Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

РЕГИСТОНДА КУЙЛАШ БАХТИ

РЕГИСТОНДА КУЙЛАШ БАХТИ

“Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали бу йил ўнинчи бор ўтказилади. Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган ушбу мусиқа анжумани санъат ва маданиятни ривожлантириш, турли миллат ва элатларни санъат воситасида бирлаштириш, тинчлик ва дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилиб келмоқда. Фестивалнинг маънавий руҳи ва нуфузи санъаткорларга илҳом бағишламоқда, уларнинг ижодини янада ривожлантирмоқда. 

 

ЎзА мухбирлари аввалги фестивалларда иштирок этган хорижлик санъаткорлар билан интернет орқали боғланиб, уларнинг фикрлари билан қизиқди.

 

Рашми Агарвал, “Sufi music” гуруҳи раҳбари, “Шарқ тароналари” IX халқаро мусиқа фестивалининг Гран-при соҳиби (Ҳиндистон):

– “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида ҳар бир халқ ўз миллий мусиқасининг энг юксак намуналарини тақдим этган ҳолда олий мукофот учун курашиш мақсадида иштирок этади. 2013 йилда шундай нуфузли халқаро танловда совриндор бўлганимиздан ва юртимизга ёруғ юз билан қайтганимиздан беҳад шодланганмиз.

Фестиваль давомида гўзал Ўзбекистондан олган таассуротларимизни сўз билан таърифлаш қийин. Халқингизнинг маданияти ва санъатсеварлигини кўриб, мамлакатингизда “Шарқ тароналари” фестивалининг ташкил этилиши бежиз эмаслиги ва унинг нуфузи ортиб бораётгани боисини англаганмиз. Ўзбекистон халқи бой ўтмиши, бетакрор меҳмондўстлиги, неча асрлар давомида сайқал топган ранг-баранг қадрият ва анъаналари, дунёни ҳайратга солиб келаётган ноёб меъморчилик санъати ва ўзига хос миллий таомлари билан ҳар қанча фахрланса арзийди.

Гуруҳимиз билан Ўзбекистонда ўтган кунларни тез-тез ёдга оламиз, соғинамиз. Қалбимизда мамлакатингизга бўлган илиқ туйғулар жўш урмоқда. Самарқанддаги мўъжизавий Регистон майдонида қўшиқ куйлаш ҳар қандай санъаткорнинг орзусидир. Бизга ана шундай улкан бахт ва шарафли онлар насиб этганидан ғоят мамнунмиз.

Фурсатдан фойдаланиб, шундай гўзал ва бетакрор фестивални ташкил этиш ташаббускори – Ўзбекистон Президентига, тадбир ташкилотчиларига яна бир бор миннатдорлик изҳор этамиз. Етти иқлимга машҳур Регистоннинг гўзал саҳнасида яна қўшиқ ижро этиш бизнинг доимий орзудир.

 

Жунг Михо, “Sorihyun Gayageum Byungchangdan” гуруҳи хонандаси (Жанубий Корея):

– Жамоамиз билан икки йил аввал ушбу оламшумул маданий тадбирда иштирок этиш имконига эга бўлганимиздан фахрланамиз. Зотан, дунёнинг таниқли санъат намояндалари билан бир саҳнада қўшиқ куйлаш, улар билан беллашиш биз учун улкан шарафдир. Гуруҳимиз билан фестивалга пухта тайёргарлик кўриб, махсус дастур тайёрладик ва уни санъат ихлосмандлари эътиборига ҳавола қилдик. Қўшиқларимиз кўпчиликка манзур бўлди.

Бошқа фестиваллардан фарқли ўлароқ “Шарқ тароналари” бетакрорлиги билан ҳам бизга жуда ёқади. Эътиборлиси, бу фестивалда иштирок этадиган юзлаб қатнашчи учун юксак савиядаги шарт-шароит яратиб берилади. Ўзбекистон раҳбарияти дунё санъаткорларига бу қадар юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатаётгани бизни руҳлантиради, халқингизга, Президентингизга меҳримизни тобора оширади.

Самарқанд кўчаларида сайр қилиб, одамлар билан эркин мулоқот қилиб, мамлакатингиз ёшлари хорижий тиллар, хусусан, инглиз тилида эркин сўзлаша олишига гувоҳ бўлдик. Одамларингиз юз-кўзидаги қувонч улар яшаётган юртнинг ободлигидан, ҳаётининг фаровонлигидан нишонадир.

“Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида қатнашиш асносида ўзбекистонлик ёш санъаткорлар ижросини томоша қилиб, жуда таъсирландик. Мамлакатингизда санъат соҳасидаги таълимни ривожлантириш, ёш санъаткорларни қўллаб-қувватлаш, иқтидор эгаларини кашф қилиш ва уларни ҳар томонлама рағбатлантиришга катта эътибор қаратилаётганига гувоҳ бўлдик. Бундай қулай шарт-шароитга эга Ўзбекистон ёшларига чин дилдан ҳавасимиз келди.

Жанубий Корея билан Ўзбекистон ўртасида ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган мустаҳкам ҳамкорлик ва дўстлик ришталари қарор топган. Мамлакатларимиз маданият ва санъат йўналишларида ҳам фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалидек ноёб ва нуфузли маданий анжуманда Жанубий кореялик санъаткорлар мунтазам иштирок этаётгани бунинг ёрқин далилидир.

 

ЎзА


Охирги ўзгариш: 10/07/2015 22:21.   Кўрилганлиги: 532
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/registonda-kuylash-baxti

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 12

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг