Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

РЕГИСТОНДА ДУНЁ ТАРОНАЛАРИ ЯНГРАЙДИ

РЕГИСТОНДА ДУНЁ ТАРОНАЛАРИ ЯНГРАЙДИ

Бу йил Самарқандда “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ўнинчи бор ўтказилади. 

Президентимизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида халқимиз ҳаётида мусиқанинг азалдан беқиёс аҳамият касб этгани, мусиқа садолари қайси халқ ёки миллат вакили томонидан ижро этилмасин, энг эзгу, юксак ва нозик инсоний кечинмаларни ифода этиши таъкидланган. Халқимизнинг бир неча минг йиллик тарихининг турли даврларида ушбу маданият ўзига хос жозиба ва салоҳият билан намоён бўлганини кўришимиз мумкин.

Жумладан, машҳур тарихчи Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” китобида Амир Темур даврида дунёнинг турли нуқталаридан келган санъаткорлар иштирокида мусиқий анжуманлар ўтказилгани баён этилади: “Яхши овозли хонандалар куйлашни бошлаб, ғазалу нақш айтур эрдилар. Ва турку мўғул, хитойу араб ва ажамдин ҳар ким ўз расми билан нағма айтур эрди”.

Президентимиз ташаббуси билан Самарқандда “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ташкил этилгани ва ЮНЕСКО ташкилоти шафелигида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётгани халқимизнинг бой миллий маданияти, буюк давлатчилик тарихи билан боғлиқ. Бутун дунё санъат ва маданият аҳли, халқаро ташкилотларнинг бу эътирофини “Шарқ тароналари” тўққизинчи халқаро мусиқа фестивалининг расмий очилиш маросимида қатнашган ЮНЕСКО Бош директори Ирина Бокова алоҳида қайд этган эди: “Минг йиллар давомида ер юзининг турли ўлкаларидан одамлар бутун дунё таниган буюк астроном Улуғбек заковатининг маҳсули бўлмиш илм-фан, фалсафа, диншунослик, астрономия ва адабиёт сирларини ўрганиш мақсадида Самарқандга келганлар. Улар бу ерга илм олиш, мусиқа, рақс ва мингйиллик урф-одатларни ўрганиш учун келишган ва бугун биз ҳам ана шу қадимий анъаналарни давом эттирмоқдамиз. Глобаллашаётган дунёда инсонларни бирлаштириш учун бизга катта восита керак. Мусиқа шу воситаларнинг биридир. Бу шундай кучки, барча чегаралардан ошиб, юракларга жо бўлади – ҳар биримизга турлича таъсир этиб, ягона бир оила сифатида бирлаштиради”.

Дарҳақиқат, 1997 йилдан буён ҳар икки йилда мунтазам ўтказиб келинаётган мазкур санъат анжумани дунё халқларининг миллий мусиқа ва қўшиқчилиги анъаналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, тили, маданияти, урф-одатлари турлича бўлган миллат ва элатларни санъат воситасида бирлаштириш ҳамда уларни гўзаллик, нафосат ва эзгуликка даъват этишга хизмат қилаётир. Буни фестивалда ер юзининг барча қитъаларидан вакиллар қатнашаётгани ва уларнинг сафи йил сайин кенгайиб бораётганида ҳам кўриш мумкин.

Хусусан, биринчи “Шарқ тароналари”да 31 мамлакат вакиллари Регистон майдонидаги саҳнада ўз миллий санъатини намойиш этган бўлса, 2013 йилдаги тўққизинчи фестивалда 56 давлатдан мусиқа ва санъат намояндалари қатнашди. Умуман, шу пайтга қадар дунёнинг тўқсонга яқин давлатидан хонанда ва созандалар, бадиий жамоа ва ансамбллар, мусиқашунос олимлар фестиваль иштирокчиси бўлди.

 

Айни пайтда юртимизда, жумладан, Самарқандда Ватанимиз мустақиллигининг йигирма тўрт йиллиги арафасида ўтказиладиган “Шарқ тароналари” ўнинчи халқаро мусиқа фестивалига тайёргарлик бошланди. Фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича вилоят ҳокимлиги ишчи гуруҳи таркиби ва тадбирлар режаси тасдиқланди.

– Бу йил ўнинчи бор ташкил этилаётган фестивални ҳар қачонгидан ҳам юқори савияда ва уюшқоқлик билан ўтказиш юзасидан республика ташкилий қўмитаси ҳамда вилоят ишчи гуруҳи томонидан зарур чора-тадбирлар белгиланди, – дейди Самарқанд вилояти маданият ва спорт ишлари бошқармаси бошлиғи, вилоят ишчи гуруҳи аъзоси Камолиддин Мизомов. – Шаҳарни фестиваль руҳига мос безатиш, меҳмонхоналарни тайёрлаш, Регистон майдонида асосий саҳна ва томошабинлар учун ўриндиқлар ўрнатиш, “Сўғдиёна”, “Ёшлик” истироҳат боғлари, “Мўъжиза” амфитеатрида таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларига киришилди.

Тадбирнинг тантанали очилиш маросими оммавий саҳналарида иштирок этадиган қатнашчилар, фольклор жамоалар сараланмоқда. Фестиваль қатнашчилари жойлашадиган меҳмонхоналар, Регистон майдонидаги Улуғбек мадрасасида ҳамда музейларда “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали тарихига оид фотосуратлар, миллий мусиқа асбоблари, тарихий либослар, тасвирий ва амалий санъат асарлари, миллий ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмалари ташкил этиш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.

Фестиваль қатнашчиларининг туман ва шаҳарлардаги истироҳат боғлари, мусиқа ва санъат мактабларида ўз дастурларини намойиш этиши, ёш ижодкорлар иштирокида маҳорат машғулотлари ўтиши учун зарур шароитлар яратиш чоралари кўрилмоқда.

Фестиваль иштирокчилари ва меҳмонларини кутиб олиш ва меҳмонхоналарга жойлаштириш, уларга юқори сифатли замонавий сервис хизмати кўрсатиш, гид-экскурсовод ва таржимонлар тайёрлаш, вилоят бўйлаб саёҳатлар ташкил этиш каби муҳим масалалар юзасидан аниқ вазифалар ва уларни амалга оширувчи масъуллар белгиланган. Айни пайтда мутасадди идоралар томонидан дастлабки юмушлар бошлаб юборилди.

– Аввалги фестивалларда ҳам Регистон майдонида ҳунармандлар маҳсулотлари кўргазмасини ташкил этган эдик, – дейди “Ҳунарманд” уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими раҳбари Акобир Ҳакимов. – Лекин бу гал бир нечта жойда, жумладан, меҳмонхоналар, Тошкент кўчаси ва Руҳобод майдонидаги “Ҳунармандлар маркази”да айнан Шарқ миллий мусиқа ва санъатига оид ҳунармандлик буюмлари, чолғу асбоблари намойишини ўтказишни режалаштирганмиз. Мусиқа асбоблари ясаш билан шуғулланувчи сулолалар вакиллари иштирокида учрашувлар, ёш ҳунармандлар учун маҳорат машғулотлари ташкил этилади.

Ҳамиша дунё эътиборида бўлиб келган Самарқанд бугун яна бир нуфузли тадбирга қизғин ҳозирлик кўрмоқда. Бу – жаҳон аҳлини мусиқа ва қўшиқ сеҳри билан бир-бирига яқинлаштирувчи, дилларни дилларга таржимонсиз боғловчи, инсониятни фақат эзгуликка чорловчи “Шарқ тароналари”дир.

Ғолиб Ҳасанов


Охирги ўзгариш: 20/05/2015 21:45.   Кўрилганлиги: 1469
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/registonda-dunyo-taronalari-yangraydi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 7

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.