Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ЎЗБЕКИСТОНДА ЎРТА ОСИЁ АРХЕОЛОГИЯ ТАРИХИДА НОЁБ ЁДГОРЛИК ТОПИЛДИ

ЎЗБЕКИСТОНДА ЎРТА ОСИЁ АРХЕОЛОГИЯ ТАРИХИДА НОЁБ ЁДГОРЛИК ТОПИЛДИ

Самарқанд вилояти ҳудудида Дарғом каналининг чап қирғоғида илк ўрта асрлар даврига тегишли Самарқанд ҳукмдорларининг ёзги саройи топилди.

Ушбу шоҳона сарой Кофирқалъа номли археологик ёдгорликда жойлашган бўлиб, турли йилларда ёдгорликнинг турли участкаларида стратиграфик характердаги кичик қазишма ишлари амалга оширилган, 2001 йилдан бошлаб эса 16 гектарли қадимги шаҳарнинг 76х76 метрлик Арки аълоси майдонида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Археология институтининг археологлари кенг қамровли археологик қазишма ишларини олиб боришмоқда. Натижада қадимги шаҳарнинг қалъа қисмида (Арки аълосида) 2017 йилда монументал меъморий мажмуа очилди.

Милодий V-VI асрларга тегишли мажмуада Самарқанд ихшидларининг (ҳукмдорларининг) давлат архиви ва ёзги саройи жойлашган бўлиб, ёнғин туфайли вайронага учраган архивдан ноёб давлат ҳужжатлари (давлат бошқарувига оид хужжатлар, элчилик хатлари, давлатлараро шартномалар ва бошқалар) булла деб аталган тахтакачларда суғдий ёзув намуналари топилди.

Саройнинг ёғоч калоннали (устунли) кўркам хоналаридан бирида уч ярусли суфа, суфа устида эса шерсифат кўринишидаги тахтиравонда ҳукмдор ўтирибди. Хонанинг деворлари ўйма ёғоч панно шаклидаги расмлар галереяси билан безатилган. Унинг ўлчамлари 124х141 см., паннонинг ўзи иккита кенг доскадан иборат бўлиб, улар темир тутқич билан бириктирилган. Олд томондан тахталарда зардуштий инсонлар суратлари тўрт қаватга жойлаштирилган.

Композицияда жами 46 та одам шакли тасвирланган (уларнинг учтаси шартли кўринишда, юқоридан чап қисмидаги иккита шакл аранг кўринади, ўнг томондаги шаклнинг фақат қўли кўринади).

Композициянинг асосий мавзуси – шер шаклида тахтда ўтирган бош Илоҳга сажда қилишдир.

Бу зардуштийликнинг бош маъбудаси буюк худо Нана бўлиши эҳтимолдан узоқ эмас. Одамлар унинг ҳузурига турли хил совғалар билан келганлар. Пастки қаватда мусиқачилар галареяси тасвирланган. Ундан кейинги пастки қаватда яна қўлларида турли хил совға-саломлар билан келган зиёратчилар суратлари тиз чўккан ҳолда акс эттирилган.

Пастки қават суратлар галереяси марказида муқаддас олов рамзи – Алтарь жойлашган бўлиб, муқаддас алтарга бир томондан оғзи латта билан боғланган эркак топинмоқда, иккинчи томондан эса аёлсифат фигура алтарь оловига ҳушбўй арамат ўсимлик кукунини сепмоқда.

Ушбу муқаддас шоҳона зал ва зардуштийлик маъбудаларининг энг улуғларидан бири, буюк Нана сурати ёғочга ўйиб ишланган деворий панно VIII аср бошларида арабларнинг Қутайбо бинни Муслим бошчилигидаги ҳарбий қўшини томонидан ёқиб юборилган.

Бундай кўп қиррали аниқ суратлар композицияси Ўрта Осиё археология тарихида биринчи марта учради, бу дунё аҳамиятига молик ноёб кашфиётлар сирасига киради.

Ҳозирда қазиш ишлари давом этмоқда.

 

ЎзА.


Охирги ўзгариш: 07/04/2018 09:53.   Кўрилганлиги: 109
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/ozbekistonda-orta-osiyo-arxeologiya-tarixida-noyob-yodgorlik-topildi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 3

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг