Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Самарқанд автомобиль заводида ўттиз мингинчи автомобиль – SAZ HC45 маркали автобус ишлаб чиқарилди

Самарқанд автомобиль заводида ўттиз мингинчи автомобиль – SAZ HC45 маркали автобус ишлаб чиқарилди

Шу муносабат билан корхонада ўтказилган тантанали маросимда “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти, Япониянинг ISUZU Motors компанияси ва Itochu корпорацияси вакиллари,

завод жамоаси ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. 

Тадбирда мамлакатимизда автомобилсозликни ривожлантириш, мазкур йўналишда миллий маҳсулотлар ишлаб чиқариш борасида амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар юксак самаралар бераётгани таъкидланди. Айни пайтда юртимизда ишлаб чиқарилаётган енгил ва юк автомобиллари, автобуслар ички эҳтиёждан ташқари хорижий давлатларга ҳам экспорт қилинмоқда. Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида юртимиз автосаноати фаолияти такомиллаштирилиб, бир қатор янги лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилаётир. Самарқанд автомобиль заводида 2006 йилдан буён Япониянинг дунёга машҳур ISUZU Motors компанияси ва Itochu корпорацияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилаётган автомобилларга бугун нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам талаб ортмоқда. 
– Япониялик ҳамкорлар билан бирга заводда “ISUZU” шассиси асосида ҳаракатланувчи икки турдаги автобус ва уч турдаги юк автомобиллари ишлаб чиқаришни йўлга қўйган эдик, – дейди “Ўзавтосаноат” АЖ раиси ўринбосари А.Мусаев. – Ўзаро ишонч ва тенг манфаатли шерикликка асосланган ҳамкорлигимиз натижасида маҳсулот тури ва сифат кўрсаткичлари йилдан-йилга ошиб борди. Шу боис айни пайтда Самарқанд автомобиль заводида 5 турдаги замонавий автобус, 7 турдаги юк ва махсус атвомобиллар ҳамда улар учун 30 дан ортиқ турдаги кузовлар ишлаб чиқарилмоқда. Бу транспорт воситалари бугун халқаро бозорда сифатли ва рақобатбардош даражасига етди. Энг муҳими, ўтган даврда самарқандлик автомобилсозлар миллий маҳсулот – LE60 паст шассели шаҳар автобусини яратиш ва уни кенг кўламда ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. 

Бугунги кунда завод маҳсулотларининг моделлари қаторига М3 туркумининг I ва II тоифали автобуслари, жумладан, ўрта тоифадаги паст тубли шаҳар автобуси, N сериясига кирувчи (юк кўтариш қобилияти 5000 килограммгача бўлган N2 тоифали) ва F сериясига кирувчи (юк кўтариш қобилияти 9000 килограммгача бўлган N3 тоифали) юк ташиш ва махсус автомобиллар ишлаб чиқариш ва ўрнатилиши мумкин бўлган 30 дан ортиқ кузовларни ўз ичига олган автомобиллар киради. Самарқанд автомобиль заводи ISO 9001, ISO 14001, OHSAS 18001 стандартларига жавоб берувчи халқаро сертификатларга эга. Яна бир эътиборли жиҳати, 2011 йилдан бошлаб заводда сиқилган табиий газда ишловчи двигателлар ўрнатилган автомобиллар ишлаб чиқарилмоқда. Бу дунё миқёсида табиий газни автомобиль ёқилғиси сифатида ишлатиш тенденцияси тобора кучайиб бораётган бир пайтда мамлакатимиз автосаноатининг замон билан ҳамқадам тараққий этаётганидан далолатдир. Заводнинг 30 мингинчи автомобили – SAZ HC45 маркали автобус ҳам сиқилган табиий газда ҳаракатланади ва у ўзбек конструктор-инженерлари томонидан яратилган моделдир. Автомобилнинг тақдимот маросимида “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти, ISUZU Motors ва Itochu Corporation компаниялари вакиллари сўзга чиқиб, маҳсулотнинг юқори технологик кўрсаткичлари ва замонавий дизайнини алоҳида таъкидлади. 

– Самарқандлик автомобилсозлар билан ҳамкорликда фаолият олиб бораётганимизга кўп вақт бўлмаган бўлса-да, қисқа даврда нафақат бизнес ҳамкор, балки бир жамоа сифатида Ўзбекистон автосаноатида ўз муносиб ўрнимизга эга бўлдик, – дейди ISUZU Motors компанияси вакили Года Казуо. – Шу сабабли бундан икки йил аввал – 2015 йил февраль ойида заводнинг 20 минггинчи автомобили чиқарилишини биргаликда нишонлаган бўлсак, бугун ҳамкорлигимиз маҳсули бўлган 30 минггинчи автомашинага гувоҳ бўлиб турибмиз. Келгусида 50, 100 минггинчи автомобиллар чиқарилишини ҳам ана шундай тантана қилишни истаймиз ва бу борада ўзбекистонлик ҳамкасбларимизга муваффақиятлар тилаймиз. Тақдимот маросими доирасида меҳмонлар заводдаги ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди ҳамда янги автобусларнинг тест-драйв кўригида қатнашди. 


Охирги ўзгариш: 27/11/2017 17:44.   Кўрилганлиги: 699
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/samarqand-avtomobil-zavodida-ottiz-minginchi-avtomobil-saz-hc45-markali-avtobus-ishlab-chiqarildi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 14

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг