Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 23 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига байрам табриги

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 23 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига байрам табриги

Ҳурматли аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар, Қуролли Кучларимиз фахрийлари, қадрли юртдошлар!

Сизларни мамлакатимиз ҳаётидаги қутлуғ сана – Ватан ҳимоячилари куни ва Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 23 йиллиги билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиш менга улкан мамнуният бағишлайди. 

Мустақил демократик Ўзбекистон давлатини барпо этиш ва ривожлантириш бўйича биз босиб ўтган буюк ва шонли йўл миллий армиямизнинг – ён-атрофимиздаги мураккаб ва таҳликали вазиятда тобланган, Ватанимиз мустақиллиги, суверенитети, унинг ҳудудий яхлитлиги, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаётининг ҳамиша ишончли кафолати бўлиб келган ва бугунги кунда ҳам шундай бўлиб қолаётганини неча бор исботлаб берган мамлакатимиз Қуролли Кучларининг шаклланиши билан узвий ва чамбарчас боғлиқ ҳолда кечди, деб айтишга бугун барча асосларимиз бор. Ҳар қандай давлатнинг куч-қудрати ва имкониятларига унинг армиясининг жанговар қобилияти ва жанговар тайёргарлигига қараб баҳо берилиши бежиз эмас ва бундай қараш мустаҳкам асосга эгадир.

Биз суверен Ўзбекистоннинг Қуролли Кучларини ташкил этиш жараёнида ҳарбий қурилиш соҳасида мерос бўлиб қолган тажрибадан тўғридан-тўғри нусха кўчиришдан воз кечиб, аниқ ва реал геостратегик ва геосиёсий шароитни, замонавий урушлар ва қуролли можароларнинг қандай хусусиятларга эга эканини ҳар томонлама ҳисобга олдик, Марказий Осиё минтақасида юз бериши мумкин бўлган ҳарбий ҳаракатлар театрининг ўзига хос жиҳатлари таҳлилидан келиб чиқиб иш тутдик ва шунингдек, ўзимизнинг азалий миллий фазилат ва анъаналаримизга таяндик.

Ҳарбий қурилиш, қўшинларнинг хизмат-жанговар фаолиятини ташкил этиш соҳасидаги илғор хорижий тажриба ва замонавий ҳарбий санъат ютуқларини чуқур ўрганиш ва улардан фойдаланиш асосида ишлаб чиқилган, босқичма-босқич ва ўзаро боғлиқ ислоҳотлар дастурларини самарали ва изчил амалга ошириш армиямизни ташкил этишнинг кўп жиҳатдан ҳал қилувчи шарти ва гарови бўлди.

Шу маънода, хорижий давлатларнинг мудофаа идоралари билан ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш бизнинг энг муҳим устувор вазифамиз бўлиб қолмоқда. Ана шундай хорижий мудофаа идоралари билан ўзаро манфаатли шериклик муносабатлари ўрнатилган бўлиб, бундай ҳамкорлик кенгайиб бормоқда, икки томонлама ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорлик доирасидаги йиллик режалар амалга оширилмоқда.

Бизнинг Қуролли Кучлар қурилиши борасидаги режаларимизга мувофиқ, ҳарбий қўшинларни модернизация қилиш ва уларни энг янги қурол-яроғ ва техника, жумладан, ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари ва вертолётлар, бронетанк қуроллари, артиллерия тизимлари, алоқа воситалари, алоҳида ва гуруҳ бўлиб ҳимояланиш воситалари билан қайта қуроллантиришга қаратилган чора-тадбирларни изчил амалга оширмоқдамиз.

Ҳеч шубҳасиз, илғор ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги замонавий ютуқлардан фойдаланган ҳолда, ўқув жараёнларига таълимнинг инновацион шакл ва усулларини жорий этиш орқали Қуролли Кучлар академияси, ҳарбий билим юртлари, сержантлар тайёрлаш мактабларида ҳарбий кадрларни тайёрлаш тизимини энг янги методлар асосида такомиллаштириш борасидаги узлуксиз ишларимиз долзарб аҳамиятга эгадир.

Шу маънода, офицер ва сержантлар таркибининг профессионал малакасини оширишда етакчи хорижий давлатлар армияларидаги ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш ва уларнинг хизмат фаолиятини ташкил этиш тизимини чуқур ўрганиш ҳамда бу тизимни бизнинг шароитимизга мослаб жорий этиш катта ижобий роль ўйнаганини қайд этиш лозим.

Бу соҳада амалга оширилаётган аниқ чора-тадбирлар туфайли мамлакатимиз офицерлар таркиби ўзининг дунёқараши, билим ва тажрибасини доимий равишда кенгайтириб, юксак касбий малака ва маънавий-ахлоқий фазилатларга, мантиқий фикрлаш қобилиятига эга бўлиб бормоқда ва ўз олдида турган вазифаларни ҳал этишда ностандарт ёндашувларни фаол қўллашга қодир бўлмоқда. Сержантлар сўзда эмас, амалда офицерларнинг энг ишончли ва яқин ёрдамчиси ҳамда таянчига, аскарларимизнинг меҳрибон мураббийсига айланди, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди.

Мудофаа қурилиши соҳасида бошқарув органлари ва қўшинларнинг оператив ва жанговар тайёргарлик тизимини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш асосий вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Бугунги ҳарбий ўқув машғулотлари мустақилликнинг биринчи йилларида ўтказилган машқлардан тубдан фарқ қилади. Йилдан-йилга жанговар шароитларга энг кўп даражада яқинлаштирилган ҳолда ўтказилаётган бундай ўқув машғулотлари қўшинлар тайёргарлигининг бутун тизимини танқидий таҳлил қилиш, ҳар бир батальон ва взводнинг имкониятларини, шунингдек, жанговар вазифаларни бажаришда танланган усулларнинг мақсадга мувофиқлиги ва мавжуд вазиятга айнан мос келишини бўлинмаларнинг бир-бирининг ўрнини қай даражада боса олиши ва шахсий таркибнинг ўзаро яқин бўлган турдош мутахассисликларни қанчалик пухта эгаллагани нуқтаи назаридан баҳолаш имконини беради.

Миллий армиямизни шакллантириш ва ислоҳ қилиш жараёнида тўпланган тажрибани барча тоифадаги ҳарбий хизматчилар, чақириқ ёшига етмаган ўғлонларимиз ўртасида ҳар томонлама тарғиб қилиш ва аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни ташкил этишда кенг қўллаш фаолиятимизнинг муҳим йўналиши ҳисобланади. Армияда хизмат қилиш ёш авлодимиз учун алоҳида маъно-мазмунга эга бўлиб, унинг нуфузи тобора ортиб бормоқда. Бундай хизматнинг жозибадорлиги фақат яратиб берилаётган имтиёзлар ва ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ва моддий жиҳатдан юқори даражада таъминлангани билангина боғлиқ эмас, албатта. Бу, авваламбор, армия ёш авлодимиз учун ҳақиқатан ҳам мардлик ва мустаҳкам иродани, юксак ватанпарварлик туйғусини, Ватанимизга севги ва садоқат ҳисларини тарбиялайдиган ҳаёт мактабига айлангани билан изоҳланади.

Мустақиллик йилларида ҳар томонлама тайёргарликка эга ва армияда чиниқиш мактабини ўтаган, ҳар қандай фурсатда Ватан ҳимояси учун тайёр бўлган бутун бир авлод вояга етди ва мустаҳкам оёққа турди, деб ғурур ва ифтихор билан таъкидлашимиз мумкин.

Ҳарбий хизматчиларни уй-жой билан таъминлаш, уларнинг ижтимоий-маиший, яшаш ва хизматни ўташ шароитларини яхшилашга қаратилган давлат дастурларини амалга ошириш алоҳида аҳамиятга молик вазифа бўлиб қолмоқда. Ўз ҳаётини ушбу шарафли касбга бағишлаган ҳар бир ҳарбий хизматчи яхши билиши шарт: унинг муаммолари эътиборсиз қолмайди ва оиласининг тинчлиги ва фаровонлиги ишончли равишда кафолатланган.

Юртимизда 2015 йилнинг Кексаларни эъзозлаш йили деб эълон қилиниши биздан уруш қатнашчилари ва Қуролли Кучларимиз фахрийларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, уларга ҳар томонлама ғамхўрлик, чинакам инсоний меҳр ва эътибор кўрсатишга қаратилган ҳукумат қарорлари ва давлат дастурларини сўзсиз бажаришни талаб қилади.

Бугунги кунда кўплаб муҳтарам фахрийлар ва устозларимиз ўзининг ноёб тажрибаси, билим ва малакасини Ватан ҳимоячиларининг янги авлодига ўргатиб, мамлакатимизни ривожлантиришда фаол иштирок этмоқда.

Шуни унутмаслигимиз керакки, ҳарбий хизматчиларнинг ҳар жиҳатдан фаровон ҳаёти – мамлакатимизда ҳарбий хизматнинг нуфузи ва обрў-эътибори нақадар юксак эканини намоён этадиган энг ёрқин кўрсаткичдир.

Ҳурматли ватандошлар!

Бугунги кунда бизнинг яқин ва олис ён-атрофимизда вужудга келаётган вазиятга баҳо берар эканмиз, халқаро хавфсизлик ва барқарорликка таҳдидларнинг кўлами кенгайиб бораётганини, яъни, пайдо бўлаётган қарама-қаршиликларни ҳал этишда куч ишлатишга зўр бериш устунлик қилаётгани, хомашё ресурслари ва коммуникациялар устидан назорат қилиш бўйича геосиёсий рақобатнинг ошгани, ядро технологиялари ва оммавий қирғин қуролларининг тарқалиши, халқаро терроризм ва экстремизмнинг кенг тарқалаётган экспансиясининг фаоллашуви, миллатлар ва конфессиялараро можароларнинг кучаяётганини эътироф этмаслик мумкин эмас.

Дунёнинг турли минтақаларида вужудга келаётган хавф-хатар, низо ва зиддиятлар ҳамда қарама-қаршиликлар тобора кучайиб бораётганини, улар тинч йўл билан ҳал этилмасдан, аксинча, кескинлашаётганини афсус билан тан олишга мажбурмиз.

АЙСАФ деб ном олган тинчликпарвар кучларнинг Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши Марказий Осиё минтақасидаги барча мамлакатлар учун жиддий синовга айланмоқда. Ироқдаги аччиқ тажриба яққол кўрсатганидек, Афғонистонда юзага келадиган ҳар қандай бўшлиқни бу минтақанинг катта ҳудудига ўзининг вайронкор таъсирини ёйишга қодир бўлган турли бузғунчи ва террорчи гуруҳлар, фанатик кучлар қисқа фурсатда эгаллаб олиши мумкин.

Бугунги кунда ноанъанавий таҳдидлар халқаро можароларнинг қиёфасини бутунлай ўзгартирмоқда ва информацион-психологик хуружлар сезиларли хавф-хатар туғдирмоқда. Улар армиямизнинг негизига путур етказиш, аввало, унинг маънавий-ахлоқий асосларига таъсир ўтказишга уриниш ва шунингдек, замонавий интернет технологиялардан фойдаланиш орқали бизнинг бунёдкорлик руҳидаги бой маданиятимиз, маънавий қадрият ва анъаналаримизга мутлақо зид бўлган бузғунчи ғоя ва тушунчаларни ёшларимизнинг онгу тафаккурига сингдиришга қаратилгани билан айниқса хатарлидир.

Шунинг учун минтақамизда ва бутун дунёда мураккаб ва олдиндан айтиб бўлмайдиган вазият вужудга келган бир шароитда ҳушёр ва огоҳ бўлиш, эришилган натижалардан хотиржамлик туйғусига берилмаслик, Қуролли Кучларимизни янада изчил ислоҳ қилиш бўйича қатъий саъй-ҳаракатларимизни давом эттириш, чегараларимизда кескинликни келтириб чиқариши мумкин бўлган барча уринишларнинг олдини олиш борасида миллий армиямизнинг тайёргарлигини кучайтириш, биз танлаб олган тараққиёт йўлига қарши қаратилган ҳар қандай тажовузкор ҳаракатларга ўз вақтида ва муносиб зарба бериш ўта муҳим, деб ҳисоблайман.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси ўзининг тинчликсевар сиёсатига ҳамиша содиқ бўлиб келганини ва шундай бўлиб қолишини яна бир бор таъкидлаш зарур. Бизнинг Ҳарбий доктринамиз мудофаа хусусиятига эга бўлиб, Қуролли Кучларимизни мустаҳкамлаш, биринчи навбатда, давлат суверенитети ва мамлакатимиз ҳудудий яхлитлигини, одамларимизнинг тинчлиги ва осойишталигини ҳимоя қилишга йўналтирилгандир. Мамлакатимиз Мудофаа доктринасига кўра, бизнинг армиямиз Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ҳарбий ҳаракатлар ва операцияларда иштирок этмайди.

Қадрли дўстлар!

Мана шу қутлуғ байрам айёмида сиз, азизларни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 23 йиллиги билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман. Барча ҳарбий хизматчилар – аскар ва сержантлар, офицер ва генералларга, шунингдек, Қуролли Кучларимиз фахрийларига, мутахассис фуқароларга, ўз тақдирини она Ватанимизни ҳимоя қилишдек муқаддас, шарафли ва масъулиятли бурчни адо этишга бағишлаган барча-барча инсонларга фидокорона хизматлари учун самимий миннатдорлик билдираман.

Янги – 2015 йилда барчангизга мустаҳкам соғлик, бахт ва омад ёр бўлсин!

 

Ислом Каримов,

Ўзбекистон Республикаси Президенти,

Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони


Киритилган вақти: 14/01/2015 18:16.   Кўрилганлиги: 829
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/ozbekiston-respublikasi-qurolli-kuchlari-tashkil-etilganining-23-yilligi-munosabati-bilan-vatan-himoyachilariga-bayram-tabrigi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 2

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг