Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ПАСТДАРҒОМНИНГ СЎЛИМ ИСТИРОҲАТ БОҒЛАРИ

ПАСТДАРҒОМНИНГ СЎЛИМ ИСТИРОҲАТ БОҒЛАРИ

Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари. Абдужаббор акани бир гуруҳ курсдошлари йўқлаб келди. Ҳовлидаги чорбоғда узоқ давом этган дийдорлашувдан сўнг шаҳарлик меҳмонлардан бири музқаймоқ ейиш таклифини билдирди. Кеч соат ўнлар атрофида нафақат қишлоқ маркази, ҳатто Жумада ҳам музқаймоқ топиш амримаҳол бўлса-да, Абдужаббор ака дўстининг раъйини қайтармади. Бешовлон машинага ўтириб, Пастдарғом тумани марказига йўл олди...

Қишлоқдан Жума шаҳарчасигача бўлган ўн чақиримлик йўл бўйида савдо дўконлари, музқаймоқ сотиладиган шохобчалар учраса-да, ҳаммаси берк эди. Бахтга қарши, туман марказида ҳам, истироҳат боғи деб аталса-да, ҳамма тарафи қоп-қоронғу, на бир аттракцион, на бир ўтирғичи бўлмаган масканда ҳам музқаймоқ топилмади. Дўстлар ноилож уйга қайтишди...

– Бугун невараларимга бу воқеани айтиб берсам, ишонишмайди, – дейди Пастдарғом туманидаги Гўзалкент ёшлар истироҳат боғи директори Абдужаббор Холмуродов. – Ишонмаганларича ҳам бор-да,ахир улар эсини таниганидан буён музқаймоққа ҳам, турли шоколаду ширинликларга ҳам ҳеч бир зориққан эмас. Хоҳ шаҳар, хоҳ олис қишлоқда бўлсин, исталган савдо дўкони музлаткичида бир неча хил музқаймоқ териб қўйилган. Туман марказидаги истироҳат боғи ёки маҳалладаги савдо ва маиший хизмат мажмуаларида ҳам алоҳида музқаймоқ павильонлари мавжуд. Бизнинг ёшлигимизда бугунги ҳаёт тарзи, шаҳар ва қишлоқларимизнинг кўркам қиёфаси тасаввурга сиғмайдиган орзу, ширин туш эди. Яхши эслайман, бирор меҳмон келса, қаерга олиб боришни билмасдик. Туман маркази шаҳарча, деб аталса ҳам унда на истироҳат боғи, на шинам ошхона ёки дам олиш маскани бўларди.


Шукрки, мустақиллик туфайли, Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида бугун ҳаётимиз, турмуш тарзимиз буткул ўзгарди. Бир неча йил олдин туманимиз марказидаги истироҳат боғи реконструкция қилиниб, аҳоли дам олиши ва ҳордиқ чиқариши учун барча шароит яратилгач, ниҳоят Жумага ҳам дўстларни таклиф этиб, хушманзара боғда сайр қилдириш учун имконият пайдо бўлди. Бу ерда турли маданий-маърифий тадбирлар, байрам сайиллари ўтказилмоқда. Туну кун гавжум. Оддийгина ана шу шароит, имконият туманимиз аҳлининг кайфиятига, турмуш маданиятига катта таъсир кўрсатди.

Шунинг учун ҳам ўтган йили Гўзалкент қўрғонида ана шундай боғ яратиш ташаббуси илгари сурилганда барча пастдарғомликлар қўллаб-қувватлади. Ташландиқ, эътибордан четда қолиб келаётган 2,5 гектарлик майдон беш ой ичида ҳашар йўли билан обод этилиб, сўлим истироҳат боғига айлантирилди. Ҳудудда 2 минг 500 ўринли замонавий амфитеатр, рангли фаввора, мўъжаз сув ҳавзаси, музқаймоқ павильони қурилди. Алоҳида ирригация тизими яратилди. Замонавий ёритиш чироқлари ва иллюминация воситалари ўрнатилди. 500 тупдан зиёд ноёб дарахт кўчатлари ва буталар экилди.


Аҳолининг севимли ҳордиқ маскани бўлган бу ер, айниқса, тунда боғ каттаю кичик билан тўлади. Ота-оналар фарзандлари билан сайр қилиб, шундай гўзал ва бетакрор, тинч ва осойишта юртда яшаётганига шукрона айтади.

– Болалигимизда ота-онамиз бизни йилига бир ё икки марта Самарқанд шаҳридаги истироҳат боғига сайрга олиб боришарди, – дейди Баҳодир Абдувоҳидов. – Вақтимизнинг асосий қисми автобус кутиш ва йўлда ўтгани сабабли кўпинча уйга ҳориб қайтардик. Истироҳат боғи деганлари аслида ана шундай азоб эди. Ҳозир эса ҳар ҳафта мана шу боққа келиб сайр қиламиз. Фарзандларим маза қилиб ўйнайди, аттракционларда учади, ўзимиз мириқиб ҳордиқ чиқарамиз.


Ўтган йили боғ яқинида 64 хонадонли “Камолот” уйи бунёд этилиб, ёш оилаларга имтиёзли банк кредити асосида топширилди. Жорий йилда эса ушбу ҳудудда йирик спорт мажмуаси қурилмоқда. Шунингдек, бу ерда мактабгача таълим муассасаси, умумтаълим мактаби ва касб-ҳунар коллежининг мавжудлиги Гўзалкент қўрғонининг замонавий ёшлар шаҳарчасига айланиб бораётганидан далолат беради.

– Президентимизнинг доимий эътибори туфайли мамлакатимизда болалар мусиқа ва санъат мактабларининг замон талаблари даражасида бунёд этилиши ва жиҳозланиши, жойларда маданият ва аҳоли дам олиш марказлари ташкил этилиши ёш авлодни юксак маънавиятли инсонлар этиб камолга етказиш, аҳолининг ижтимоий-маданий фаоллигини қўллаб-қувватлаш, мароқли дам олишини таъминлашга хизмат қилмоқда, – дейди Пастдарғом тумани маданият ва спорт ишлари бўлими бошлиғи М.Сувонов. – Бугун туманимиздаги болалар мусиқа ва санъат мактаблари, истироҳат боғлари, маданият ва аҳоли дам олиш марказларида ана шундай шароит ва имкониятлар мавжуд. Бу масканларда ўтказилаётган маданий-маърифий тадбирлар, санъат анжуманлари, кўрик-танлов ва бадиий кечаларда янги истеъдодлар кашф этилмоқда, уларнинг ижодий интилишлари қўллаб-қувватланмоқда.


Айни пайтда туманимизда ўтказиладиган Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган тантанали байрам дастурида ҳам ушбу маданият масканларининг юздан ортиқ ҳаваскорларига кенг ўрин ажратилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 июндаги “2013-2018 йилларда замонавий маданият ва аҳоли дам олиш марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 2015 йилда туманда ташкил этилган 2-Чархин маданият ва аҳоли дам олиш марказида бугунги кунда юздан зиёд ҳаваскор санъат сирларини ўрганмоқда. 250 ўринли концерт залида турли маданий тадбирлар, мусиқа ва қўшиқ кечалари, ижодий учрашувлар мунтазам ўтказилади.


– Кўп йил шу соҳада меҳнат қилдим, маданият уйида ишладим, – дейди 2-Чархин маданият ва аҳоли дам олиш маркази директори О.Умаров. – Аммо маданият, санъат соҳасига бугунгидек эътиборни кўрмаганман. Шароит ва имкониятлар ҳам шунга яраша эди. Ўтган йили ушбу бино тўлиқ реконструкция қилиниб, тўгарак машғулотлари олиб бориш учун ҳар томонлама қулай ва шинам хоналар, катта концерт зали қурилди. Бугун ҳудуддаги беш маҳалла ёшлари марказга келиб, ашула, рақс, драма, мусиқа, фольклор тўгараклари машғулотларида қатнашмоқда. Залда ҳар ҳафта концерт дастурлари, бадиий томошалар уюштиряпмиз. Пойтахтимиз, Самарқанд шаҳри, шунингдек, туманимиз театр ва бадиий жамоалари, ансамбллари келиб, ўз дастурларини намойиш этмоқда. Марказ ташкил этилганидан халқимиз жуда хурсанд. Кейинги тадбир қачон ўтказилади, деб сўрашади.

Жорий йилда Жума шаҳри ҳамда Чандир маҳалласидаги маданият ва аҳоли дам олиш марказларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу марказлар ҳам йил якунига қадар барча шароит яратилган замонавий биноларга эга бўлади.

Ғ. Ҳасанов


Охирги ўзгариш: 04/08/2016 18:07.   Кўрилганлиги: 1511
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/pastdargomning-solim-istirohat-boglari

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 15

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.