Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ҚАЛБЛАРНИ ТУТАШТИРГАН НАВОЛАР

ҚАЛБЛАРНИ ТУТАШТИРГАН НАВОЛАР

Самарқанд шаҳрида “Шарқ тароналари” ўнинчи халқаро мусиқа фестивали якунланди. Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали бу йил ўнинчи бор ўтказилди. 

Қарийб бир ҳафта давомида муаззам Регистон майдонида, “Ниҳол” амфитеатри, “Ёшлик”, “Сўғдиёна”, “Шаббода” истироҳат боғлари, Самарқанд, Оқдарё, Жомбой ва Тайлоқ туманларида янграган куй-қўшиқлар мухлислар қалбидан чуқур жой олди.

Довруғи аллақачон оламга ёйилиб улгурган, санъат оламида юксак мавқега эга ушбу нуфузли анжуманнинг айнан Самарқанд шаҳрида ўтказилиши бежиз эмас. Зеро, Самарқанд азал-азалдан маданият ва санъат бешикларидан бири бўлиб келган. Бундай бой ва бебаҳо меросга эга бўлган шаҳарлар дунёда кам. Энг муҳими, Самарқанд ана шундай юксак цивилизация намуналари, нодир тарихий ёдгорлик ва обидаларни замонлар оша асраб келаётгани билан ўзига тенгдош бошқа шаҳарлардан ажралиб туради.

Президентимиз раҳнамолигида қадимий ва ҳамиша навқирон, ер юзининг сайқали, Шарқ гавҳари деган таърифу тавсифларга сазовор бўлган Самарқанднинг чиройига чирой қўшиш, унинг асл тарихий қиёфасини тиклаш, иқтисодий салоҳиятини юксалтириш борасида катта ишлар амалга оширилди.

Мусиқий форум доирасида меҳмонлар Самарқанд шаҳридаги музейлар, ҳунармандлик марказлари ва меҳмонхоналарда фестиваль тарихига оид суратлар, миллий ҳунармандлик намуналари ва чолғу асбоблари кўргазмаларини катта қизиқиш билан томоша қилди. Ноёб меъморий ёдгорликлар, бетакрор тарихий обидалар, муқаддас қадамжолар зиёрати, истиқлол йилларида бунёд этилган замонавий иншоотлар иштирокчиларда унутилмас таассурот қолдирди.

Фестивалда кўплаб нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, давлат ва жамоат арбоблари, маданият ва санъат намояндалари иштирок этди. Қатнашчилар анжуман доирасида ўтказилган илмий конференция, турли маданий тадбир ва бадиий кечалар, учрашув ва мулоқотларда, жойларда ташкил этилган Мустақиллик байрамига бағишланган тантаналарда қатнашди. Улар бир-бирлари билан фикр ва тажриба алмашиб, ижодий ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйди.

Самарқанд. Регистон майдони. 30 август.

Муаззам майдондаги амфитеатрда халқаро мусиқа анжуманининг тантанали ёпилиши муносабати билан фестиваль иштирокчилари, меҳмонлар ва санъат ихлосмандлари жам бўлган.

Фестиваль иштирокчилари ва ҳакамлар ҳайъати мазкур санъат форумининг олам узра донг таратаётган юксак нуфузи ва ўзига хослиги ҳақида тўхталар экан, унинг бу гал ҳам ғоят юқори савияда ташкил этилганини алоҳида таъкидлади. Қатнашчиларга кўрсатилган ҳурмат-эҳтиром ва самимий меҳмондўстлик учун давлатимиз раҳбарига ва анжуман ташкилотчиларига миннатдорлик изҳор этилди.

“Шарқ тароналари” ўнинчи халқаро мусиқа фестивали ғолиб ва совриндорларини эълон қилиш фурсати келди.

Фестивалнинг бош соврини – Гран-при Хитойнинг “Jiangsu Women’s Orchestra” гуруҳига топширилди.

– Айни дамда дунёда биздан бахтлироқ инсон йўқ, ҳаяжонимизни таърифлашга тил ожиз, – деди “Jiangsu Women’s Orchestra” гуруҳи аъзоси Жанг Жинг. – Шундай машҳур ва нуфузли халқаро мусиқа фестивалида энг олий мукофотга сазовор бўлганимиздан қувончимиз чексиз. Бу каби хайрли ишларга ташаббус кўрсатиб, санъат ва маданият ривожига алоҳида эътибор кўрсатаётгани, жаҳонда тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшаётгани учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга чуқур миннатдорлик билдирамиз. Бу бетакрор ва гўзал саҳнада яна қўшиқ куйлашни орзиқиб кутамиз. Тинчлик, дўстлик ва эзгулик ғояларини тараннум этувчи “Шарқ тароналари” абадий янграйверсин!

Япониянинг “Shamisen” гуруҳи биринчи, Польша ва Эстония вакиллари иккинчи, Коста-рикалик санъат усталари учинчи ўринни қўлга киритди.

Қорақалпоғистоннинг “Айқулаш юлдузлари” гуруҳи ЮНЕСКОнинг махсус совринига сазовор бўлди.

Қатор қўшимча номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, муносиб рағбатлантирилди.

Маросимда юртимиз санъат усталари ва ёш ижрочилар иштирокида катта концерт дастури ҳамда фестиваль учун махсус тайёрланган 3D форматдаги ранглар шоуси намойиш этилди. Унда мамлакатимизнинг шонли тарихи, мустақиллик йилларида буюк аждодларимиз маънавий меросини тиклаш борасидаги ишлар, маданият ва санъат соҳасида қўлга киритилган улкан ютуқлар ўз ифодасини топди.

Халқаро мусиқа фестивалининг ёпилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.Ҳодиев, Самарқанд вилояти ҳокими З.Мирзаев иштирок этди.

ЎзА


Охирги ўзгариш: 31/08/2015 18:31.   Кўрилганлиги: 569
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/qalblarni-tutashtirgan-navolar

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 15

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг