Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Ўтганларни хотирлаш эзгу амаллардан бири

Ўтганларни хотирлаш эзгу амаллардан бири

Инсоният тарихидаги энг даҳшатли ва қирғинбарот уруш дея тилга олинадиган II жаҳон урушида Самарқанддан 160 минг нафардан зиёд ҳамюртларимиз жон олиб жон берди. Уларнинг салкам 47 минг нафарига урушдан қайтиш насиб этмади. 

Бугунги авлодларнинг тинч ва осуда ҳаёти учун қурбон бўлган боболаримиз, фронт ортида заҳмат чеккан фахрийларимиз хотираси қалбларимизда мангу яшайди. Уларнинг номи абадиятга муҳрланган.Айни пайтда ҳаёт гаштини сураётган 131 нафар
II жаҳон уруши қатнашчилари ҳамда 6 ярим мингдан зиёд меҳнат фахрийлари бугунги миннатдор авлодларнинг эъзозию-эҳтиромида. Улар бетимсол қаҳрамонлик, Ватанга муҳаббат, юртга фидойилик рамзига айланган биз учун. Самарқанд вилоятида «Хотира ва қадрлаш куни»га алоҳида ҳозирлик кўрилди ва ушбу сана ўзига хос тарзда кенг нишонланди. Уруш ва меҳнат фахрийлари дастлаб вилоят марказидаги Кўксарой майдонида жамулжам бўлишди. Бу ерда улар бир-бирлари билан дийдорлашишди.

 

Шундан сўнг маросим Самарқанд шаҳридаги Хотира майдонида давом этди. Ушбу майдон бугунги авлодларга тинчлик ва осойишталикнинг қадри нечоғли баланд эканини эслатиб туради гуё. Тинчлик йўлида жон фидо этган ўғлонлар, жангу-жадалларда ҳалок бўлган аждодларимизнинг муборак номлари яна бир бор ёдга олинди. Нуроний отахону-онахонларга боқиб, уларнинг юз-кўзларида бугунги дориломон кунлардан шукроналик ҳисси акс этганини сезасиз. Уларнинг руҳи тетик, шашти  баланд. 


Сана муносабати билан давлатимиз раҳбарининг фармонига асосан, вилоятда истиқомат килаётган II жаҳон уруши фахрийларига 2 миллион сўмдан пул мукофоти топширилди. Давлатимиз раҳбарининг совғалари уларнинг уйларига етказиб берилди. Шу кунга қадар 60 нафарга яқин уруш қатнашчилари автомашина соҳибига айланди. 6 нафар фахрийнинг уй-жойи салкам 100 миллион сўмга яқин маблағ сарфланиб, таъмирлаб берилди.


 Ўз зиммасига тушган ўта қийин вазифани шараф билан уддалаган кекса авлод вакиллари бугун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эътибор ва эъзозда. Сана муносабати билан уруш ва меҳнат фахрийлари учун байрам дастурхони ёзилди. Нуронийлар бир пиёла чой устида дилдан суҳбат қурдилар. Уларга совға-саломлар улашилди. Санъаткорларнинг тинчлик-осойишталикни, Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлари байрамга янада файз бағишлади. Сана муносабати билан ўтказилаётган тадбирлар маҳаллалар, корхона ва ташкилотларда, таълим муассасаларида давом этмоқда.


Охирги ўзгариш: 06/05/2017 20:39.   Кўрилганлиги: 1501
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/otganlarni-xotirlash-ezgu-amallardan-biri

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 4

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.