Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ПРЕСС-ТУР. ЖОМ ОБОД ҚИШЛОҚҚА АЙЛАНМОҚДА

ПРЕСС-ТУР. ЖОМ ОБОД ҚИШЛОҚҚА АЙЛАНМОҚДА

Нурободнинг Жом қишлоғини обод қишлоққа айлантириш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш, турмуш тарзини яхшилаш, ҳудудни кўкаламлаштириш ва ободонлаштириш ишлари жадал давом этмоқда.

28 апрель куни Жом қишлоғида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан танишиш мақсадида оммавий ахборот воситалари ходимлари, марказий нашрларнинг вилоятдаги мухбирлари иштирокида пресс-тур ташкил этилди.

Журналистлар ҳудудда таъмирланган турар-жой бинолари, янги қурилаётган иншоотлар, кўча ҳамда йўлларни тартибга келтириш жараёни билан танишди.

- Шу пайтгача Жом ва Гирдиқўрғон маҳаллаларидаги 469 та турар-жой биноси ҳомийлар ҳисобидан таъмирланди, уйлар ва уларнинг атрофи тўсиқ деворлар билан ўралди, - дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раиси Маҳмуд Бобоёров. - Ҳозирда 194 та турар-жойда таъмирлаш ишлари ҳамда қишлоқ ҳудудида 1 та ҳаммом, 3 та автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси, 4 та озиқ-овқат дўкони, 2 та автобекат қурилиши давом этмоқда.

Шунингдек, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш мақсадида банк кредитлари ҳисобидан бир сотихли иссиқхоналар ташкил этилмоқда. Шу кунгача 232 хонадонда ана шундай иссиқхоналар қуриш учун хандаклар қазилди. Нуробод тумани “Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамияти томонидан 21 та иссиқхонанинг усти ёпилди, томчилатиб суғориш воситалари ва кўчатлар билан таъминланди.

Журналистлар Жом ҳамда Гирдиқўрғон маҳаллалари бўйлаб саёҳати давомида 23,1 километр масофадаги йўлга тош тўкилгани, 0,55 километр масофада асфальт ётқизилганига гувоҳ бўлди.

Маълумотларга кўра, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида бугунги кунгача 18 километр масофага сув тармоғи тортилган, 2 та сув иншооти таъмирланган, 1 та янги сув иншооти қурилиб, ишга туширилган.

Электр таъминотини яхшилаш бўйича ҳозиргача 8 та трансформатор, 483 дона бетон устунлар ўрнатилган, 22,3 километр масофага кабель тортилган.

Вилоят ва шаҳар тиббиёт муассасаларининг тор соҳа мутахассисларидан иборат 4 та гуруҳ томонидан ҳудудда истиқомат қилаётган 22 минг аҳолининг 20 733 нафари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилган. Тиббий кўрик натижасида 7420 нафар аҳолида турли касалликлар аниқланиб, уларга амбулатор ва стационар даволаниш учун тавсиялар берилган.

10 нафар беморга вилоят тиббиёт муассасаларида даволаниш учун ордер, саломатлигини тиклашлари учун яна 10 нафар кекса кишиларга санаторияларга йўлланма берилган. 16 нафар бемор бола вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига, 11 нафари туман тиббиёт бирлашмасига даволаниш учун ётқизилган.

- Яқинда вилоят хотин-қизлар қўмитаси раҳбарлигида ташкил этилган ишчи гуруҳ ҳар бир аҳоли хонадонига кириб бориб, оилаларнинг турмуш шароитини ўрганиб чиқди, - дейди Нуробод туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Нодира Ботирова. - Натижада эҳтиёжманд, кам таъминланган оилалар ҳамда ногиронлиги бўлган хотин-қизларга уй жиҳозлари, рўзғор буюмлари, кир ювиш воситалари, кийим-кечак ва озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

Шунингдек, оғир шароитда яшаётган аёлларга қорамоллар, тикув машиналари берилди. Масалан, Жом маҳалласида яшовчи иккинчи гуруҳ ногирони Дилафрўз Раҳматовага замонавий тикув машинаси, Гирдиқўрғон маҳалласида истиқомат қилувчи кам таъминланган Дилбар Шомирзаева хонадонига бир бош болали қорамол туҳфа қилинди.

Пресс-тур давомида журналистлар қишлоқда амалга оширилаётган хайрли ишлар натижасида аҳолининг фикри ва ҳаракати нечоғли ўзгаргани ҳақида билиш мақсадида кўплаб одамлар билан суҳбатлашди.

- Қишлоғимизда амалга оширилаётган ишлардан ҳаммамиз хурсандмиз, - дейди Гирдиқўрғон маҳалласида яшовчи Ойбек Муродов. – Энди биз бу хайрли ишларга монанд яшашимиз, ҳаракат қилишимиз керак. Чунки, обод қишлоқ одамларининг қалби ҳам обод, маданияти ҳам юксак  бўлиши керак.

Ўзим ҳам бу ишлардан руҳланиб, тадбиркорликни бошладим. Айни кунда оила аъзоларим билан 250 бош товуқ боқяпман. Ҳар куни 230-235 дона тухум олиб, қишлоқдошларимга бозордагидан арзон – 500 сўмдан етказиб беряпман. Кунига рўзғоримга 45-50 минг сўм соф фойда келмоқда. Яна 250 бош товуқ, 200 бош бедана боқишни режалаштирдим.

Журналистлар пресс-тур давомида бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларида вилоятнинг юздан ортиқ корхона ва ташкилотларидан жалб этилган 1,5 мингдан зиёд ишчи-ходим, 100 дан зиёд ҳар хил техникаларнинг ишлаётганига гувоҳ бўлдилар.

 

Акрам Ҳайдаров, Алишер Исроилов (фото).


Охирги ўзгариш: 30/04/2018 20:40.   Кўрилганлиги: 986
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/press-tur-jom-obod-qishloqqa-aylanmoqda

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 5

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.