ЎТГАНЛАРНИ ХОТИРЛАШ, КЕКСАЛАРНИ ЭЪЗОЗЛАШ – БИЗНИНГ ФАРЗАНДЛИК БУРЧИМИЗДИР

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 9 май – Хотира ва қадрлаш куни мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланмоқда

Хотира – ўтганларни эслатиб туради, ўзликни англатади. Қадр – инсонни улуғлайди, жамиятни безайди. Хотира ва қадрлаш куни мазмун-моҳиятида ана шундай эзгу тамойиллар мужассам.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда тинчлик-осойишталик, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик мустаҳкам қарор топди. Катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, меҳр-оқибат туйғулари одамлар қалби ва шууридан чуқур жой олди. Аждодлар хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, бугун сафларимизда юрган, элу юрт тинчлиги ва равнақи йўлида хизмат қилган кексаларни эъзозлаш маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди.

Нуронийларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, ҳаётини мазмунли қилиш, кўнглини кўтариш йўлида амалга ошириб келинаётган ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 13 октябрдаги “1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан уларни ижтимоий ҳимоялаш кўлами янада кенгайди. Хусусан, уруш ва меҳнат фронти фахрийлари йилига бир марта санаторий-соғломлаштириш муассасаларида бепул даволаниш имкониятига эга бўлди.

Президентимиз ташаббуси билан 2015 йил мамлакатимизда Кексаларни эъзозлаш йили, деб номланди. Шу муносабат билан қабул қилинган Давлат дастури доирасида ёши улуғ инсонларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада яхшилаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш, тизимли асосда соғломлаштириш каби хайрли ишлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 19 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари – 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини “Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги” эсдалик юбилей медали билан мукофотлаш тўғрисида”ги ҳамда 6 мартдаги “1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонлари кексаларимизга кўрсатилаётган эъзоз ва эҳтиромнинг мантиқий давоми бўлди. Мазкур фармонларга мувофиқ уруш қатнашчилари ва ногиронларига юбилей медаллари, пул мукофотлари ва байрам совғалари тантанали равишда топширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 14 апрелда қабул қилинган “Кексаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони нуронийларимизга қўшимча рағбат, катта руҳий мадад бўлди.

Бу йил Хотира ва қадрлаш куни Кексаларни эъзозлаш йилида нишонланаётгани унинг аҳамиятини янада оширмоқда. Байрам “Жасорат, бурч, матонат” шиори остида кенг нишонланмоқда.

9 май. Пойтахтимиздаги Хотира майдони ҳар қачонгидан гавжум. Бу ерга уруш ва меҳнат фахрийлари, сенаторлар ва депутатлар, ҳукумат аъзолари, ҳарбийлар, жамоатчилик вакиллари ташриф буюрди.

Майдон узра маҳзун мусиқа таралади.

Соат 14:30. Майдонга Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов кириб келди.

Давлатимиз раҳбари ҳарбий оркестр садолари остида Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйди.

Президентимиз Иккинчи жаҳон урушида жон фидо қилган юртдошларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

– Бугун Ватанимиз, халқимиз Улуғ Ватан урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 70 йиллигини кенг нишонламоқда, – деди Ислом Каримов оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбатда. – Ана шу буюк сана билан аввало урушда қатнашган, мардлик ва жасорат кўрсатган барча уруш фахрийларини, шулар қаторида фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизни, бутун халқимизни табриклаш, уруш майдонларидан қайтмаган, бугунги мусаффо осмонимиз учун жон берган ватандошларимиз хотираси олдида бош эгиш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарз, деб биламан.

Бугун ҳеч кимга сир эмас: миллион-миллионлаб одамлар ҳалок бўлишига сабаб бўлган, мислсиз йўқотишлар, талафот ва мусибатлар олиб келган бу уруш инсоният тарихидаги энг даҳшатли, энг қонли қирғин бўлганини бу дунёда ҳеч ким унутмайди. Ва фашизм устидан қозонилган ғалаба нақадар қимматга тушганини юртимизда яшаётган ҳар қайси оила, ҳар қайси одам яна ва яна бир бор англаши, қалбидан ўтказиши табиийдир, деди давлатимиз раҳбари.

Ўзбекистонда ўша пайтда 6,5 миллион халқ яшаган бўлса, шунинг 1,5 миллиондан кўпроғи урушда қатнашганининг ўзи, қисқа қилиб айтадиган бўлсак, барча эркаклар, мардларимиз қўлига қурол олиб, ягона душманимизга қарши чиққанидан далолат беради.

Қарийб ярим миллион юртдошимиз шу урушда ҳалок бўлгани, қанча-қанчаси ногирон, майиб-мажруҳ бўлиб қайтгани, қанча-қанча аёллар бева, болалар етим бўлиб қолганини ҳар қайси оила ҳали-бери эсидан чиқармайди. Бошқача қилиб айтганда, юртимизда бирорта хонадон йўқки, мана шу мудҳиш урушнинг жабрини ўз бошидан ўтказмаган бўлса.

Халқимиз айни шундай оғир вазиятда кунни – кун, тунни – тун демасдан, машаққатли меҳнат қилиб, фронт учун, ғалаба учун муносиб ҳисса қўшгани ҳеч эсимиздан чиқмайди, деб таъкидлади Президентимиз.

Уруш бошланиши билан фронт ҳудудларидан Ўзбекистонга кўчирилган 1 миллионга яқин оила ва болаларни эл-юртимиз қабул қилгани, охирги бир бурда нонини ҳам улар билан баҳам кўргани, “Сен етим эмассан” деб, уларнинг барчасини ўз бағрига олиб, нафақат бошпана бергани, ўз қалбини очиб, меҳр-мурувват кўрсатганини унутиб бўладими ўзи?!

Ҳар қайси халқнинг одамийлиги ва маънавий қадриятлари, меҳр-оқибат ва олижаноблиги ана шундай унутилмас дамларда яққол намоён бўлади, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан.

Бизнинг ота-боболаримиз бешафқат жанг майдонларида мардлик ва матонат кўрсатгани учун уларнинг 338 нафари Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлгани, минг-минглаб юртдошларимиз жанговар орден ва медаллар билан тақдирлангани – буларнинг барчасини халқимизнинг фашизмга қарши курашда кўрсатган жасорати ва ботирлигининг амалий намойиши деб биламиз.

Вақт ўтади, замонлар ўтади, деди Ислом Каримов, лекин Ватан озодлиги ва эркинлиги, эл-юртимизнинг тинч ва осуда ҳаётини ҳимоя қилишда курашиб жон берган ўғлонларининг номлари ва хотираси кўпни кўрган, ҳеч қачон ёвуз душман олдида бош эгмаган халқимизнинг ёдида умрбод, абадий сақланади. Бу фазилат эл-юртимизнинг эзгу одатига, қадриятига айланиб кетган.

Шуларни ҳисобга олган ҳолда, бундан 17 йил олдин 9 май – Ғалаба кунига юртимизда Хотира ва қадрлаш куни деб ном бериб, нақадар тўғри иш қилганимизни вақт ўтиши билан бугун ҳаётнинг ўзи тобора тасдиқлаб бермоқда.

Бунинг яққол ифодасини пойтахтимиз Тошкент шаҳрининг марказида ва жойларда барпо этилган Хотира майдонлари айни шу кунларда урушдан қайтмаганларни эслаш, уларнинг хотираси, арвоҳлари олдида бош эгиш учун келган ёшу қарилар, аҳолимиз ва чет эллик меҳмонлар билан гавжум бўлганида кўриш, кузатиш мумкин.

Бу ҳақда сўз юритганда, энг аввало бизнинг эътиборимиз марказида турган энг шарафли вазифамиз – урушда қатнашган, бугун сафимизда бўлган, ҳар қадамда бизни қўллаб-қувватлаб келаётган фахрийларимиз ҳақида алоҳида гаплашиб олишимиз зарур, деб биламан.

Ўйлайманки, ҳаммамиз яхши биламиз – биз яшаётган ҳаёт – бу оқар дарё, дейди халқимиз. Яъни, бошқача айтганда, бу дунё ғанимат эканини эсимиздан чиқармасдан, бешафқат урушда қатнашган, фронт ортида ўзини аямасдан меҳнат қилган ватандошларимизни қадрлаш, эъзозлаш, умрини узайтириш, уларни эслаб, ҳолидан хабар олиш, руҳини кўтариш – бундай эзгу ишлар барчамизнинг энг олижаноб бурчимиз бўлиши шарт.

Бу аввало раҳбарларнинг, вазифада ўтирганларнинг бурчи эканини, улар фахрийлар билан тез-тез учрашиб туриши, иложи борича уларнинг ҳаётидаги муаммоларнинг ечимини топиши, бундай амалий эътиборнинг аҳамиятини ҳеч қачон эсидан чиқармаслиги зарур, деди Юртбошимиз.

Бу борада Кексаларни эъзозлаш йили, деб ном олган жорий йилда, жумладан, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан мамлакатимизда қандай кенг кўламли, катта чора-тадбирлар амалга оширилаётганини халқимиз, аввало ҳурматли фахрийларимиз яхши биладилар.

Лекин ҳаёт дегани муаммосиз бўлмайди. Шу маънода, ёши улуғ инсонларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг тиббий, маиший шароитларини янада яхшилаш биз учун доимо долзарб вазифа сифатида туриши даркор.

Инсон, халқ, миллат тарихий хотира билан тирик ва барҳаётдир.

Ҳеч шубҳасиз, Улуғ Ватан урушида барча халқлар билан бирга бўлиб, фашизм балоси устидан қозонган Ғалабамизни, бу урушда халқимиз кўрсатган матонат, мардлик ва қаҳрамонлик намуналарини авлодларимиз асло унутмайди, жанг майдонларида бизнинг ўғлонларимиз нимага қодир эканини доимо ғурур ва ифтихор билан эслайди, деди Ислом Каримов.

Шу борада биз ҳаётимизнинг бир ҳақиқатини ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз керак. Мана шу бешафқат урушда, жанг майдонларида қурбон бўлган ота-боболаримиз қандайдир тепалик ёки қандайдир “улуғ доҳий” учун эмас, аввало, ўз юрти, ота-онаси, севган ёри, фарзандлари учун жон берган, “Қани энди, юртимни, ўзимнинг азизларимни яна бир бор кўрсам”, деб ҳаётдан кўз юмган, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди.

Мана шундай ўз юртини севиш, бетакрор она Ватанига садоқатли бўлиш, ҳеч шубҳасиз, халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган фазилат, десам, адашмаган бўламан.

Истиқлол даврида туғилиб вояга етган, мустақил ва янгича фикрлайдиган, буюк мақсадлар сари интилаётган фарзандларимиз ота-боболаридан мерос бўлиб қолган ўз юртини, туғилган тупроғини муқаддас деб билиши, унинг эртанги ёруғ куни учун бутун борлиғини бағишлашга, керак бўлса, жонини фидо қилишга тайёр бўлиши – буларнинг барчаси бугун ҳал қилувчи кучга айланиб бораётган ёшларимиз ҳаётининг узвий бир қисмига айлангани ҳаммамизга ишонч ва куч-қувват бағишлайди, деди Юртбошимиз.

Мана шу даҳшатли уруш хаёлимиздан ўтар экан, яна бир ҳақиқатни айтмасдан ўтишга ҳаққимиз йўқ.

Гап бошимиздан кечирган қонли ва бешафқат уруш бошқа ҳеч қачон қайтмаслиги, бундай фожиа ва қирғинларнинг олдини олиш ва улардан одамзотни асраш ҳақида кетмоқда.

Бугун бир фикрни ҳеч иккиланмасдан айтиш керак: бизнинг халқимиз кўпчилик халқлар қатори нимани истайди, нимани хоҳлайди – бизга тинчлик керак, бизга омонлик керак! Эртанги кунимиз ёруғ, осмонимиз мусаффо бўлсин, барчамиз ўз орзу-ниятимизга етайлик!

Бизга, қолаверса, ер юзидаги барча халқларга ана шундай, бир қарашда жуда оддий, лекин аниқ нарсалар керак!

Аммо, минг афсуски, деб таъкидлади Президентимиз, бунинг ўрнига бугун шиддат билан ўзгариб, тоборакескинлашиб бораётган дунёда, узоқ ва яқин атрофимизда бунга тескари воқелик, вазият хатарли тус олмоқда ва барчамиздан бепарволикка йўл қўймасдан, доимо огоҳ, сезгир ва ҳушёр бўлишни замонамизнинг ўзи талаб қилмоқда.

Жаҳоннинг турли минтақа ва ҳудудларида қарама-қаршилик ва зиддиятлар, қонли можаролар, халқаро терроризм, экстремизм, наркотрафик каби хавф-хатарлар тобора кучайиб бормоқда, фашизм деган бало яна бош кўтармоқда, миллатчилик, шовинизм сингари офатлар майдонга чиқмоқда.

Бутун инсониятни ташвишга солаётган бундай мураккаб шароитда барча тинчликсевар кучларнинг саъй-ҳаракат ва имкониятларини ягона мақсад йўлида сафарбар этиш, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик кенгаши ва бошқа нуфузли халқаро институтларнинг ўрни ва таъсирини кучайтириш янада муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тобора кескинлашиб бораётган бундай вазиятда, таҳдид ва хатарларни ҳисобга олган ҳолда, бизнинг Ўзбекистонимиз олиб бораётган сиёсат халқимизга яхши маълум. Яъни, биз узоқ ва яқин атрофимиздаги барча давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашни ўзимизнинг биринчи даражали вазифамиз, деб биламиз.

Биз дунёнинг турли ўлкаларида давом этаётган зиддият ва қарама-қаршиликларни фақатгина сиёсий йўл билан, тинчлик йўли билан ҳал этиш тарафдоримиз, деди давлатимиз раҳбари.

Биз ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокка қўшилмаймиз, Ўзбекистон ҳудудида чет эл ҳарбий базаларининг жойлашувига, ҳарбий хизматчиларимизнинг мамлакатимиз ташқарисида бўлишига йўл қўймаслигимиз зарур, деб ҳисоблаймиз.

Биз бугун, ҳақиқатан ҳам, қандай гўзал, бетакрор заминда яшаяпмиз. Шу маънода, “Биз кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?” деган саволни олдимизга қўйиб, ҳозирги ҳаётимизни кечаги кунимиз билан солиштирадиган, қиёслайдиган бўлсак, ўйлайманки, орамизда Ватанимизнинг бугунги тараққиёти билан фахрланмайдиган, буни қадрламайдиган одамнинг ўзи йўқ, десам, адашмаган бўламан.

Олдимизда турган энг устувор вазифалар ҳақида гапирадиган бўлсак, деди давлатимиз раҳбари, энг муҳими, барчамизнинг бошлаган ишларимизнинг давомчиси бўлган, барча масъулиятимизни ўз зиммасига олишга қодир бўлган фарзандларимиз – ёшларимиз, янги авлодларимизга равон йўлларни очиб беришга эътиборимизни янада кучайтиришимиз зарур ва уларни ҳар қандай бало-қазолардан асрашимиз керак.

Яқинда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кўмагида АҚШнинг Колумбия университети социологлари томонидан “Дунёнинг энг бахтли мамлакатлари” деган мавзуда тадқиқот ўтказилди ва унинг натижалари матбуотда эълон қилинди.

Ана шу тадқиқотга кўра, Ўзбекистонимиз мазкур рейтингда 158 мамлакат орасида 44-ўринни, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари ўртасида эса биринчи ўринни эгаллаган.

Бу ниманинг далолати, бу ниманинг исботи?

Бу авваламбор мустақиллик даврида биз эришган улкан марраларни, иқтисодиётимиз барқарор суръатлар билан ривожланаётгани, одамларимизнинг ҳаёт даражаси ва сифати ошиб бораётгани ва бу ютуқларни дунё ҳамжамияти яна бир бор тан олаётганини кўрсатади, деб таъкидлади Президентимиз.

Энг муҳими, буларнинг барчаси кўпни кўрган, эртанги кунга катта ишонч билан яшаётган, иродаси бақувват, иймони бутун халқимизнинг меҳнати, мардлиги ва матонатининг натижасидир.

Буларнинг барчасини Ўзбекистонимиз Оллоҳнинг назари тушган табаррук юрт эканининг, Худонинг ўзи йўлимизни очиб бераётганининг тасдиғи деб биламиз.

Бизнинг тилагимиз, истагимиз шуки, Яратганимиз биздан ўз марҳаматини дариғ тутмасин, ёмон кўзлардан ўзи асрасин, эзгу ишларимизда доимо ўзи мададкор бўлсин, деди пировардида Ислом Каримов.

* * *

Шу куни Мотамсаро она ҳайкали пойи гулларга бурканди. Хотира майдони оқшомга қадар юрт тинчлиги ва озодлиги, авлодларнинг порлоқ истиқболи учун жонини фидо қилган ватандошларимиз хотирасига ҳурмат бажо этиш учун келган зиёратчилар билан гавжум бўлди.

ЎзА


Охирги ўзгариш: 11/05/2015 21:10.   Кўрилганлиги: 582

 

Сўровнома


Сайтимиздан ўзингиз учун зарур маълумотни олдингизми?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 5

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг