
Ассалому алайкум, қадрли дўстлар!
Ҳурматли Сенат аъзолари!
Авваламбор, бугун сиз, азизлар билан учрашиб
турганимдан ва шу фурсатдан фойдаланиб, барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурматимни билдириш, сиҳат-саломатлик,
бардамлик, тинчлик-омонлик тилашдан бахтиёрман.
Сизларни сайловчиларимиз, халқимизнинг юксак ишончини қозониб, сенатор деган шарафли номга сазовор бўлганингиз билан самимий табриклаб, фаолиятингизда янги омадлар тилайман.
Ҳаммамизга маълум: роппа-роса ўн йил олдин парламентимизни – бир палатали Олий Мажлисимизни икки палатали парламентга ўзгартирган эдик. Яъни, қуйи палата – профессионал асосда доимий фаолият кўрсатадиган Қонунчилик палатаси ва юқори палата – вакиллик асосида иш олиб борадиган Сенатнинг вилоят, туман, шаҳар кенгашлари депутатлари ҳисобидан, Ўзбекистонимизнинг ҳар қайси 14 та субъекти – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан сайланиши белгилаб қўйилди.
Бундай ўзгариш ва ислоҳотларни амалга оширишда чуқур маъно-мазмун борлигидан барчангиз албатта хабардорсиз.
Бу ҳақда гапирганда, қуйидаги масалага эътиборингизни жалб этмоқчиман.
Аввало, Ўзбекистонимизнинг узоқ ва бой ўтмишини, унинг ўзига хос, ўзига мос томонларини ва жўғрофий хусусиятларини ҳисобга оладиган бўлсак, мамлакатимиз таркибига кирадиган 14 та субъект – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг ҳар бири ўз тарихи, керак бўлса, бошқалардан фарққиладиган иқтисодий-ижтимоий белги ва аломатлари, бетакрор маданияти, анъаналари билан ажралиб туриши ҳеч кимга сир эмас. Ва бу ҳақиқатни ҳеч қачон ёдимиздан, хаёлимиздан чиқармасликни ҳаётнинг ўзи талаб қилади.
Иқтисодиётимиз қонуниятлари шуни тақозо этадики, агар ҳар қайси ҳудуд – бу вилоят, туман ёки шаҳар бўладими – уларнинг талаб ва эҳтиёжларини таъминлаш бўйича режаларимизни тузиш ва тасдиқлаш пайтида авваламбор айни шу жиҳатларни инобатга олмасак, бундай сиёсат ҳеч кимни қониқтирмайди ва эртага турли муаммоларга дучор бўлишимиз турган гап.
Иккинчидан, парламентимиз ўз ваколатларини самарали амалга ошириши, ҳар томонлама асосли ва пухта қарорлар қабул қилиши учун зарур бўлган, замонавий парламентаризм фаолиятининг асосий мақсадини ташкил этадиган мувозанат ва тийиб туриш тизимини яратишни биз ўз олдимизга вазифа қилиб қўйган эдик.
Учинчидан, Қонунчилик палатаси ўз фаолиятини доимий профессионал тарзда олиб боришини эътиборга олган ҳолда, парламентнинг қонун ижодкорлиги борасидаги ишининг сифатини кескин ошириш назарда тутилган эди.
Тўртинчидан, Сенат асосан маҳаллий кенгашлар, ҳудудларнинг вакилларидан иборат бўлишини ҳамда вакиллик вазифасини бажаришини инобатга олиб, умумдавлат ва ҳудудий манфаатларнинг мутаносиблигига эришиш кўзда тутилган эди.
Бешинчидан, аҳолининг мамлакат ижтимоий ва сиёсий ҳаётидаги иштироки кўламини янада кенгайтиришни мақсад қилиб, шу борада юқори палата – Сенатнинг вилоят, туман ва шаҳар вакиллик органлари депутатларидан сайланиши белгилаб қўйилган эди.
Ана шу мақсадлардан келиб чиқиб фикр юритадиган бўлсак, барчамизга аёнки, Сенат аъзолари аввало жойлардаги маҳаллий кенгашларнинг депутатлари – вакиллари сифатида фаолият кўрсатади. Яъни, сиз, ҳурматли сенаторлар, шуни яхши тушуниб олишингиз керакки, биринчи навбатда сизларга ишонч билдириб, депутат этиб сайлаган ўз сайловчиларингиз олдида масъул ва жавобгарсиз.
Нега деганда, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий кенгашларининг ҳар бири 6 нафар депутатни Сенатга вакил қилиб юборган экан, уларнинг ҳисоботини эшитиш ва фаолияти ҳақида хулоса чиқаришга албатта ҳақлидир.
Шу маънода, қабул қилинаётган қонунларнинг сифати ва таъсирчанлигини оширишда Сенатнинг ўрни ва аҳамияти, шу билан бирга, масъулияти нечоғлиқ катта эканини доимо ёдда сақлашингиз лозим. Чунки биз қаерда, қайси лавозимда ишламайлик, қайси сиёсий партияга аъзо бўлмайлик, умумдавлат манфаати, Ўзбекистон келажаги барчамизни бирлаштиради.
Сиз, ҳурматли Сенат аъзолари, бу муҳим масаланинг моҳиятини тўғри тушуниб, ўз фаолиятингизни айнан шу асосда ташкил этасиз, деб ишонаман.
Қадрли дўстлар!
Маълумки, мамлакатимизда икки палатали парламент иш бошлаши билан Президентнинг баъзи ваколатлари Сенатга ўтказилди. Сенат Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасига асосан амнистия эълон қилиш, Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа вакилларини тайинлаш ва лавозимидан озод этиш масалаларини ҳал қилиш ваколатига эга бўлди.
Бундан ташқари, Сенат ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга оширмоқда. У ҳар йили давлат бюджети лойиҳаларини кўриб чиқади, унинг бажарилишини назорат қилади, давлат идоралари раҳбарларининг ҳисоботларини тинглайди.
Бугунги кунда Сенат томонидан халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари фаолиятининг самарасини ошириш ва уларга услубий ёрдам кўрсатиш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайловларни юксак демократик савияда ўтказиш борасида катта иш олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, ҳаётнинг шиддат билан ўзгариб бораётгани, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида биз амалга ошираётган демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш вазифаси Сенат фаолиятини янада такомиллаштиришни талаб қилмоқда.
Айни шу масалалар бўйича Олий Мажлис палаталарининг эртага бўладиган қўшма йиғилишида атрофлича гаплашиб оламиз.
Энди кун тартибига киритилган ташкилий масалага ўтадиган бўлсак, аввало, Сенат раиси ва унинг ўринбосарларини сайлаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқишимиз зарур.
Маълумки, Конституциямизнинг 93-моддасига мувофиқ, Сенат раислигига номзод Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан такдим этилиши белгиланган. Ана шу нормага биноан, кўпгина маслаҳатларга асосланиб, мен Олий Мажлис Сенати раиси лавозимига сенатор Ниғматилла Тўлқинович Йўлдошев номзодини тақдим этмоқчиман.
Ниғматилла Йўлдошев 1962 йилда, Тошкент шаҳрида туғилган, ҳуқуқшунос.
2011 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси адлия вазири лавозимида ишлаб келмоқда.
Н.Йўлдошев меҳнат фаолиятини Олмалиқ шаҳар прокуратурасининг иш ўрганувчиси лавозимидан бошлаб, прокуратура идораларида катта терговчи, бошқарма прокурори, бўлим бошлиғи, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент бошлиғи, Бош прокурор ўринбосари лавозимларида хизмат қилган.
Меҳнат фаолияти давомида орттирган катта амалий ва ҳаётий тажрибаси, билими, касбий маҳорати ҳамда ташкилотчилик ва талабчанлик қобилиятини эътиборга олган ҳолда, Ниғматилла Тўлқинович Йўлдошев Олий Мажлис Сенати раиси лавозимига ҳар томонлама муносиб номзод, деб ҳисоблайман.
Энди Сенат раисининг ўринбосарлари лавозимига номзодлар ҳақида гапирадиган бўлсак, мен бу вазифаларга қуйидаги номзодларни тавсия этмоқчиман.
Сенат раиси ўринбосари лавозимига сенатор Светлана Боймирзаевна Ортиқованинг номзодини тавсия этаман.
Светлана Ортиқова 1962 йили Наманган вилояти Учқўрғон туманида туғилган. 1987 йили ҳозирги Тошкент давлат юридик университетини тамомлаган. Мутахассислиги бўйича ҳуқуқшунос, кўп йиллар Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси идораларида хизмат қилган, 2010-2014 йиллари Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси вазифасида фаолият кўрсатган.
2014 йилдан буён Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари вазифасида ишлаб келмоқда.
Ўйлайманки, бу кишини ҳам кўпчилик, шу залда ўтирганларнинг барчаси яхши билади. Аввало, унинг етарли билим ва тажрибасини, малака ва маҳоратини, обрў-эътиборини юксак баҳолайди, десам, хато бўлмайди.
Маълумки, Конституциямизнинг 86-моддасига асосан Сенат раиси ўринбосарларидан бири Қорақалпоғистон Республикасининг вакили бўлиши белгилаб қўйилган. Мен бу лавозимга ҳозирги вақтда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси вазифасида ишлаб келаётган сенатор Муса Таджетдинович Ерниязов номзодини тавсия этаман. Ўйлайманки, бу номзодни ҳам барчангиз яхши танийсиз, унинг меҳнат ва ижтимоий фаолияти ҳақида атрофлича маълумотга эгасиз.
Муса Ерниязов 1947 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Кегейли туманида туғилган, муҳандис-электрик. Меҳнат фаолияти давомида турли масъулиятли лавозимларда фаолият юритган ҳамда катта амалий тажриба тўплаган. Жумладан, қурилиш трестида муҳандис, участка бошлиғи, Қорақалпоғистон Республикаси уй-жой коммунал хўжалиги вазири, Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитасининг раиси, Чимбой тумани ҳокими, Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари лавозимларида ишлаган.
Муса Ерниязов Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, Олий Мажлис Сенати раисининг ўринбосари лавозимида ишлаган даврида ўзининг ташкилотчилик ва талабчанлик хусусиятларини кўрсатган.
Ҳурматли Сенат аъзолари!
Сенат раиси ва унинг ўринбосарлари лавозимига кўрсатилган номзодларни қўллаб-қувватлайсизлар, деб ишонч билдиришга рухсат бергайсиз.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 7
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.