Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ЎЗБЕКИСТОН ХОТИН-ҚИЗЛАРИГА БАЙРАМ ТАБРИГИ

ЎЗБЕКИСТОН ХОТИН-ҚИЗЛАРИГА БАЙРАМ ТАБРИГИ

Мунис ва муҳтарама онахонлар!

Қадрли опа-сингиллар, дилбар қизларим! 

Барчамиз орзиқиб кутадиган, табиат чирой очиб бораётган мана шу илк баҳор кунларида, айни шу шукуҳли айёмда сиз, азиз қадрдонларимни, сизларнинг тимсолингизда бутун Ўзбекистон хотин-қизларини 8 март байрами билан самимий муборакбод этиш менга катта қувонч бағишлайди.

Биз ҳаётимизда турли-туман саналарни байрам сифатида кенг нишонлаймиз. Шулар қаторида кўнгилларимизга гўзаллик ва хурсандчилик, файзу тароват олиб келадиган 8 март байрами алоҳида ўрин тутади. Бу байрам агарки ҳаётимизда бўлмаса, ана шундай байрамни албатта таъсис этиш керак бўларди.

Нега деганда, айни шу кунларда Яратганнинг буюк мўъжизаси бўлмиш сиз, муҳтарама аёлларнинг шаънига юрак-юрагимизда, қалбимиз тўрида бўлган энг самимий, энг олижаноб сўзларни, ҳурмат ва эҳтиром, меҳр-оқибат, севги ва садоқат туйғуларини изҳор этиш учун яна бир имконият туғилади ва барчамиз мана шу имкониятдан фойдаланишга шошиламиз.

Ҳеч кимга сир эмас, аёл зоти ҳақида, унинг қандай тенгсиз латофат ва нафосат соҳибаси экани, эзгулик ва фидойилик рамзи, хонадонларимизнинг файзу фариштаси экани ҳақида тарихимизда не-не улуғ мутафаккирлар, шоир ва алломалар қанча-қанча дил сўзларини баён этганлар.

Бу ҳақда гапирганда, аввало, буюк Алишер Навоий бобомизнинг “Жаннат оналарнинг оёғи остидадир” деган мазмундаги ҳикматли сўзларини яна бир бор эслаймиз ва меҳрибон, муқаддас Она сиймоси олдида барчамиз бош эгиб таъзим қиламиз.

Мана шу байрам кунларида ҳар қайси оила, ҳар қайси хонадонда қадрли опа-сингилларимизни эъзозлаш, уларни улуғлаш учун энг гўзал ва олижаноб таърифларни келтиришга интиламиз. Шу ўринда мен аёлларимиз шунга ишонишларини истардимки, айни мана шу 8 март байрами келиши билан биз ҳаммамиз шоир бўлиб кетишга тайёрмиз. Албатта, шоирга айланиш жуда қийин, лекин мен юртимизнинг барча мард ўғлонлари номидан аввало сиз, азизларга юксак ҳурмат ва эҳтиром билдириб, қалбларингизда неки эзгу ниятлар, орзу-интилишлар бўлса, уларнинг барча-барчаси албатта ижобат бўлишини, рўёбга чиқишини чин юракдан тилайман.

Бугун биз энг самимий дил сўзларимизни сиз, азизларга йўллар эканмиз, таъкидлаш жоизки, биз муҳтарама оналаримиз, опа-сингилларимизни, умр йўлдошларимизни ҳамма вақт ҳам ҳурмат қилиб келганмиз, лекин уларнинг биз учун нақадар қадр-қимматли, жондан азиз ва меҳрибон эканини англаш, уларни ҳар томонлама эъзозлаш мустақиллик йилларида янги босқичга кўтарилди.

Бундай қарашнинг сабаблари ҳақида гапирадиган бўлсак, айтиш керакки, мустақилликка эришганимиздан кейин бизнинг оилага, аёл зотига, умуман ҳаётга бўлган муносабатимиз бутунлай ўзгариб, тобора юксалиб бормоқда, ҳаётимизнинг маъно-мазмунига, асосий мақсадига айланмоқда.

Бу эса биз учун жуда муҳим бўлган бир фикрни, яъни “Ким эдигу ким бўлдик?”, деган ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлаб бермоқда.

Барчамизга аёнки, дунёда давлат ва жамиятнинг нуфузи, демократик тафаккури, маданий даражасини кўрсатадиган мезонлар кўп. Лекин ҳар қайси миллат ва халқнинг маънавий камолотини гўёки ойнадек акс эттирадиган шундай бир мезон борки, у ҳам бўлса, жамиятнинг хотин-қизларга бўлган муносабати, ҳурмати билан белгиланади.

Шу нуқтаи назардан қараганда, аёлларни улуғлаб, ардоқлаб, бошига кўтариб яшайдиган халқ ўзининг юксак маданияти ва олижаноб қадриятларини амалда намоён қиладиган халқ сифатида жаҳонда обрў-эътибор қозонади.

Униб-ўсиб келаётган болаларимизни, ёш авлодимизни мана шу руҳда тарбиялаб вояга етказсак, шак-шубҳасиз, ҳеч қачон кам бўлмаймиз.

Шу маънода, айнан истиқлол даврида биз кўп нарсаларни худдики қайтадан кашф этгандек бўлмоқдамиз. Аёл гўзал бўлса – олам  гўзал, аёл бахтли бўлса – оила, бутун жамият бахтли бўлади, деган қараш онгу шууримизга чуқур кириб бораётгани ва бизнинг ҳаётий фалсафамизга айланаётганини ҳар томонлама англаб етмоқдамиз.

Шулар ҳақида гапирар эканмиз, аёлларимиз хонадонларимизда, маҳаллаларимиз, бутун юртимизда ҳар доим ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳитининг, таъбир жоиз бўлса, ҳаёт ўчоғининг энг кучли посбони бўлиб келган ва бугун ҳам ана шундай фазилатлари билан инсонни инсон, оилани оила қилиб келмоқда, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди.

Ҳурматли дўстлар!

Биз ўтган даврда мамлакатимизда эркин ва фаровон, демократик ҳаёт қуриш йўлида хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини юксалтириш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариш, бир сўз билан айтганда, аёлларни жамиятимизнинг тенг ҳуқуқли, фаол ва бунёдкор аъзосига айлантириш борасида қандай улкан ишларни амалга ошириб келаётганимиз ҳақида албатта барчангиз яхши хабардорсиз.

Бу ҳақда узоқ гапирмасдан, биргина ўтган йилнинг ўзида “Соғлом бола йили” дастури бўйича қилган ишларимизга қисқача тўхталадиган бўлсак, аввало, 13 миллион 600 мингдан зиёд аёллар ва болалар тиббий кўрикдан ўтказилиб, бунинг натижасида 2 миллион 800 минг аёл ва 2 миллион 500 минг бола соғломлаштирилганини алоҳида таъкидлаш зарур.

Шу билан бирга, ёш оилаларга уй-жой сотиб олиш, истеъмол товарларини харид қилиш учун қарийб 215 миллиард сўмлик имтиёзли ипотека кредитлари ва 57 миллиард сўмлик фоизсиз қарз маблағлари ажратилгани, спортчи қизларимиз учун 6 миллиард сўмлик спорт кийимлари бепул берилгани ҳам, ўйлайманки, аёлларимизга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг яна бир амалий намунаси бўлди.

Мухтасар айтганда, биргина “Соғлом бола йили” Давлат дастурини амалга ошириш учун барча манбалар ҳисобидан 4 триллион 795 миллиард сўм ва 260 миллион АҚШ долларидан зиёд маблағ сарфланганининг ўзи, ҳеч шубҳасиз, бу борадаги фаолиятимизнинг кўлами ва миқёси нақадар улкан эканидан далолат беради.

Айни пайтда юртимизда хотин-қизларнинг сиёсий ва ҳуқуқий савияси, ижтимоий фаоллиги тобора юксалиб бораётганини давлат ва жамият бошқарувининг барча бўғинларида, суд-ҳуқуқ тизимида, нодавлат ташкилотлар, ижтимоий тузилмалар фаолиятида, умуман, ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида яққол кузатиш мумкин.

Бу ҳақда гапирганда, Олий Мажлис Сенати аъзоларининг 17 фоизини, Қонунчилик палатаси депутатларининг 16 фоизини аёллар ташкил этаётгани, шунингдек, халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларида юзлаб опа-сингилларимиз фаол иш олиб бораётганини қайд этиш ўринлидир.

Бугунги кунда хотин-қизлар ўзининг билим ва тажрибаси, профессионал малакаси ва маҳорати ҳисобидан кўпгина жабҳаларда етакчи мавқеларни эгаллаб келмоқда. Ҳаётимизда тобора катта ўрин олаётган фермерлик ҳаракати, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, юқори технологияларга асосланган замонавий тармоқлар, илму фан, тиббиёт, таълим-тарбия, маданият ва санъат каби ўнлаб муҳим соҳа ва тармоқлар ривожини аёлларнинг иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди.

Шу ўринда ҳаётда кўп бора ўз исботини топган бир фикрга эътиборингизни қаратишни истардим.

Фақат соғлом онадан соғлом фарзанд туғилади. Фақат ақл-заковатли, маърифатли оналаргина комил инсонларни тарбиялашга қодир бўлади.

Ана шу ҳақиқатни чуқур англаган ҳолда, мамлакатимизда хотин-қизларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, жисмоний ва маънавий жиҳатдан етук ёш авлодни вояга етказишга қаратилган, узоқни ўйлаб, пухта ишлаб чиқилган ва ҳаётга изчил жорий этилаётган умуммиллий дастурларимиз бугунги кунда ўзининг улкан самарасини бераётгани барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Бу ҳақда узоқ гапириш, кўп-кўп мисолларни олиб келиш мумкин, лекин мен фақатгина баъзи бир рақамларга тўхталиб ўтмоқчиман.

Кейинги уч йил мобайнида мамлакатимиздаги умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабалари жаҳон миқёсида ўтказилган нуфузли фан олимпиадаларида ғолиб бўлиб, жами 110 та медални қўлга киритган бўлса, уларнинг 44 таси қизларимиз ҳиссасига тўғри келади.

Ёки санъат ва мусиқа соҳасида дунёнинг Париж, Рим, Берлин, Токио, Москва, Прага, Қоҳира, Сеул, Деҳли каби йирик маданият марказларида бўлиб ўтган халқаро кўрик-танловларда 530 дан зиёд ўқувчи ва талабаларимиз ғолибликка эришгани ва уларнинг 240 нафарга яқини қиз болалар эканини мамнуният билан таъкидлаш ўринлидир.

Кейинги уч йилда 1 минг 850 дан зиёд истеъдодли спортчи ёшларимиз халқаро мусобақаларда зафар қозонган бўлса, уларнинг 620 нафарга яқини айнан қизларимиз экани албатта ҳаммамизни қувонтиради.

Барчамизнинг суянчимиз ва таянчимиз бўлган фарзандларимизни, аввало, қизларимизни замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаган, мустақил фикрлайдиган, ривожланган давлатлардаги тенгдошлари билан турли жабҳаларда беллашувга қодир бўлган соғлом ва баркамол авлод этиб тарбиялаш, уларнинг қалби ва онгини зарарли ғоя ва таъсирлардан ҳимоя қилиш йўлида сиз, жонкуяр опа-сингилларимизнинг фидокорона хизматларингиз учун ҳар қанча таҳсин ва тасаннолар айтсак арзийди, албатта.

Шу гўзал байрам кунларида Ўзбекистон халқ шоираси, вафо ва садоқат куйчиси Зулфия таваллудининг 100 йиллиги бутун мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланаётгани ҳам давлатимиз, жамиятимизнинг аёлларимизга бўлган юксак ҳурмат ва эҳтиромининг яна бир амалий намоёни сифатида бу йилги 8 март айёмининг моҳияти ва аҳамиятини, кўрку тароватини янада оширмоқда, десам, ўйлайманки, сизлар ҳам бу фикрга қўшиласиз.

Қадрли опа-сингиллар!

Азиз ва гўзал қизларим!

Сизларни ўзингиз каби чиройли ва дилбар байрамингиз билан яна бир бор табриклар эканман, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, хонадонларингизга файзу барака тилайман.

Фарзандларингиз ва яқинларингиз бахтига, элу юртимиз бахтига ҳамиша омон бўлинг, азизларим, меҳрибонларим!

 

Ислом Каримов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти


Киритилган вақти: 07/03/2015 15:03.   Кўрилганлиги: 529
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/ozbekiston-xotin-qizlariga-bayram-tabrigi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 4

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг