, балки дунёнинг турли бурчакларидан сайёҳлар келади. Улар учун муносиб шарт-шароит яратиш, муборак қадамжоларни обод этиш давлатимизнинг доимий эътиборида ва бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Буни Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ҳазрати Хизр мажмуасида – мамлакатимиз мустақиллиги асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов мангу ором топган масканда олиб борилган улкан бунёдкорлик ишлари мисолида ҳам кўриш мумкин.

Давлатимиз раҳбари ҳар сафар Самарқандга ташрифини ушбу мажмуа зиёратидан бошлайди.

Шавкат Мирзиёев бу гал ҳам Биринчи Президентимиз қабрига гул қўйиб, ҳурмат бажо келтирди. Ўтганлар ҳақига Қуръон тиловат қилинди.

Шу кунларда ушбу мажмуа маҳаллий ва хорижий сайёҳлар билан ҳар қачонгидан ҳам гавжум. Давлатимиз раҳбари зиёратчиларга қулай шароит яратиш, мажмуа атрофини янада ободонлаштириш бўйича тавсияларини билдирди.

Улуғ мутафаккир, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий мажмуаси зиёрати чоғида Президентимиз ушбу масканни замон талабларига мос реконструкция қилиш ҳамда унинг атрофида сайёҳлар учун барча хизмат турларини қамраб олувчи меҳмонхона ва инфратузилма объектлари қуриш лойиҳалари билан танишиб, уларни сифатли амалга ошириш учун мутасаддиларга топшириқлар берди.

-Буюк алломаларимизнинг ислом маданиятини равнақ топтиришга қўшган бетакрор ҳиссаси тўғрисида сўз кетганда, энг аввало, ҳақли равишда мусулмон оламида “муҳаддислар султони” дея улкан шуҳрат қозонган Имом Бухорий бобомизнинг муборак номи тилга олинади, -деди Президент.

Маълумки, зиёратгоҳга туташ ҳудудда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бунёд этилмоқда.

- Бу мажмуа нафақат мамлакатимиз халқи, балки бутун ислом дунёси учун қадрли ҳисобланади, -деди Президент.

Марказнинг маънавий-маърифий ишини ташкил қилиш, унинг илмий-назарий концепциясини яратиш ва ана шу асосда ўқув дастурлари ва қўлланмалар ишлаб чиқиш, Имом Бухорий асарлари тадқиқотига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари вилоятга ташрифи доирасида Оқдарё туманида “Даромад бахт омад” масъулияти чекланган жамияти томонидан гидропоника усулида ташкил этилган иссиқхона фаолияти билан танишди. Шу ерда Самарқанд вилоятида паррандачилик, чорвачилик, балиқчилик, асаларичилик ва бошқа тармоқларни ривожлантириш, мева-сабзавот етиштириш ва экспорт қилишни кўпайтириш лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.

Тумандаги “Муштарий Оқдарё” масъулияти чекланган жамиятига қарашли тикувчилик фабрикасидаги ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишув ва ишчилар билан мулоқотларда Шавкат Мирзиёев бундай замонавий корхоналар иқтисодиётни барқарорлаштириш, аҳолини иш билан таъминлашда муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Бу каби фабрикаларни ҳар бир туманда камида иккитадан ташкил этиш, трикотаж кластерлари яратиш зарурлиги қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари Иштихон тумани “Хумо” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Хина қишлоғида “Иштихон томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди. “Обод қишлоқ” дастури асосида ушбу ҳудуд ҳамда Нуробод туманининг Жом қишлоғида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди.

Пастдарғом тумани ҳокимлигида вилоят жамоатчилиги билан ўтказилган йиғилишда вилоятда амалга оширилиши белгиланган лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, қурилиш-бунёдкорлик ишлари кўламини кенгайтириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, аҳоли турмуш даражасини янада ошириш, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш, томорқа имкониятларидан самарали фойдаланиш масалалари атрофлича муҳокама этилди.

Туман ва шаҳарлардаги тадбиркорлар, зиёлилар, нуронийлар ва ёшлар вакиллари билан мулоқот қилиниб, уларни ўйлантираётган муаммоларга ечим топилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташрифининг иккинчи куни Самарқанд шаҳрида Марказий ҳарбий округ штаби ва Миллий гвардия фаолияти билан танишди.

Бу ерда давлатимиз раҳбарига Самарқанд ҳарбий-маъмурий секторида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Аскар ва офицерлар билан мулоқот чоғида мамлакатимиз Қуролли Кучлари тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз борди. Бу борада тегишли дастурлар асосида олиб борилаётган тизимли ўзгаришлар қўшинларни замонавий қурол-аслаҳа, ҳарбий техника ва алоқа воситалари билан таъминлаш, юқори малакали офицер кадрлар тайёрлаш ҳамда миллий армиямиз салоҳиятини ошириш, мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Учрашувда ҳарбийларнинг яшаш шароитини яхшилаш, уларни уй-жой билан таъминлаш зарурлиги қайд этилди.

 

ЎзА.


Охирги ўзгариш: 20/03/2018 18:01.   Кўрилганлиги: 65

 

Сўровнома


Сайтга баҳо беринг

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 15

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг