Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

САМАРҚАНД: ЕТТИ ИҚЛИМ МЎЪЖИЗАСИ

САМАРҚАНД: ЕТТИ ИҚЛИМ МЎЪЖИЗАСИ

Замин сайқали, Шарқ гавҳари, гўзал обидалар диёри, кўҳна ва навқирон шаҳар... Неча асрларки, Самарқанд ҳақида гап кетганда, унга ана шундай таърифу тавсифлар берилади. Зотан, бу бебаҳо замин серҳосил тупроғи, муқаддас қадамжолари, жаҳон тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломалари билан дунё эътиборини қозонган.

Айниқса, Мустақиллик йилларида бу қадим кент жаҳоннинг энг обод ҳамда муаззам шаҳарлари қаторидан жой олди. Бугунги кунда хорижлик сайёҳлар мазкур мафтункор гўша ҳақидаги таассуротларини завқ ва ҳайрат ила баён этарканлар, юқоридаги таърифлар қаторида яна бир эътирофни келтирадиган бўлдилар: Самарқанд - фавворалар шаҳри!

...Кекса мураббий Яхшинор Аллаёров ҳар тонгда Регистон майдони ҳамда унга туташ Университет хиёбонини айланишни хуш кўради. Бу ердаги анвойи гуллар, манзарали дарахтлар, тарихий обидалар билан уйғун равишда бунёд этилган муҳташам иншоотлар отахонда ўзгача кайфият уйғотади. Мусиқали фавворадан кўкка отилаётган биллур қатралар мумтоз наволаримизга ҳамоҳанг рақс тушаётгандек гўё.


Шу билан бирга, унинг камалакранг жилолари Яхшинор отанинг шуурида ўтмиш хотираларини гавдалантирса, не ажаб?..

- Ҳадемай, етмиш ёшга кираман, - дейди у. - Одамнинг ёши улғайгани сайин ортга назар ташлаб, хаёлан бугун билан ўтмишни таққослашга одатланиб қоларкан. Умримнинг айни баҳор палласи - ёшлигим шу шаҳарда ўтган. Бугун буюк бобокалонимиз Амир Темурнинг маҳобатли ҳайкалига, тарихнинг суронли даврларига гувоҳ бўлган обидаларга қараб, беихтиёр олдинги кўримсиз ва ғариб манзаралар хаёлимда жонланади. Мустабид тузум даврида пала-партиш қуриб ташланган кўримсиз уйлар, пасқам савдо дўконлари, файзсиз тор кўчалар... Боз устига, бу ердаги саноат корхоналари ҳамда улардан атроф-муҳитга чиқаётган бадбўй тутун... Бундай хунук ҳолат кишида нохуш таассурот қолдирарди. Нафақат халқимиз, балки бутун инсониятнинг бебаҳо мероси бўлган ноёб тарихий иншоотлар, табаррук зиёратгоҳлар оёқости қилинганини эсласам, ҳали ҳам этим увишиб кетади.


Хўш, энди-чи?! Ҳудуднинг бугунги тароватини ўша даврлардаги манзара билан бир қиёслаб кўринг! Ер билан осмонча фарқ бор. Истиқлол йилларида Президентимиз ташаббуси ва бевосита раҳнамолигида аждодларимизнинг буюк ўтмишидан гувоҳлик берувчи қадамжоларимиз тубдан таъмирланиб, ўзгача қиёфа касб этди. Бунёдкорлик ишлари кенг қулоч ёзди. Дунёнинг етти иқлимидан келтирилган камёб гул ҳамда дарахт кўчатлари атрофга бетакрор кўриниш бағишлади. Регистон майдони ва боғдаги турли фавворалар атрофида ўйнаётган болажонларнинг шодон кулгиси, ажиб гўзалликлардан ҳайратланиб, уни суратга муҳрлаётган хорижлик сайёҳларни кўриб, фахрланиб кетасан, киши. Қалбинг завқ-шавққа тўлади.

Чиндан ҳам, қарийб йигирма тўрт йиллик қисқа бир даврда Самарқанд шаҳри қиёфаси таниб бўлмас даражада ўзгарди. Замонавий технологиялар билан жиҳозланган корхоналар, муҳташам иншоотлар, тураржойлар, янги таълим ва шифо масканлари, спорт мажмуалари, меҳмонхоналар, магистраль ҳамда ҳалқа йўллар, кенг кўчалар, маҳобатли кўприклар, ям-яшил ва сўлим хиёбонлар, истироҳат боғларию бозорлар, фавворалар шаҳарга ўзгача фусункорлик бағишлади.


Қурилиш ҳамда таъмирлаш ишларида миллий меъморчилик анъаналари ва замонавий шаҳарсозликнинг энг юксак намуналари амалиётга изчил татбиқ этилаётгани диққатга сазовордир. Жумладан, Рудакий, Панжакент, Термиз, Даҳбед кўчалари, ҳазрати Дониёр зиёратгоҳи сингари кўплаб объектлар мазкур йўналишдаги ишларнинг ёрқин намойишидир. Биргина 2014 йилда Инвестиция дастури доирасида шаҳарда жами 9 та ижтимоий соҳа объекти реконструкция қилинди. Университет хиёбонини Садриддин Айний кўчаси билан боғловчи янги кўчада бир йўла 20 га яқин меҳмонхона, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуалари фойдаланишга топширилди. Шу билан бирга, шаҳарда ландшафт дизайни масаласига ҳам алоҳида аҳамият қаратилаяпти. Каштан, эман, арча, қайин, Қрим қарағайи каби атроф-муҳит мусаффолигини таъминловчи турфа дарахтлар ўтқазилди, гулзор ҳамда яшил майсазорлар ташкил қилинди.

- Ёзнинг жазирамасида ҳам мўътадил микроиқлим яратишда фаввораларнинг ўрни беқиёс, - дейди Самарқанд шаҳар ободонлаштириш департаменти раҳбари вазифасини бажарувчи Бобур Алиев. — Айни пайтда шаҳримизда 39 та ана шундай гидроиншоот ишлаб турибди. Айниқса, янгидан таъмирланган Руҳобод, Кўксарой, Регистон, Амир Темур, Университет хиёбонидаги, темир йўл вокзалидаги гўзал фавворалар ҳудуд чиройига чирой қўшиб, ҳавосига мусаффолик бахш этмоқда. Кечки пайт бу жойлар янада гавжумлашади. Кексаю ёш сайр қилиб, ширин суҳбатлар қуради, мириқиб ҳордиқ чиқаради. Бу, албатта, юртимиздаги тинчлик ва осойишталик туфайлидир.


Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Самарқанд замонавий ишлаб чиқариш инфратузилмасига эга марказлардан бирига айланиб бораяпти. Ҳозирги кунда бу ерда 1069 та саноат корхонаси барқарор фаолият кўрсатаётир. Шундан 134 таси хорижлик ҳамкорлар билан ташкил этилгани юртимизга чет эллик сармоядорлар катта қизиқиш билдираётганининг яна бир ёрқин тасдиғидир.

- Тадбиркорларимиз қўшни давлатлардан ташқари, Германия, Франция, Финляндия, Польша каби йигирмадан ортиқ мамлакатларга ўз маҳсулотларини экспорт қилишмоқда, - дейди Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг иқтисодиёт бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Мадина Жўрақулова. - Маҳаллийлаштириш дастурининг изчил амалга оширилиши туфайли импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар нафақат ички бозорларимизни тўлдирмоқда, балки хорижга ҳам сотилмоқда.


Бой тарихга эга бўлган бу азим шаҳар ўзининг улуғвор меъморий ёдгорликлари, мовий гумбазлари, бетакрор шарқона қиёфаси билан азалдан дунёда донг таратган. Шу боис ҳар йили бу ерга жаҳоннинг юздан зиёд давлатларидан миллионлаб сайёҳлар ташриф буюради. Халқаро доираларда тан олинган ва катта нуфузга эга бўлган “Хаффингтон пост” интернет нашри томонидан Самарқанд инсон ўз умри давомида ҳеч бўлмаганда бир маротаба бориб кўриши албатта зарур бўлган дунёдаги 50 та шаҳарнинг бири сифатида эътироф этилгани нафақат самарқандликлар, балки барча юртдошларимизга чексиз ғурур ҳамда ифтихор ҳиссини бағишлайди.

- Меҳнат таътилига чиққанимда, дўстларим Самарқандга саёҳат қилишимни маслаҳат беришди, - дейди бельгиялик тадбиркор Дуонге Болкайен. - Тарих ва замонавийлик ажиб тарзда уйғунлашиб кетган бу гўзал шаҳарни томоша қилиб, улар бежиз тавсия этмаганига амин бўлдим. Ҳар бир қадимий иншоот юртингиз ўтмиши нечоғли буюклигидан далолат берса, янги, муҳташам бинолар мамлакатнинг бугунги салоҳиятини ифодалайди. Бу заминда пишиб етилган ширин-шакар меваларни дунёнинг бошқа жойида учратиш қийин. Айниқса, Самарқанд нонларини айтмайсизми?! Бирам хушбўй, бирам тотли, бирам тўйимли. Одамларингизнинг ширинсўзлиги, меҳнатсеварлиги, самимийлиги ҳавасимни келтирди. Энг муҳими, юртингизда тинчлик-осойишталик барқарор. Мамлакат тараққиётига, шаҳару қишлоқлар ободлигига ҳамма бирдек ҳисса қўшаётгани ҳам таҳсинга лойиқ. Эҳтимол, ана шу омиллар боис кўнглимда “Ўзбекистонга, Самарқандга яна кўп бор келаман”, деган ният туғилди. Бу заминда кўрганларимни яқинларимга ҳам сўзлаб бераман. Шубҳасиз, уларда ҳам Ўзбекистонда меҳмон бўлиш истаги уйғонади.


Аслида, Самарқанддек улуғ ва азим шаҳар ҳақидаги фикрларни, бу ердаги бугунги бунёдкорлик жараёни, тараққиёт суръатларини бир мақолага жамлашнинг имкони йўқ. Президентимиз таъбири билан айтганда, бу дилбар шаҳар ҳар қандай инсонни ўзига мафтун этади. Уни бир бор кўрган одам ҳеч қачон эсидан чиқармайди.

Мана шу таърифнинг ўзиёқ Самарқандга берилган энг муносиб баҳодир.

Мамадиёр Зиёдинов, Тангир Сатторов.
www.xs.uz


Охирги ўзгариш: 06/08/2015 19:51.   Кўрилганлиги: 2214
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/samarqand-etti-iqlim-mojizasi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 6

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.