
Муҳтарам Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин жаноблари!
Ҳурматли дўстлар, азизларим, қадрдонларим!
Авваламбор, мана шундай улкан, ҳақиқатан ҳам ноёб лойиҳани амалга оширишда иштирок этган, ўзининг фидокорона меҳнати, азму шижоати билан ҳаммамиз, бутун халқимиз учун бугунги қувончли воқеа, тарихий кунни тақдим этган барча инсонларни, сизларнинг ҳар бирингизни, бутун эл-юртимизни бағримга босиб, тарихимизда илгари ҳеч кўрилмаган шундай мислсиз ютуқ билан чин қалбимдан самимий муборакбод этишдан бахтиёрман.
Ўзининг мардона меҳнати билан мана шундай унутилмас кунларга, буюк марраларга етиб келишимизга беқиёс ҳисса қўшган инсонлар, барча қурувчилар, темир йўл соҳасининг моҳир ишчи-хизматчиларига ўз номимдан, халқимиз номидан чуқур миннатдорлик билдираман.
Бу қувончли кунни халқимиз, жумладан, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари аҳолиси неча йиллар давомида орзу қилгани, ота-боболаримиз учун армон бўлган бу бахт албатта бизларга насиб этади, деб айниқса охирги йилларда интизорлик билан кутгани сир эмас.
Мен бугун барча дўстларим, қадрдонларимга, мана, биз сизларга берган ваъдамизнинг устидан чиқдик, бугун Ўзбекистон учун ҳақиқатан ҳам мустақил тараққиётимиз солномасига алоҳида ёрқин саҳифа бўлиб ёзиладиган тарихий бир кундир, деб катта мамнуният билан таъкидлаб айтмоқчиман.
Ҳурматли дўстлар!
Бугунги воқеанинг моҳияти ва аҳамияти ҳақида гапирганда, аввало Қамчиқ туннели орқали Фарғона водийсини мамлакатимизнинг маркази ва бошқа ҳудудлари билан боғлайдиган ушбу темир йўл қуриб битказилиши билан Ўзбекистонда ягона, мустақил миллий транспорт коммуникация тизими тўла шакллангани, ҳеч шубҳасиз, ҳаммамизга хурсандчилик ва ғурур-ифтихор етказади.
Юртимиз заминида кўп асрлар давомида шундай ачинарли ҳолат юзага келган эдики, халқимиз ўртасида “олтин водий” деб ном олган Фарғона водийси Қамчиқ довони туфайли Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидан ажралиб қолган эди. Барча коммуникация тармоқлари, авваламбор, транспорт-логистика алоқаси қўшни давлат ҳудуди орқали амалга оширилар эди. Табиийки, бундай ноқулай ҳолат бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг 10 миллиондан зиёди яшаётган Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларининг ҳаётий эҳтиёжларини таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларининг барқарор фаолият кўрсатиши бўйича жиддий муаммоларни юзага келтираётган эди.
Ўзим гувоҳ бўлганман: одамларимиз узоқ йиллар давомида Фарғона водийсини мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари билан тўғридан-тўғри боғлайдиган кунлар келишини орзу қилиб келарди. Бугун барчангизни, авваламбор, ўзбек халқини, хитойлик ҳамкорларимизни, менинг дўстим, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин жанобларини мана шундай улкан ғалаба билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Бугунги имкониятдан фойдаланиб айтмоқчиман, келинглар, мана шу залда ўтирганлар ва Қамчиқ туннели олдида йиғилган, бизни кўриб турган юртдошларимиз ва хитойлик дўстларимиз, ҳаммамиз биргаликда 1 миллиард 300 миллиондан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган мамлакат раҳбарига, менга руҳан яқин бўлган, доимо ўзининг қатъияти ва матонатини намойиш этиб, айтган сўзининг устидан чиқадиган, ўз ваъдасини албатта бажарадиган Си Цзиньпин жанобларига миннатдорлик билдириб, унга катта раҳматлар айтайлик.
Миқёси ва кўламига кўра жуда улкан ва мураккаб бўлган бундай замонавий лойиҳани айнан ҳозирги кунда – мустақил Ўзбекистоннинг салоҳият ва имкониятлари янада юксалиб бораётган бир пайтда амалга оширишга эришганимиз албатта бежиз эмас.
Мазкур ноёб иншоот қурилишини муваффақиятли амалга оширганимизнинг яна бир муҳим омили замонавий туннель қурилиши учун бош пудратчи сифатида Хитойнинг дунёга машҳур “Чайна рейлвей тоннель групп” компанияси танлаб олинганидадир. Бу компания ўз зиммасидаги вазифани аъло даражада амалга оширди. Қисқа муддатда, яъни бор-йўғи 32 ой ичида асрий қоя-тошлардан иборат мураккаб тоғли ҳудудда хитойлик қурувчилар томонидан узунлиги 19,2 километрни ташкил этадиган туннель барпо этилди.
Айни шу даврда бизнинг “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятимиз, бугунги кунда барчани, бутун Ўзбекистон халқини, шахсан мени ҳайратда қолдираётган азму шижоатли қурувчиларимиз том маънода буюк ишларни амалга оширди. Ва мен уларнинг мардона меҳнатини юксак баҳолаб, мана шу туннель ва Ангрен – Поп темир йўли билан бирга бутун Ўзбекистоннинг тараққиёти ва гуллаб-яшнашига хизмат қиладиган ютуқларга муносиб ҳисса қўшгани учун барча темирйўлчиларга таъзим қиламан.
Ҳаммангизга яхши маълум, мазкур электрлаштирилган темир йўлнинг умумий узунлиги 123 километрдан иборат. Қурилиш жараёнида хитойлик ва ўзбекистонлик қурувчилар, ишчи ва муҳандислар, мутахассислар ўзаро ҳамжиҳатликда иш олиб боргани, ўзларининг қандай мустаҳкам ирода, юксак касб маҳоратига эга эканини намоён қилганини алоҳида қайд этмоқчиман. Ушбу лойиҳа доирасида 2 та вокзал, 8 та янги станция, йўловчилар платформалари, юқори қувватга эга бўлган 4 та подстанция барпо этилди. Шу билан бирга, ғоят мураккаб муҳандислик иншоотлари, умумий узунлиги 2,5 километр бўлган 19 та кўприк ва йўл ўтказгичлар, 2 та галерея, электр узатиш тармоқлари ҳамда бошқа кўплаб ишлаб чиқариш ва муҳандислик объектлари бунёд этилганини таъкидлаш лозим. Энг юксак халқаро талабларга жавоб берадиган, жаҳон тажрибасида ноёб бўлган мазкур объект қурувчиларига Фарғона водийси аҳолиси, бутун ўзбек халқи номидан чуқур миннатдорлик билдириш менга катта мамнуният бағишлайди.
Энди, рухсатингиз билан, бу йўл биз учун қандай ривожланиш истиқболларини очиб бериши, унинг амалий аҳамияти ҳақида икки оғиз тўхталиб ўтмоқчиман.
Биринчидан, ушбу темир йўл тармоғининг қурилиши орқали мустақил Ўзбекистонда ягона ва яхлит темир йўл тизими шаклланиши ниҳоясига етказилиб, аҳолимизнинг учдан бир қисми истиқомат қиладиган Фарғона водийси вилоятларини мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари билан ишончли боғлаш имкони яратилди.
Шу маънода, бугун бутун Фарғона аҳли учун катта байрам, унутилмас тарихий кун, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди.
Ўзингиз тасаввур қилинг, бугунги кунда эришаётган ютуқлари билан дунё ҳамжамиятини ҳайратга солаётган давлат сифатида биз ўз ҳудудимизнинг бир қисми билан, дўст мамлакат бўлса-да, лекин ўз манфаатларига эга бўлган бошқа давлат ҳудуди орқали боғланган ҳолатда бундан кейин қандай яшашимиз мумкин эди?
Иккинчидан, Ангрен – Поп темир йўлининг ишга туширилиши биз учун йилига 10 миллион тоннадан ортиқ юкни манзилга етказишда ҳам вақтни, ҳам маблағни бир неча баробар тежаш, шунингдек, Фарғона водийсининг саноат ва инфратузилма соҳасидаги улкан салоҳиятини ўзлаштириш имконини беради, Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор суръатлар билан ривожланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Учинчидан, ушбу темир йўлнинг фойдаланишга топширилиши Ўзбекистоннинг транзит салоҳиятини тубдан оширади ва у келажакда халқаро транспорт коммуникациясининг энг муҳим таркибий қисмига, “Буюк ипак йўли иқтисодий йўналиши” лойиҳаларидан бирининг узвий бўлагига айланиши мумкин.
Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, келгусида Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон ва шу йўналишдаги бошқа давлатлар ҳудуди бўйича янги транзит йўлларини барпо этишга тўғри келадиган бўлса, айтиш мумкинки, биз бу борадаги ишларнинг катта қисмини амалга оширишга эришдик.
Яна бир муҳим масала шундан иборатки, бу темир йўлнинг фойдаланишга топширилиши нафақат мамлакатимизнинг транзит салоҳиятини кескин ошириш борасида, балки кўп йиллар давомида, айниқса, қишда тоғли йўллардан ўтишда қийналиб келган оддий одамлар учун катта аҳамиятга эга. Шу жиҳатдан олиб қарайдиган бўлсак, сиз, қадрли қурувчилар, Ўзбекистон темирйўлчилари, хитойлик мутахассислар, Хитой Халқ Республикаси раҳбарияти мамлакатимиз аҳолисининг оғирини енгил, мушкулини осон қилдингиз.
Ҳурматли дўстлар, ушбу имкониятдан фойдаланиб, Ўзбекистон билан икки томонлама ва кўп томонлама муносабатларнинг мустаҳкамланишига алоҳида эътибор кўрсатиб келаётгани учун бизнинг дўстимиз – Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпинга, барча Хитой ва Ўзбекистон қурувчилари, лойиҳачилар, муҳандислар, темирйўлчиларга яна бир бор ташаккур айтмоқчиман.
Шунингдек, мамлакатимиз транспорт тизимини бутунлай ўзгартирган ва Ўзбекистон халқи учун шундай катта қулайлик яратган бугунги тарихий воқеа билан сизларни яна бир бор самимий табриклаб, бундай улкан лойиҳани амалга оширишга бебаҳо ҳисса қўшган барча-барча инсонларга чин қалбимдан миннатдорлик билдираман.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 11
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.