Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ОСУДА ҲАЁТ – ТАРАҚҚИЁТ ВА БАРҚАРОРЛИК КАФОЛАТИ

ОСУДА ҲАЁТ – ТАРАҚҚИЁТ ВА БАРҚАРОРЛИК КАФОЛАТИ

Самарқанд шаҳридаги концерт залида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 23 йиллиги муносабати билан тантанали йиғилиш ўтказилди.

Унда вилоят фаоллари, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий соҳалар илғорлари, нуронийлар ва ёшлар иштирок этди.

Йиғилишни Самарқанд шаҳар ҳокими А.Шукуров очди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради.

Вилоят ҳокими З.Мирзаев тадбир иштирокчиларини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 23 йиллиги билан табриклади.


– Мамлакатимиз тараққиётининг мустаҳкам пойдевори, барчамиз учун муқаддас саналган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун ҳар бир юртдошимиз ўзгача фахр-ифтихор ва юксак ғурур билан нишонлайдиган айёмга айланган, – деди вилоят ҳокими. – Зеро, Бош Қомусимиз ҳуқуқий демократик давлат, эркин фуқаролик жамияти, фаровон ҳаёт барпо этишнинг ҳуқуқий кафолати, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мустаҳкам қонуний асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда сайёрамизнинг кўплаб минтақаларидаги нотинчликлар, ҳатто ривожланган давлатлардаги сиёсий парокандалик ва зиддиятлар иқтисодий инқирозларга олиб келиб, халқ турмуш даражасининг пасайиб кетиши, кишиларнинг эртанги кунга ишончи йўқолишига сабаб бўлмоқда. Дунёдаги вазият мураккаблашиб, давлатлар ва халқлар ўртасидаги муносабатлар чигаллашиб бораётган ана шундай шароитда Муҳтарам Президентимиз томонидан олиб борилаётган оқилона ички ва ташқи сиёсат туфайли мамлакатимизда ислоҳотлар изчиллиги, халқимизнинг тинч-осуда ва фаровон турмуш кечириши таъминланмоқда. Кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари давом этаяпди.


Буни вилоятимиз мисолида кўрадиган бўлсак, биргина жорий йилда 40 та спорт иншооти, 7 та янги мактаб қурилди, 50 тасида реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари бажарилди. Шунингдек, 16 та касб-ҳунар коллежи, 9 та тиббиёт муассасаси реконструкция қилинди, болалар мусиқа ва санъат мактаблари яна биттаданга кўпайди.

Вилоятимизнинг учта туманида 192 та ёш оила учун “Камолот” уйлари қурилиб, имтиёзли кредитлар асосида топширилган бўлса, яқин кунларда Пайариқ тумани, Каттақўрғон ва Самарқанд шаҳарларида 144 та оила ана шундай хонадонларга эга бўлади.

Аҳолининг маданий хордиқ чиқариши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун тегишли дастурлар асосида жойларда 4 та маданият ва истироҳат боғи, 12 та маданият ва дам олиш маскани бунёд этилди.

Бундай яратувчанлик ишлари, албатта, мамлакатимиз иқтисодий қудратининг ошиб бораётгани, халқимизнинг фидокорона меҳнатлари самарасидир. Вилоятимизда йил бошидан буён 1700 та кичик, 190 та оилавий корхона ташкил этилди. Саноат йўналишида қарийб 300 миллиард сўмлик 400 та лойиҳа амалга оширилди. Фаолият кўрсатаётган қўшма корхоналар сафи янада кенгайиб, жами 257 тага етди.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида эришилаётган натижалар ҳам йилданйилга бўй кўрсатиш баробарида, соҳада жиддий ислоҳотлар олиб борилмоқда. Деҳқон ва фермерларнинг омилкорлиги, фидойилиги туфайли ғалла, пахта ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотларидан мўл ҳосил олинди. Бу борада республика миқёсида юқори кўрсаткичларга эришилди.

Турмуш фаровонлиги кўп жиҳатдан аҳоли бандлигининг таъминланиши, ҳар бир инсоннинг меҳнат қилиб, даромад олишга эришиши билан боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, жорий йил бошидан буён вилоят бўйича 80 мингдан кўпроқ иш ўринлари ташкил этилгани ва бунинг асосий қисми хотин-қизлар ва ёшлар учун яратилгани эътиборли.

Ҳеч шубҳасиз, эришилаётган бундай ютуқларда ўзининг бой ҳаётий тажрибаси билан барчамизга тўғри йўл кўрсатаётган, хонадонларимизнинг файзи ва фариштаси бўлган нуронийларимизнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Президентимиз ташаббуси билан “Кексаларни эъзозлаш йили” деб номланган жорий йилда махсус давлат дастури ва ҳудудий дастурлар асосида фахрийларимизни ижтимоий муҳофаза қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, турмуш шароитларини янада яхшилаш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди.


Йил давомида барча туман ва шаҳарларда кексалар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Касаллик аниқланган отахон ва онахонларнинг юртимиздаги соғлиқни сақлаш муассасалари, санаторий ва дам олиш масканларида саломатликларини тиклашлари, хордиқ чиқаришлари учун кенг имкониятлар яратилди.

Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти фахрийлари, ёлғиз кексалар, ногиронларнинг уй-жойлари таъмирланди, йил давомида моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди. Ўндан ортиқ маданият ва истироҳат боғларида “Нуронийлар чойхонаси”, туманларда нуронийлар боғлари ташкил этилди.

Юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлида бажарилган фидокорона меҳнат доим давлатимиз томонидан эътироф этилган, қадрланган. Жорий йилда ҳам Президентимиз Фармонлари билан Ватанимиз мустақиллигининг 23 йиллиги арафасида ҳамда Ўқитувчилар ва мураббийлар куни муносабати билан Самарқанд вилоятидан ҳам бир гуруҳ юртдошларимиз давлатимизнинг юксак унвон, орден ва медаллари билан тақдирланган эди. Тантанали маросимда ушбу мукофотлар ўз эгаларига топширилди.


Мукофотланганлар номидан сўзга чиққан Самарқанд давлат тиббиёт институти бўлим бошлиғи, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Яхшинор Аллаёров бундай юксак эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик изҳор этиб, Ватанимиз тараққиёти йўлида хизмат қилишни ўзлари учун шараф деб билишларини таъкидладилар.

Тадбирда таниқли санъаткорлар ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури намойиш этилди.

Тантанали йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари У.Розуқулов сўзга чиқди.


Киритилган вақти: 03/12/2015 18:21.   Кўрилганлиги: 612
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/osuda-hayot-taraqqiyot-va-barqarorlik-kafolati

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 14

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг