Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ЎЗБЕК САНЪАТИНИНГ “ЭВЕРЕСТИ”

ЎЗБЕК САНЪАТИНИНГ “ЭВЕРЕСТИ”

“Шарқ тароналари” Х халқаро мусиқа фестивали биринчи марта - 1997 йилда ўтказилаётганда Комилжон Отаниёзовнинг “Лазги” қўшиғи оҳанги янгради ва... бироздан сўнг:

Қайси фалак буржининг меҳри пуранворисан?

Қайси садаф дуржининг гавҳари шаҳворисан?

Қайси Хўтан оҳуси нофаи тоторисан?

Қайси чаманзорнинг лола-ю гулнорисан?

Сўйла манга, эй санам, кимни севар ёрисан?

деб ҳофизнинг беназир овози жаранглади. Бутун Регистон жунбушга келди, фестивалга тўпланган барча меҳмонлар – овруполигу осиёлик, амриқолигу африқолик, барча-барчаси, беихтиёр ўрнидан ирғиб туриб, рақсга тушиб кетдилар. Фестиваль унутилмас воқеага айланди. Дарҳақиқат, Комилжон Отаниёзовнинг “Лазги”сидан мутлақо мусиқавий диди бўлмаган кишигина таъсирланмаслиги мумкин.

Аслида, самарқандликларнинг аксарияти Тошкент-Фарғона йўналишида қўшиқ айтадиган хонандаларни хуш кўрадилар. Бу йўналишда Фахриддин Умаров, Маъмуржон Узоқов, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов каби санъат дарғалари куйлаганлар. Зикр қилинган хонандаларнинг ҳар бири ўзбек мусиқий қатортоғининг бир юқори чўққисидир. Аммо, назаримда, Комилжон Отаниёзов қатортоғ юқори чўққиларининг энг баланд чўққисидир, Эверестидир!

Ҳали ўсмирлик чоғларимдаёқ бу улуғ ҳофизга меҳр қўйгандим. Ўша вақтлар, яъни ўтган асрнинг 60-йиллари мусиқа ёзиб олиш, эшитишнинг ҳозирги замон техникаси мавжуд эмасди. Лекин ҳамма хонадонларда сим билан тортиб келинган радиолар бўларди. Улардан янги хабарлар, қўшиқлар, адабий-бадиий дастурлар, спорт репортажлари эшитиларди. Бошқа хонандалар қаторида Комилжон Отаниёзовнинг ҳам қўшиқлари ҳамиша янграб турарди. Айниқса, у Огаҳийнинг Навоий ғазалига мухаммаси билан айтиладиган “Шитоб айлаб”ни куйлаганида радиони илинган жойидан олиб, қулоғимга босардим, қўшиқ ичига кириб кетардим гўё...

Тун ақшом келди кулбам сори ул гулруҳ шитоб айлаб,

Хироми суръатидин гул уза хайдин гулоб айлаб.

Комилжон Отаниёзов қўшиқ учун шеър танлашни энг муҳим нарса, деб билган. У шеъриятни яхши тушунарди. Отаси Хоразмнинг кўзга кўринган шоири эди. Ҳофизнинг ўзи ҳам шеър ёзган. Таъкидлаш лозимки, Комилжон Отаниёзовнинг қўшиқларида сўз ва оҳанг олий даражада уйғунлашган. У қўшиқ матнини сайлаганда, авваламбор унинг маъносига, мазмунига аҳамият берган. Сўнг унга оҳанг яратардики, мавзу шеър мазмунини тўлдирарди, шеър оламининг асрорини ёритарди, андоза жиҳатидан шеър рукнлари мусиқий рукнларга мувофиқ келарди.

Буюк хонанда Хоразм достон қўшиқлари асосида янгича услуб яратди ва бу услубда ижод қилган “Салом сенга Хоразмдан”, “Муборак”, “Ватан”, “Олқиш”, “Ўзбекистон” каби қўшиқлари ўзининг оммабоплиги ва халқчиллиги билан ажралиб туради.

Комилжон Отаниёзовнинг ижрочилик маҳорати шу даражада юксакки, у кўп ашулаларини нотанинг паст пардаси “до”дан бошлаб юқори парда – “си”гача чиқаради, ундан яна маҳорат билан “до”га туширади. Тингловчи эса қўшиқ жозибасига берилиб кетиб, бу жараённи англамасдан қолаверади. Бу жиҳатдан машҳур “Найларам” қўшиғини мисол келтириш мумкин.

Комилжон Отаниёзов халқнинг севимли хонандасигина эмас, балки асл инсон сифатида ҳам беназир бўлганига имон келтирамиз. У камтар, ҳамиша эзгу ишларга қўл урадиган инсон бўлган. Ўтган асрнинг 70-йилларида Самарқандга келганида, у ҳазрат Хизр масжидига зиёратга боради. У ерда самарқандлик моҳир уста Насрулло Соҳибназаров ишлаётган бўлади. Уста Насрулло Комилжон Отаниёзовни таниб, унинг санъатига таҳсин айтади. Шунда улуғ санъаткор устага қараб: “Бизнинг санъатимиз сизнинг санъатингиз олдида ҳеч нима эмас”, дейди.

Қизиқ, бугун ёшим анчага бориб қолгани сабаблими, Комилжон Отаниёзов санъатининг даражаси, сеҳри, беқиёс маҳоратини янада яхшироқ тушунаётгандекман. Ҳофиз сифатида унинг етуклиги сири шундаки, у мумтоз мусиқамизни ва халқ оҳангларини ҳар томонлама қунт билан ўрганиб, ижодини такомиллаштирган. Унинг ижодида халқимизнинг бой мусиқий маданияти юксак даражага кўтарилди. Баланд мусиқавий дидга эга бўлган халқимиз ҳамма ҳофизларни ҳам тан олавермайди. Фақат халқнинг юксак дидига мувофиқ асарлар ижод қила оладиган санъаткорларгина буюк санъаткор сифатида тан олинади ва ўзбек халқининг бой маданияти тарихида мангу қолади. Комилжон Отаниёзов айнан мана шундай санъаткорлардан эди.

Нўъмон Маҳмудов


Охирги ўзгариш: 21/08/2015 22:55.   Кўрилганлиги: 1648
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/ozbek-sanatining-everesti

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 2

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.