
"Букрини гўр тўғрилайди"... Бу мақол қулоққа бироз қўпол эшитилса-да бобо ва момоларимиз томонидан роса топиб айтилган. Айниқса, хато қилавериб, тўғри йўлни танлаш ўрнига қинғир ишларни одат қилган кимсанинг қилмишларига нисбатан айни шу мақолни қўлласак бўлади.
Бобошер Алишеров (исм-фамилия ўзгартирилган) мана қирқ ёшдан ошса ҳамки, бировларни алдаш, товламачилик қилиб, чўнтагини пуч ёнғоққа тўлдириб кетишни асло канда қилмайди. Гўё бундай хатти-ҳаракат унга ота касб бўлиб қолгандек, қинғир ишга “меҳри” бошқача. Унинг икки марта ғайриқонуний ҳаракати туфайли суднинг қора курсисига ўтирмаганида эди бу гапларни айтмаган бўлардик.
“Қаҳрамонимиз” 2014 йил жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман судида, 2017 йил жиноят ишлари бўйича Иштихон туман судида шундай қинғир ишлари учун жавоб берган эди. Буни қарангки, инсонпарварлик устувор бўлган қонунларимизга мувофиқ унга нисбатан кейинчалик судларнинг ҳукмлари билан енгилликлар ҳам берилган. Бундай инсонпарварлик, кечиримлиликка эса Бобошер Алишеровнинг “тоқати” йўқ, хулоса ҳам чиқармайди. Бу сафар ҳам унинг устакорлиги тутиб, Саройқўрғон маҳалласида яшовчи она-бола Ойтўти Исмоилова ва унинг ўғли Нодирбек Исмоиловларни чув туширди.
Хуллас, биз тилга олган икки фуқаронинг электр энергиясидан маълум миқдорда қарзи бор эди. Аниқроғи, Мажбурий ижро бюроси Каттақўрғон туман бўлими ходимлари томонидан уларга нисбатан маъмурий жарима жазоси қўлланилганди. Жаримадан осонгина қутулиш учун нажоткор кутиб турган эканми, Бобошерга дуч келиб қолишди. Она-болага Бобошер ўзини Каттақўрғон тумани электр таъминоти корхонасида ишлашини айтиб, ишончини қозонади ва МИБ туман бўлими ходимлари томонидан уларга нисбатан қўлланилган маъмурий жарима жазосини йўқ қилиб беришини айтади. Буни уларнинг яшаш уйига ўрнатилган электр ҳисоблагич мосламасини алмаштириб бериш ва уни ягона базага улаб бериш орқали амалга оширишини ҳам тушунтиради. Сарф-харажатлар учун 1 миллион сўм зарур бўлишини айтиб, пулни қўлга киритади. Маълум вақт ўтиб Бобошер Ойтўти опаникига келиб, олган пулининг 100.000 сўмига харид қилган "СЕ-101" русумли 106313221 рақамли электр ҳисоблагич мосламасини ўрнатиб бериб, жуфтакни ростлайди. Ойтўти опа эса ўрнатилган электр ҳисоблагич мосламаси ягона базага уланмагани, Бобошер қолган 900.000 сўм пулни ўзининг эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганини анча кейин билади...
“Хожатбарор” Бобошер Алишеровнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари фош этилди. У яна бир бор қилмишига яраша жазога тортиладиган бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 7
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.