
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва “Эко-энергия” илмий-татбиқий маркази томонидан Самарқанд вилояти бўйлаб экологик медиатур ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 27 майдаги “2013-2017 йилларда Ўзбекистон Республикасида атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ҳаракатлар дастури тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган тадбир иштирокчилари вилоятда муқобил энергия воситаларидан фойдаланиш, қайта тикланувчан энергия манбаларини ҳаётга татбиқ этиш орқали атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Дастлаб, Самарқанд вилояти табиатни муҳофаза қилиш қўмитасида экологик тоза технологияларни амалда ривожлантириш ва жорий қилиш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни таъминлаш, табиат манбаларидан мақсадга мувофиқ фойдаланишни ўрганиш масалаларига бағишланган семинар-тренинг ўтказилди.
Вилоятдаги давлат ва жамоат ташкилотлари, тадбиркор ва фермерлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарлари иштирок этган тадбирда “Эко-энергия” илмий-татбиқий маркази, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мутахассислари юртимизда муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида яратилган қонунчилик, бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
– Жаҳон миқёсида углеводород хомашёси захиралари камайиб бораётган бугунги кунда иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши ва рақобатбардошлигини ошириш, аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондиришда муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш энг самарали йўлдир, – дейди “Эко-энергия” илмий-татбиқий маркази директори Зокир Раҳимов. – Бу борада мамлакатимизда тегишли давлат дастурлари асосида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Президентимизнинг бир қатор фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатларида мазкур йўналишдаги вазифалар белгиланиб, босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 1 мартдаги “Муқобил энергия манбаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, Ўзбекистон шароитида муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш борасидаги айрим ечимларни амалда қўллаш, мазкур соҳа учун замонавий ускуна ва технологияларни мамлакатимизда ишлаб чиқаришга киришилди. Ушбу вазифаларни бажаришда мазкур марказимиз ҳам фаол иштирок этмоқда. Марказимиз томонидан Самарқанд вилоятидаги бир қатор соғлиқни сақлаш ва таълим муассасалари, адлия идоралари, суғурта компанияларига муқобил энергия манбалари ўрнатилди.
Семинар-тренинг давомида мазкур соҳадаги меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишда фуқаролик жамияти институтларини жалб этиш бўйича фикр алмашилди.
Медиатур қатнашчилари вилоятдаги суғурта компаниялари, тиббиёт муассасалари ва бошқа ташкилотларда ўрнатилган қуёш фотоэлектр станциялари ва улардан фойдаланиш жараёнлари билан яқиндан танишди. Шунингдек, ушбу масалада “Эко-энергия” илмий-татбиқий марказига мурожаат қилган субъектлар жойлашган бинолар, уларнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи ўрганилди.
Ғ.Ҳасанов
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 3
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.