Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

САМАРҚАНД ФАВВОРАЛАРИ ЖИЛВАСИ

САМАРҚАНД ФАВВОРАЛАРИ ЖИЛВАСИ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган чора-тадбирлар дастурига мувофиқ, 1 май куни Самарқанд вилоятида ҳам "Фавворалар сайли" байрам тадбирлари ўтказилди.

Байрам доирасида турли оммавий  маданий тадбирлар, ранг-баранг дастурлар намойиш этилди.

Кўксарой майдони. Ҳудудда сўнгги пайтларда кенг кўламда ободонлаштириш ишлари олиб борилди ва ҳозирҳам давом этмоқда. Шакл берилган дарахтлар, экилган майсалар, анвойи гулларни кўриб, дилингиз яйрайди. Бу ерда реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилган фавворалар гўзаллиги таҳсинга сазовор. Ён-атрофга ярашиб турган уч фаввора атрофида талаба-ёшлар, шаҳар аҳолиси ва меҳмонлари хуш кайфиятда сайр қилмоқда. Уларнинг юзларида қувонч, кўз олдиларида яна бир гўзал хиёбон барпо бўлганидан ҳайрат сезилиб турибди.  


Регистон кўчаси бугун халқимизнинг энг севимли манзилига айланган. Нурли-мусиқали фаввораларнинг турфа рангларда жилваланишидан завқ оласиз. Санъаткорларнинг куй-қўшиқлари, гўзал раққосаларнинг хироми гўёки фаввора рақси билан баҳслашаётгандек.

Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг чиқишлари беғубор ёшлик, тинчлик элчиси бўлиб янграйди. Ёш рассомларнинг чизган расмларида эса обод ва озод Ватан, тинч ва фаровон ҳаёт акс этиб турибди.  

Регистон ва Даҳбед кўчалари чорраҳасидаги нурли-мусиқали фаввора ҳам сайл иштирокчиларини ўзига ром этди. Бу ердаги ажиб манзарадан уларнинг баҳри-дили очилди, кайфияти кўтарилди. Фавворанинг жилваси, сувнинг мусаффолиги инсон қалбига гўзаллик, хотиржамлик улашди. 


Шоирлар боғи бугун Самарқанднинг юраги – Регистон кўркига янада кўрк қўшиб, гўзал манзара касб этган. Атиги, бир неча йил аввал кўримсиз ҳолатда бўлган, тарвақайлаб ўсган дарахтлар ўрнига ям-яшил арчалар экилди. Мавжуд манзарали дарахтлар тартибга солинди. Тарихийлик ва замонавийлик уйғунлашиб кетган фавворалар эса обидаларга янада виқор бериб турибди. 

Сўнгги пайтларда Самарқандга ташриф буюрган меҳмонлар албатта, Йўлбарслар хиёбонини бориб кўришади. Чунки, бу майдон ўзининг табиий архитектураси билан ҳам кишида катта таассурот уйғотади. Бир томонда замонавий иншоотлар, хизмат кўрсатиш комплекслари, бир томонда тарихий обидалар жойлашган хиёбон салқин ва хушҳаволиги билан кишига ҳузур бағишлайди. 


Фавворалар сайли нафақат шаҳарнинг марказий ҳудудларида, балки “Самарқанд” темир йўл вокзали, “Аэропорт” маҳаллаларида ҳам ўтказилди.

– Ўғлим Самарқанд шаҳрида яшайди. Кеча меҳмонга келдим, – дейди нарпайлик отахон Намоз Раҳимов. – Набираларим мени шу ерга олиб келди. Қарангки, шу пайт вокзалдан бир гуруҳ андижонлик меҳмонлар келиб қолишди. Ахир, темир йўл вокзали ҳам Самарқанднинг дарвозаси-да.

Андижонликлар билан фаввора олдида дилдан суҳбатлашдик, мустақиллик йилларида Андижон ва Самарқанд шаҳарларидаги ўзгаришлар, ободонлаштириш ишлари ҳақида фикрлашдик. Муҳими, улар билан фаввора ёнида туриб, танамиз яйради, ҳузур қилдик.

– Маҳалламизда икки мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, – дейди “Аэропорт” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Сарварой Ибрагимова. – Бугун фаввора атрофида нафақат бизнинг, балки яқин ҳудуддаги минглаб юртдошларимизнинг йиғилганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Фаввора  атрофида нафақат бугунгидек сайилларда, балки ҳар куни одамлар гавжум бўлади. 

– Фавворалар ҳаво намлигини таъминлашда, микроиқлим яратишда энг қулай восита, – дейди Саломатлик ва тиббий статистика институти директор ўринбосари Нигора Эргашева. – Биз фаввораларни кўриб, сезиб, унинг ёрдамида ҳосил бўлган намликни нафас ҳамда теримиз орқали ўзимизга қабул қиламиз. Натижада инсондаги ҳужайралар тикланибгина қолмай, турли хил зарядларга қарши иммунитет ҳам ҳосил бўлади. Қолаверса, фавворалар асабимизга ижобий таъсир этади, кишини тинчлантиради.


Шу ўринда яна бир маълумот. Дов-дарахтлар, фавворалар ёз фаслида ён-атрофга салқинлик таратиб, шаҳарнинг ҳаво ҳароратини 3-6 даражагача пасайтиришга хизмат қилар экан. 

* * *

Бундай сайиллар Университет, Амир Темур хиёбонлари, Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи, Ибн Сино ва Рўдакий кўчалари чорраҳасида, шунингдек, Ургут, Пастдарғом, Пайариқ, Нуробод туманларида ҳам давом этди. Юртдошларимиз ва шаҳримиз меҳмонлари ярим тунгача фавворалар рақсидан баҳраманд бўлдилар.

Сайил давомида ёшлар ўртасида спорт мусобақалари, интеллектуал ўйинлар, рассомларнинг ижодий асарлари кўргазмалари намойиш этилди.

Сайилларда вилоят ҳокими З.Мирзаев иштирок этди. 

*   *   *

“Фавворалар сайли” хорижлик меҳмонларнинг ҳам эътиборини тортди.

– Самарқандда шундай катта бир байрамга гувоҳ бўлаётганимдан хурсандман, – дейди руминиялик меҳмон Михай Бугай. – Сўлим хиёбонлар, маданий ҳордиқ олиш учун қулай масканларнинг кўплиги таҳсинга лойиқ. Айниқса, фаввораларни кўриб завқингиз келади. Очиғи, фавворалар ёнидан кетгим келмаяпти. Кўриб турибманки, халқингизнинг маданий савияси юқори, гўзалликка муносабати ниҳоятда ижобий экан. 

Юто Огава (Япония):

- Ўзбекистонга биринчи бор келишим. Самарқанд шаҳрида тарихий обидалар билан бирга чиройли фавволар ҳам кўп экан. Сафарим айнан бугунги фавворалар сайлига тўғри келганидан хурсандман. Ҳар бир фавворанинг олдида одамларнинг кўплигидан ҳайратландим. Айниқса набиралари билан юрган кексаларни кўриб уларга ҳавас қилдим. Мен Ўзбекистонга яна келаман. 

Торбен Гродал (Дания):

- Самарқанддаги тарихий обидаларни кўриш учун оилам билан келган эдик. Бугун эса бу ерда фавворалар сайли ўтказилаётганининг устидан чиқиб,  шаҳардаги тадбирларда қатнашдик. Ҳар битта фаввора ўзига хос жозибага эга. Улардан таралаётган мусиқа ва қўшиқларни таржимасиз ҳам тушунса бўлади.

Менга фавворалар кечқурун яна ҳам чиройли кўриниши ва одамлар жуда гавжум бўлишини айтишди. Бугун Тошкентга кетишимиз керак эди. Аммо “Афросиёб” тез юрар поездига олган чиптамизни эртанги кунга алмаштирдик. 

Джон Легман (Буюк Британия):

- Ўзбекистонга биринчи марта келишим. Бундай удумлар, урф-одатлар борлиги мени қувонтирди. Самарқанднинг тоза ҳавоси, одамларнинг самимийлиги, меҳмондўстлиги менда шаҳарга нисбатан меҳр уйғотди.

“Диёра” меҳмонхонасидан чиқиб Регистонга бораётганимизда майдон яқинидаги фавворалар атрофида жуда кўп болаларни кўриб, улар билан рақсга тушдик. Барча чарчоқлар чиқиб кетди.

 

ФАКТ ВА РАҚАМЛАР 

Самарқанд вилоятида жами 47 та фаввора мавжуд. Уларнинг 8 таси нурли-мусиқали, 30 таси нурли, 9 таси оддий фавворалардир.

Фаввораларнинг 39 таси Самарқанд шаҳрида, 8 таси туманларда.

 1 май куни бўлиб ўтган “Фавворалар сайли”да вилоятдаги 13 та фаввора атрофида (Самарқанд шаҳрида 9 та, Пайариқ, Пастдарғом, Ургут, Нуробод туманлари) “Фавворалар сайли” ташкил этилди.

 “Фавворалар сайли”да 70 мингдан ортиқ киши иштирок этди.

 “Фавворалар сайли”ни ташкил этишда вилоят ҳокимлиги маданият ва спорт ишлари, ўрта махсус, касб-ҳунар, халқ таълими бошқармалари,  8 та олий ўқув юрти, шунингдек, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, шаҳар ва туман ҳокимликлари жалб этилди.

 “Фавворалар сайли” эрталаб соат 11.00 дан 18.00 гача мактабгача таълим муассасалари, мактаб, коллеж ва олий таълим муассасалари ўқувчилари учун, соат 18.00 дан 22.00 гача катта ёшдаги фуқаролар учун ташкил этилди.

 Фавворалар атрофи ободонлаштирилиб, байрамона безатилди, шиор ва банерлар ўрнатилиб, 100 нафардан ортиқ Республика ва вилоятдаги таниқли санъаткорлар, актёрлар, шоир ва ёзувчилар, Зулфияхоним қизлари, халқаро фан олимпиадалари, спорт мусобақалари, кўрик-танловлар ғолиблари ҳамда “Камолот” етакчилари томонидан тайёрланган саҳна кўринишлари намойиш этилди. 

Сайл томошаларига вилоятдаги 82 нафар меҳнат фахрийси, туманлардан 550 нафардан ортиқ ўқувчи-ёшлар учун махсус автобуслар ажратилиб, уларнинг иштироки таъминланди. 

Фавворалар атофларида ёшлик, она-Ватан, тинчлик-осойишталик, мустақилликни улуғловчи, шукроналик руҳидаги куй-қўшиқлар ижро этилди, шунингдек, шоир ва ёзувчилар, мутахассислар томонидан фаввораларнинг инсон саломатлиги, экологик мусаффоликка, кишилар кайфиятига таъсири, Самарқанд фавворалари тарихи хусусидаги илмий-ижодий чиқишлари ташкил этилди. 

Сайлларда 20 дан ортиқ бадиий жамоалар, 7 та оркестр, 5 та дуторчилар ва доирачилар ансамбли, 4 та театр жамоалари, 8 та мусиқа ва санъат йўналишидаги коллежлар, 24 та мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари ўз иқтидорларини намойиш этишди. 

Фавворалар атрофида 78 нафар рассом томонидан кўргазмалар ташкил этилиб, сайлга ташриф буюрган юртдошларимиз ва хорижлик меҳмонларнинг суратлари чизиб берилди.


Киритилган вақти: 04/05/2015 09:08.   Кўрилганлиги: 1208
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/samarqand-favvoralari-jilvasi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 1

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг