Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ЎЗГАРИШЛАР БОР. НАТИЖА ҚAHДАЙ БЎЛАДИ?

ЎЗГАРИШЛАР БОР. НАТИЖА ҚAHДАЙ БЎЛАДИ?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига кўра, тизимда қатор ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда.

Қуйида соҳа ходимларининг ушбу ўзгаришлар қандай имкониятлар яратиши ҳамда соҳага тегишли муаммоларнинг ҳал этилишидаги аҳамияти хусусидаги фикрлари билан танишасиз. 

Марҳабо Ғафурова, вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси:

- Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, оилаларда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш каби вазифаларни бажаришда баъзи тўсиқлар бор эди. Асосий фаолиятимиз ҳамкорликка асослангани учун тегишли ташкилотлар билан иш олиб боришимизда муаммолар тўла-тўкис ишлаш имкониятини бермасди.

Мисол учун, вазифаси тўғридан-тўғри оилалар билан ишлаш бўлган маҳалланинг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиларига ҳам қўмита, ҳам маҳалла ва бошқа ташкилотлар томонидан вазифалар топшириларди. Бу эса вазифаларнинг ижроси етарлича натижа бермаслигига олиб келди.

Фармонга кўра, маҳалла маслаҳатчиларининг ўрнига хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилиши бу ишларнинг такомиллашувига олиб келади.

Зарур чоралар кўрилиши натижасида вилоятда 2017 йилда 543 та ажримнинг олди олинди, 299 ҳолатда фуқаролар ажрашиш учун судларга берган аризаларини қайтариб олди. Эндиликда бу рақамни янада кўпайтириш имконияти яратилди.

Хотин-қизлар қўмиталари вакилларининг оилаларга шахсан кириб, уларнинг мавжуд муаммолари, оилавий шароити, турмуш тарзини ўрганиб, муаммоларини жойида ҳал этиш чораларини кўриш юзасидан хотин-қизлар қўмитаси томонидан жорий йилнинг январь ойида 822 та оиладаги шарт-шароит ўрганилди. Оилага кириш орқали 765 та муаммо аниқланиб, 506 таси ҳал этилди. 90 нафар хотин-қиз ишга жойлаштирилди. 226 та оилага молиявий, маиший ва ижтимоий масалаларда кўмак берилди.

 Ҳафиза Ўсарова, Жомбой туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси:

- Қўмитага мурожаат этувчи хотин-қизлар орасида моддий кўмак сўраб келганлар кўпчиликни ташкил этади. Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг ташкил этилиши оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар ва оилаларга, ногиронлиги бўлган аёлларга моддий ёрдам кўрсатиш, тадбиркорлик ташаббусларига кўмаклашиш имконини беради.

Айни пайтда туманда ижтимоий ҳимояга муҳтож, имконияти чекланган 20 нафарга яқин хотин-қизларнинг рўйхати шакллантирилди. Уларга манзилли ёрдам бериш ва иш билан таъминлаш, ҳунармандчиликка, тадбиркорликка жалб этиш чоралари кўрилмоқда.

 Зиёда Эшмуродова, Пастдарғом тумани ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси:

- Ушбу фармон соҳада салбий кўрсаткичларнинг камайишига олиб келади. Хусусан, кейинги йилларда ёлғиз оналар ва оталикни белгилаш ҳолатлари кўрсаткичлари йилдан-йилга ошиб бораётганди. Маҳалла маслаҳатчилари билан ҳамкорликда қайси ҳудудда қонуний никоҳдан ўтмаган оилалар борлигидан хабардор эдик. Аммо ФҲДЁ бўлимлари ходимларининг ўзига тегишли иши бор. Сайёр тарзда никоҳни расмийлаштириб келиш ҳақидаги таклифларимиз аксарият ҳолларда очиқ қоларди. Эндиликда ФҲДЁ бўлимларининг ҳокимлик тасарруфига ўтказилиши бу муаммоларни ўз вақтида ҳал этади, деб ўйлайман.

 Нодира Ботирова, Нуробод тумани ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси:

- Оилавий поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктлари тузилмаларида “Аёллар маслаҳатхоналари” ташкил этилиши оналар ва болалар ўлими кўрсаткичларининг камайишида муҳим аҳамият касб этади. Сабаби, ушбу маслаҳатхоналар нафақат туғруқ ёшидаги аёлларга, балки ўсмир қизларга ҳам хизмат кўрсатиши белгиланган.

Яқинда вилоят қизлар саломатлик маркази ўтказган тадқиқотда 41 фоиз қизларда турли хасталиклар аниқлангани айтилди. Ўз вақтида қизларнинг саломатлиги, соғлом турмуш тарзи-ю соғлом овқатланиши билан боғлиқ тавсиялар бериб борилса, уларнинг тиббий маданияти ошса, соғлиғини тиклаш борасида ёрдам сўраётган хотин-қизлар сони камайишига эришилади.


Охирги ўзгариш: 16/02/2018 11:32.   Кўрилганлиги: 991
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/ozgarishlar-bor-natija-qahday-boladi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 1

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.