Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ МАРКАЗИЙ ОСИЁ ДАВЛАТЛАРИ РАҲБАРЛАРИНИНГ МАСЛАҲАТ УЧРАШУВИДАГИ НУТҚИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ МАРКАЗИЙ ОСИЁ ДАВЛАТЛАРИ РАҲБАРЛАРИНИНГ МАСЛАҲАТ УЧРАШУВИДАГИ НУТҚИ

Муҳтарам Нурсултон Абишевич!

Ҳурматли делегациялар аъзолари!

Хонимлар ва жаноблар! 

Аввало, Қозоғистон Республикаси Президентига ва қозоғистонлик барча дўстларимизга анъанавий меҳмондўстлик ва учрашувимиз юксак даражада ташкил этилгани учун самимий миннатдорлик билдиришга ижозат бергайсиз.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи маслаҳат учрашуви айнан Остона шаҳрида ўтказилаётгани бежиз эмас.

Муҳтарам оқсоқолимиз Нурсултон Абишевич минтақавий шерикликни мустаҳкамлаш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида интеграциялашувни чуқурлаштириш ва маданий-гуманитар алоқаларни изчил ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

Ғоят қисқа муддатда ташкил этилган ушбу саммит, ҳеч муболағасиз, тарихий воқеадир, десам, ўйлайманки, сизлар ҳам бу фикрни қўллаб-қувватлайсиз.

Бугун Марказий Осиё халқлари ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, яхши қўшнилик, бир-бирини қўллаб-қувватлаш ва ҳамкорлик солномасида янги саҳифа очилди.

Биз минтақа давлатлари раҳбарларининг учрашувларини мунтазам ўтказиш ҳақидаги ташаббусни илгари сурар эканмиз, ҳозирги кунда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш учун бутунлай янги имкониятлар вужудга келаётганига асосланган эдик.

Айниқса, кейинги бир ярим йилда бўлиб ўтган ва қатор долзарб муаммоларнинг амалий ечимини топиш, янги шартнома ва келишувларни имзолаш имконини берган ўзаро ташрифларимиз, мунтазам учрашув ва музокараларимиз принципиал жиҳатдан янги форматдаги ҳамкорлик учун мустаҳкам асос бўлди.

Эришилган натижаларнинг аҳамияти барчамизга маълум.

Ўзбекистоннинг Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан товар айирбошлаш ҳажми, ўтган йил якунларига кўра, қарийб 3 миллиард долларни ташкил этди, яъни 20 фоизга ортди.

Бу борада ўзаро товар етказиб бериш 2 баробар кўпайди.

Яқин йилларда ўзаро савдо ҳажмини 5 миллиард долларга етказишни мўлжалламоқдамиз.

Биз мамлакатларимизни боғлаб турган энг муҳим транспорт йўлларини қайта тикладик ва модернизация қилдик, янги ер усти ва ҳаво йўлларини очдик. Ўзаро жорий қилинган чегирмалар натижасида юк ташиш, аввало транзит ҳажми ортиб бормоқда.

Чегараларимиздаги ўтказиш пунктлари ўз фаолиятини қайта йўлга қўйди, биз уларнинг ўтказувчанлик имкониятини кенгайтирмоқдамиз. Чегара идоралари ва божхона органларининг самарали ҳамкорлиги йўлга қўйилмоқда.

Бир нечта мисол келтирмоқчиман. Масалан, ўз фаолиятини қайта тиклаган ўтказиш пунктлари орқали ишбилармонлик ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни фаоллаштириш доирасида ўз қариндошлари билан учрашиш ва сайёҳлик объектларини кўриш мақсадида давлатларимиз чегараларидан ҳар куни ўн минглаб фуқароларимиз ўтмоқда.

Бундан ташқари, чегаралар ва йўллар очилиши туфайли ички бозорларимиздаги товарларнинг алоҳида турлари 20 фоизга арзонлашгани кузатилмоқда.

Ҳеч шубҳасиз, бундай имкониятлардан аввало фуқароларимиз фойда кўрмоқда. Бу – ҳамкорликдаги ишларимизнинг амалий самарасидир.

Буларнинг барчаси минтақамизда мамлакатларимиз халқлари манфаатларига хизмат қиладиган улкан салоҳият мавжуд эканидан далолат беради.

Экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Марказий Осиё давлатларининг иқтисодиётнинг турли тармоқлари бўйича ҳамкорлиги кенгайиши минтақа ялпи ички маҳсулотини яқин 10 йилда камида икки баробар ошириш имконини беради.

Ҳамкорликдаги барча саъй-ҳаракатларимиз, лойиҳа ва дастурларимиз, ҳеч шубҳасиз, ўзаро ишонч ва ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаб, халқларимиз томонидан қўллаб-қувватланаётган ва уларнинг манфаатларига тўлиқ жавоб берадиган минтақавий ҳамкорликни изчил ривожлантирмоқда ва мазмунан бойитмоқда.

Шу муносабат билан учрашувимизни ҳар йили баҳор байрами – Наврўз арафасида навбати билан давлатларнинг бирида ўтказиб боришни таклиф этамиз. Кейинги мана шундай учрашувни Тошкент шаҳрида ўтказишни таклиф қиламан.

Қуйидаги асосий вазифаларни ҳал этиш ҳамкорлигимизнинг устувор йўналишлари сифатида белгилаб олишни таклиф этаман:

Биринчидан, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш соҳасида самарали минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш учун янги захира ва амалий механизмларни излаш;

иккинчидан, савдо-иқтисодий, инновация, инвестиция, транспорт-коммуникация, банк-молия, сув-энергетика ва маданий-гуманитар соҳалардаги шериклик бўйича аниқ дастурлар – “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш;

учинчидан, энг долзарб халқаро ва минтақавий масалалар бўйича кенг фикр алмашиш, улар бўйича умумий позицияни келишиб олиш ҳамда уни кейин БМТ, МДҲ, ШҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида илгари суриш.

Ўтган йил ноябрь ойида Самарқандда БМТ шафелигида ўтган халқаро конференция шуни кўрсатдики, тизимли мулоқот, барча томонларнинг манфаатларини инобатга олиш ва оқилона муроса асосида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалалари Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Сизларга яхши маълумки, ушбу конференция якунида биз биргаликда БМТ Бош Ассамблеясига махсус резолюция қабул қилиш бўйича мурожаат қилдик.

Ана шу ҳужжатнинг қабул қилиниши Марказий Осиёда тинчлик, хавфсизлик ва изчил тараққиётни таъминлаш борасида биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизнинг халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланишига эришиш имконини беради.

Ўзбекистон минтақамиз давлатлари билан очиқ, ўзаро манфаатли ва яқин ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлашга тайёр эканини яна бир бор қайд этишни зарур, деб биламан.

Бу – бизнинг ташқи сиёсатимизнинг энг асосий устувор йўналишидир.

Муҳтарам Нурсултон Абишевич!

Ҳурматли учрашув иштирокчилари!

Минтақавий ҳамкорликнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича аниқ механизмлар борасида Ўзбекистоннинг нуқтаи назари хусусида сўз юритишга ижозат бергайсиз.

Биринчидан. Минтақадаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш.

Қуйидагилар ушбу вазифани амалга оширишнинг энг муҳим асосларидир:

- мамлакатларимиз ўртасидаги эркин савдо тартибининг тўлақонли фаолиятини йўлга қўйиш;

- чегара олди ҳудудлардаги савдони, ишлаб чиқариш кооперациясини жадал ривожлантириш, шунингдек, мамлакатларимиз ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш.

Бу том маънода улкан салоҳиятга эга бўлган йирик минтақавий бозорни шакллантириш имконини беради.

Қўшма дастурлар ишлаб чиқиш учун жорий йилда Тошкентда биринчи Минтақавий иқтисодий форум ўтказишни таклиф этамиз.

Бу мамлакатларимиз ишбилармон доиралари ва етакчи хорижий инвесторлар ўртасида аниқ лойиҳаларни амалга ошириш учун бевосита мулоқот ўрнатиш имконини яратади.

Иккинчидан. Марказий Осиё минтақасининг транзит-логистика салоҳиятини тубдан ошириш – саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришни тақозо этадиган ғоят муҳим стратегик йўналишдир.

Марказий Осиёни йирик денгиз портлари ва жаҳон бозорлари билан боғлаш имконини берадиган транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга ошириш биз учун устувор йўналиш бўлиши лозим, деган фикрни қўллаб-қувватлайсиз, деб ўйлайман.

Шу нуқтаи назардан қуйидагиларни таклиф этамиз:

- Халқаро танспорт ва транзит йўлаги тўғрисидаги Ашхобод битими доирасида биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан Марказий Осиё – Форс кўрфази трансминтақавий йўналишидан самарали фойдаланиш;

- Жанубий Осиёга чиқадиган Трансафғон йўлагини шакллантириш, шунингдек, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон автомобиль ва темир йўл магистралларини қуришга киришиш;

- Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитида россиялик шериклар томонидан таклиф этилган ШҲТ йўлларини ривожлантириш дастурини келишишни тезлаштириш ва қабул қилиш.

Шу билан бирга, божхона ва маъмурий тартиб-таомилларни янада соддалаштириш ва унификация қилиш, юкларни ташиш ва уларнинг транзити бўйича икки томонлама имтиёзли тарифларни шакллантириш бўйича ўзаро келишилган чора-тадбирларни қабул қилиш бугунги кундаги кечиктириб бўлмайдиган вазифадир.

Ана шу умумминтақавий вазифаларни амалга ошириш мақсадида биз жорий йилнинг октябрь ойида Тошкентда “Марказий Осиё халқаро транспорт коридорлари тизимида: стратегик истиқболлар ва амалга оширилмаган имкониятлар” мавзусида халқаро конференция ўтказишни режалаштирганмиз.

Ушбу анжуманда Марказий Осиёнинг барча мамлакатларидан вакиллар фаол иштирок этишига ишонамиз.

Учинчидан. Марказий Осиё халқларининг фаровонлиги ва бутун минтақанинг иқтисодий тараққиёти азал-азалдан сув ресурслари билан қанчалик таъминлангани билан боғлиқ бўлган. Фақат биргаликда ҳаракат қилиб, ушбу муҳим масаланинг ҳақиқий ечимини топишимиз мумкин.

Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш бўйича мамлакатларимиз ва жаҳон ҳамжамиятининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари самарадорлигини янада ошириш долзарб вазифадир.

Тўртинчидан. Самарали минтақавий ҳамкорликнинг асосий шартларидан бири – маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантиришдан иборат.

Минтақада дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро англашув ва барқарорлик муҳитини мустаҳкамлашда бу соҳанинг ўрни ва роли беқиёсдир.

Қуйидаги соҳаларда ҳамкорлик қилиш доимо эътиборимиз марказида бўлиши лозим:

- таълим ва илм-фан соҳасида, жумладан, олий таълим муассасаларимиз ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва ривожлантириш;

- минтақада ички туризмни ривожлантириш ва ҳамкорликда ишлаб чиқариладиган сайёҳлик маҳсулотларини ташқи бозорларга олиб чиқиш;

- мамлакатларимиз аҳолисининг кўп қисмини ёшлар ташкил этишини инобатга олиб, ёшлар ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш. Минтақамиз мамлакатлари делегацияларини жорий йил июнь ойида Самарқандда бўлиб ўтадиган Марказий Осиё ёшлари форумига таклиф этаман.

Бундан ташқари, мамлакатларимизда маданият, санъат ва кино кунларини, спорт тадбирларини мунтазам ўтказиш муҳим аҳамиятга эгадир.

Ҳурматли давлат раҳбарлари!

Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлигимизнинг қатор муҳим масалаларига алоҳида тўхталмоқчиман.

Биринчидан. Давлат чегараларини ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштириш бўйича йўлга қўйилган ўзаро ишларимизни изчил давом эттиришимиз зарур.

Ишончим комил, биз ўзаро манфаатларни ҳисобга олиш, оқилона муросалар асосида ушбу ғоят муҳим муаммони тез муддатда тўлиқ ҳал қилишга эришамиз.

Чегараларимиз дўстлик ва яхши қўшничилик кўпригига айланишига астойдил ишонаман.

Иккинчидан. Бугунги кунда минтақа мамлакатлари терроризм, диний экстремизм, трансмиллий уюшган жиноятчилик ва наркотрафик таҳдидларига дуч келмоқда.

Ушбу хатарларга қарши фақат саъй-ҳаракатларни бирлаштириш орқалигина самарали курашиш мумкин.

Шу муносабат билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва махсус хизматлар йўналишида амалий ҳамкорликни ва ўз вақтида ахборот алмашишни давом эттириш жуда муҳим ва долзарб аҳамиятга эга, деб ҳисоблаймиз.

Учинчидан. Экстремизм мафкурасига қарши курашиш, шу мақсадда аҳоли, аввало ёшларга ислом динининг ҳақиқий инсонпарварлик моҳиятини етказиш энг муҳим вазифадир.

Шу муносабат билан Ўзбекистонда Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси маркази ва Ислом академиясини ташкил этдик.

Тўртинчидан. Марказий Осиёнинг барқарор ва изчил тараққиётини таъминлаш қўшни Афғонистонда тинчликка эришиш билан узвий боғлиқ.

Бу муаммони ҳал этишда тинч музокаралар ўтказишдан бошқа муқобил йўл йўқ эканини эътиборга олиб, Ўзбекистон ва Афғонистон жорий йилнинг 26-27 март кунлари Тошкентда Афғонистон бўйича олий даражадаги халқаро конференция ўтказиш тўғрисида ташаббус билан чиқди.

Биз ана шу ташаббусни қўллаб-қувватлагани учун Марказий Осиё давлатлари раҳбарларидан миннатдормиз, бу умумий манфаатларимиз учун жуда муҳим аҳамиятга эга.

Бешинчидан. Биринчи навбатда чегараолди ҳудудларда фавқулодда ҳолатлар, техноген ва экологик фалокатлар, табиий офатларнинг олдини олиш ва уларнинг вужудга келишига қарши ўз вақтида ҳаракат қилиш бўйича ҳамкорлик механизмларини яратиш зарур.

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Учрашувимиз давомида очиқ фикр алмашиш, минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари бўйича амалий ечимларни муҳокама қилиш ва қабул қилиш бутун Марказий Осиёда хавфсизлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни янада мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлишига ишонаман.

Сўзимни якунлар эканман, Сиз, ҳурматли ҳамкасбларим ва дўстларимни, Сизлар орқали қардош Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон халқларини яқинлашиб келаётган баҳор ва янгиланиш байрами – Наврўзи олам билан самимий муборакбод этаман.

Барчангизга тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт тилайман.

Эътиборингиз учун раҳмат.


Охирги ўзгариш: 16/03/2018 13:19.   Кўрилганлиги: 168
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/ozbekiston-respublikasi-prezidenti-shavkat-mirziyoevning-markaziy-osiyo-davlatlari-rahbarlarining-maslahat-uchrashuvidagi-nutqi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 10

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг