Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Қишда ҳам ёздагидек мўл-кўлчилик

Қишда ҳам ёздагидек мўл-кўлчилик

Самарқанд туманида “Музлаткич омборларида мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш: бугунги ҳолат ва соҳани ривожлантириш истиқболлари” мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) нинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси томонидан “Қишлоқ хўжалигида қиймат занжирини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбирда юртимизнинг барча ҳудудларидан мева-сабзавот етиштирувчи, уларни сақлайдиган ва қайта ишлайдиган фермерлар, тадбиркорлар, экспортёрлар, транспорт хизмати кўрсатувчилар ва савдо тармоқлари вакиллари иштирок этди.

Семинарда мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида боғдорчилик, мева-сабзавотчилик ва узумчиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Соҳага замонавий илғор технологиялар жорий этилаётгани ҳосилдорликнинг ошиши ва халқаро стандартларга мос маҳсулот ишлаб чиқаришга хизмат қилмоқда.

Мамлакатимиз мева-сабзавот маҳсулотлари етиштиришда улкан салоҳиятга эга. Чунончи, Ўзбекистон 2014 йилда ўрик етиштириш бўйича жаҳонда биринчи ўринни, 2016 йилда гилос етиштириш бўйича бешинчи ва олма етиштириш бўйича 17-ўринни эгаллади. Ўтган йили мамлакатимиз 43 давлатга 818 минг тонна ҳўл ва қуритилган мева, сабзавот экспорт қилди. Жорий йилда бу кўрсаткич 1 миллион 270 минг тоннага етиши кутилмоқда. Маҳсулотларнинг асосий қисми Россия, Қозоғистон ҳамда Европа ва Осиё мамлакатларига экспорт қилинмоқда.

– Мева-сабзавот, узум маҳсулотлари етиштиришдаги жадал ўсиш юртимизда музлаткич омборлари тармоғининг кенгайишига ҳам туртки берди, – дейди АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) лойиҳаси мутахассиси М.Исомиддинов. – 2011 йилгача мамлакатимизда 60 минг тоннага яқин маҳсулот шундай омборхоналарда сақланган бўлса, бугунга келиб бу миқдор 1 миллион 150 минг тоннага етди. Дунёда музлаткичлар ривожини кузатиш ва ривожлантириш ташкилотининг 2016 йилги ҳисоботига кўра, Ўзбекистон музлаткичлар қуввати бўйича етакчи 20 таликдан ўрин олди. Бозор ривожланиш индексида эса мамлакатимиз дунё бўйича энг юқори кўрсаткич (219 фоиз) ни қайд этган. Бугунги кунда ушбу соҳада жадал иш олиб борилаётган Шимолий Африка, Хитой ва Туркияда ҳам бу кўрсаткич 30 фоиздан ошмаган.

Семинарда лойиҳа мутахассислари томонидан мева-сабзавот маҳсулотларини сифатли сақлаш, саралаш, қадоқлаш ва ташишда кенг қўлланилаётган усуллар, экспорт тартиб-қоидалари ҳақида батафсил маълумот берилди. Турли тақдимотлар ўтказилди. Ўз навбатида, иштирокчилар маҳсулотни сақлаш ва экспортга чиқариш билан боғлиқ масалалар юзасидан тажриба алмашди, ҳамкорликда ишлаш бўйича таклифлар билдирилди.

– Юртимизда мева-сабзавот маҳсулотларини сақлашга мўлжалланган музлаткичлар ташкил этиш учун яратилган имконият ва имтиёзлардан фойдаланиб, 2012 йилда 600 тонналик сиғимга эга омбор ташкил этганмиз, – дейди Бухоро вилояти Жондор туманидаги “Ширин” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Расул Ширинов. – Бу ерда ўзимиз захирага маҳсулот жамғарамиз, шунингдек, ҳудуддаги фермер ва томорқачилар етиштирган мева-сабзавотларни сақлаймиз. Корхонамиз томонидан бу йил 60 тонна узум, 40 тонна олма ва бошқа маҳсулотлар жамғарилди. Ҳозиргача Россияга 40 тонна узум экспорт қилдик. Бугунги семинарда фаолиятимизни янада ривожлантириш борасида кўплаб фойдали маълумотларга эга бўлдим, экспортни кенгайтириш бўйича ҳамкорликда ишлашга келишиб олдик.

Семинар қатнашчилари Самарқанд туманидаги бир неча музлаткичлар фаолияти билан танишди.

F.ҲАСАНОВ.


Охирги ўзгариш: 13/12/2017 19:31.   Кўрилганлиги: 302
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/qishda-ham-yozdagidek-mol-kolchilik

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 13

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг