Қабул квотаси ошди, янги таълим йўналишлари очилди

Мамлакатимиз олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги устувор вазифаларга мос ҳолда кадрлар тайёрлашнинг маъно-мазмунини қайта кўриб чиқиш ҳамда халқаро стандартлар даражасида олий малакали мутахассислар тайёрлаш учун зарур шароитлар яратиш мақсадида Президентимизнинг 2017 йил 20 апрелда "Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.


Мазкур қарорга кўра, ҳар бир олий таълим муассасаси бўйича конкрет параметр ва кўрсаткичларни ўз ичига олган, 2017-2021 йилларга мўлжалланган комплекс ривожлантириш дастури тасдиқланди.

Дастурга мувофиқ, олий таълим тизимида янги таълим ихтисослик йўналишлари ва мутахассисликларнинг, шунингдек, иқтисодиёт соҳалари ва ҳудудларни комплекс ривожлантиришнинг жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган ва бакалавриат ва магистратурага талабалар қабул қилишнинг умумий кўрсаткичларини 2021 йилгача босқичма-босқич равишда 18 фоизгача оширишни назарда тутадиган, 2017-2021 йилларга мўлжалланган параметр ва кўрсаткичлари ишлаб чиқилди.

Шунингдек, кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа тармоқларини юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш, ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг "2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарорга асосан 2017/2018 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига ўқишга қабул бўйича умумий квота бакалаврлар учун 66316 нафар, магистрлар учун 5000 нафар этиб белгиланди.

Мазкур қарор билан таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг янги таркиби тасдиқланди ва унга абитуриентлар тўплаган балларнинг рейтинг баҳосини ҳисобга олган ҳолда олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратура бўлимлари қабул параметрларига, қабул квоталарига ўзгартишлар киритиш, тегишли тармоқлар ва ҳудудлар бўйича мақсадли қабул кўрсаткичларини белгилаш каби бир қатор ҳуқуқлар берилди.

Шунингдек, жорий ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабул жорий этилиши режалаштирилмоқда. Бунда олий таълим муассасаларига тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабулни амалга ошириш учун квота миқдори таълим муассасасининг мавжуд имкониятлари ва таълим йўналишларидан келиб чиқиб Давлат комиссияси томонидан белгиланади. Қўшимча қабул бўйича тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси абитуриентлар тўплаган балларга қараб Давлат комиссияси томонидан дифференциялашган тартибда амалга оширилади. 

Тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабул учун ўтиш балини тўплай олмаган абитуриентларга тўплаган балига мувофиқ (68 балдан кам бўлмаган) кетма-кетлик тартиби қатъий сақланган ҳолда, уларнинг оширилган контракт пулини тўлай олиш имкониятидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

Қарорнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, кадрларни мақсадли тайёрлашнинг асосий буюртмачилари ҳисобланган Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, вазирлик ва идораларга олий таълим муассасалари битирувчиларининг улар ўқиб эгаллаган касбига ва тузган шартномаларига мувофиқ иш билан бандлигини таъминлаш, жумладан, республиканинг олис ва бориш қийин бўлган ҳудудларига ишга йўлланма олган олий таълим муассасалари битирувчилари учун муносиб меҳнат ва ижтимоий-маиший шарт-шароит яратиш юзасидан жавобгарлик юкланди.

"Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни қабул қилиш тартиби тўғрисида"ги ҳамда "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларни олий таълим муассасаларига қабул қилиш тартиби тўғрисида"ги низомларга ҳам ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, 2017/2018 ўқув йилида абитуриентларнинг ўқишга қабул қилиш ҳақидаги аризалари олий таълим муассасалари қабул комиссиялари томонидан 15 июндан 15 июлгача қабул қилинадиган бўлди. Тест синовлари эса 1 август куни ўтказилади.

2017/2018 ўқув йили қабулида ҳарбий тавсияномага эга абитуриентлар ҳар йилгидан фарқли равишда республикамиз олий таълим муассасаларига тест синовларида олган умумий балининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл қўшиб берилади. Энди ҳарбий имтиёзга эга абитуриент қанча кўп ёки кам балл тўпласа, шунинг ярми миқдорида қўшимча балл олиши мумкин. Шу билан бир қаторда, ҳарбий тавсияномага эга абитуриентларда ўз аризасида иккита олий ўқув юртини кўрсатиш имконияти сақланиб қолди. Яъни, агар имтиҳон топширган институтига тўплаган бали етмаса, қўшимча олийгоҳга танлаган йўналиши мос келса, у ўша олий таълим муассасасида ҳам танловда иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Бугун вилоятимизнинг барча олий таълим муассасаларида навбатдаги ўқув йили учун абитуриентларни қабул қилиш жараёнига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Дарвоқе, бошланадиган ўқув йилида Самарқанд давлат университетида ўқишга қабул бўйича умумий квота ҳажми оширилиб, бакалаврлар учун 2000 нафар (ўтган йили 1615 нафар), магистрлар учун 209 нафар (ўтган йили 131 нафар) этиб белгиланди. Бундан ташқари, университетда кимёвий технологиялар, биотехнологиялар ҳамда доривор ўсимликларни етиштириш технологияси бўйича янги йўналишлар ташкил этилиб, уларда 70 нафар мутахассис тайёрлаш имконияти яратилди. Магистратура таълими йўналишида шу давргача мавжуд бўлмаган ўзбек тили ва адабиёти, этика ва эстетика ҳамда атом ядроси ва элементар заррачалар физикаси, тезлаштирувчи техника бўйича мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилди.

Самарқанд давлат чет тиллар институтида эса ўқишга қабул бўйича умумий квота бакалаврлар учун 604, магистрлар учун 66 нафар этиб белгиланди. Ўқишга қабул бўйича умумий квота ўтган йилдагига қараганда 104 нафарга кўпайди.

Айни пайтда қабул комиссияларида абитуриентлардан қабул қилинадиган ҳужжатлар, маълумотлар акс этадиган махсус эълон тахталарини тайёрлаш, фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва уларга тезкор жавоб бериш, "ишонч телефони" фаолиятини йўлга қўйиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Абитуриентларга ҳужжат топшириш жараёнида зарур бўладиган ўқув қуроллари савдоси, суратга олиш, овқатланиш, абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига ҳордиқ чиқаришлари учун қулай шарт-шароит ташкил қилинади.

 

Олим ЭШНИЁЗОВ,

Отабек ЮСУПОВ,

СамДУ ва СамДЧТИ қабул

комиссиялари масъул котиблари.



Охирги ўзгариш: 12/06/2017 08:23.   Кўрилганлиги: 482

 

Сўровнома


Сайтга баҳо беринг

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 4

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг