Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Регистон майдони

Регистон майдони

Шарқ миллий меъморчилигининг нодир намунаси

Мирзо Улуғбек мадрасасида Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгаши, вилоят ҳокимлиги ҳамда Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ҳамкорлигида ўтказилган конференцияда Регистон ансамблининг бугунги шуҳрати, унинг дунё аҳли эътиборини тортаётган ўзига хос хусусиятлари ҳақида сўз борди.

Анжуманда Хитой миллий тасвирий санъат академияси мутасаддилари, Буюк Ипак йўлида жойлашган мамлакатлар маданиятини ўрганаётган Чин юрти тадқиқотчилари ҳамда самарқандлик меъморшунос олимлар иштирок этишди. Регистон майдони директори Б.Маруфий, СамДАҚИ профессори А.Уролов, катта илмий ходим, изланувчилар С.Маноев, Л.Раҳимов мажмуа ёдгорликлари ёзувларининг маъноси, меъморий ансамбллар ҳақида тушунча ва уларнинг турлари, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг Ҳиндистонда бунёд эттирган масжидлар қурилишида Регистон услубининг қўлланилиши мавзуларида маъруза қилдилар.

– Регистон деган сўз форс тилидан олинган бўлиб, «қумли жой» деган маънони билдирар экан, – дейди Хитой тасвирий санъат академияси вице-президенти Занг Юуиминг. – Маърузалардан аён бўлишича, Амир Темур ҳукмронлиги пайтда Регистон майдони ўрнида марказий бозор бўлгани ва ўша даврдаёқ Самарқанд жаҳонга машҳур илму фан ва ҳунармандчилик маркази сифатида танилган. Бу заминга етти иқлимдан донишмандлар, олиму фузалолар келиб Мирзо Улуғбек атрофига тўпланишган. Сон-саноқсиз зиёратчилар шаҳарни томоша қилиш билан бирга, машҳур Самарқанд қоғозини ва бошқа кўплаб турли ноёб ҳунармандчилик маҳсулотларини харид қилганлар. Барча йўллар шаҳарнинг савдо-ҳунармандчилик маркази ҳисобланган Регистонда туташган.

Мирзо Улуғбек ҳукмронлиги даврида майдонда қайтадан режалаштириш ишлари амалга оширилиб, майдоннинг Ғарбий қисмида дастлабки бино ҳисобланган Улуғбек мадрасаси қурилган. Ансамбль биноларини қайта тиклашни ўз олдига мақсад қилган Самарқанд ҳукмдори Ялангтуш Баҳодир XVII асрда Шердор ва Тиллакори мадрасаларини қуриб, Регистон майдони шуҳратини янада оширибди ва гўзаллаштирибди.

Ушбу қадим шаҳарни томоша қилар эканмиз, Самарқанд ҳамиша дилларни мафтун этувчи ажойиб ёдгорликлари билан дунё нигоҳида туриши, бу ердаги меъморий мажмуаларнинг ҳар бири бебаҳо тарихий аҳамияти билан ўзбек маданиятининг ёрқин саҳифасини ташкил этиши, айниқса, Регистон ансамбли ўзининг такрорланмас гўзаллиги ва мустаҳкамлиги билан асрлар мобайнида кўплаб сайёҳларни ҳайратга солишда давом этишини ҳис қилдик.


Киритилган вақти: 11/11/2016 17:07.   Кўрилганлиги: 1428
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/registon2016

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 11

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.