Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ОСОЙИШТАЛИК УЧУН ҲАР БИРИМИЗ МАСЪУЛМИЗ

ОСОЙИШТАЛИК УЧУН ҲАР БИРИМИЗ МАСЪУЛМИЗ

Президентимизнинг 19 февралдаги “2016 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Самарқанд вилоятида ҳам ушбу айёмга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.

Халқимизга хос меҳр-мурувват, саховат ва бағрикенглик фазилатларини мужассам этган асл миллий, энг ардоқли байрамимиз ҳар бир оила, маҳалла, корхона ва ташкилотда кенг нишонланади. Халқ сайиллари олдидан жойларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳомийлар томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, кексалар ва ногиронлар ҳолидан хабар олиниб, уларга мурувват ёрдамлари кўрсатилмоқда.

Вилоятдаги ҳуқуқ-тартибот идоралари байрам тадбирларининг тинч-осойишта, жамоат тартиби ва хавфсизлиги таъминланган ҳолда ўтиши учун кенг кўламли профилактик тадбирларни амалга оширмоқда.

– Наврўз умумхалқ байрами тадбирларига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш даврида хавфсизликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида “Тозалаш-антитеррор” махсус тезкор-профилактик тадбири ўтказилмоқда, – дейди Самарқанд вилояти ИИБ масъул ходими, майор Аслиддин Эргашев. – Тадбир доирасида ички ишлар идоралари ходимлари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат ташкилотлари вакиллари жалб этилган ҳолда аҳоли турар жойлари, таълим ва тиббиёт муассасалари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш масканлари, оммавий тадбирлар ўтказиладиган жойларнинг хавфсизлик ҳолати ўрганилиб, зарур тавсиялар берилмоқда. Паспорт-виза қоидаларига риоя этилиши, тезкор-қидирув тадбирлари ҳамда профилактика ишлари самарадорлигини ошириш, ўта муҳим, тоифаланган иншоотлар қўриқловини кучайтириш, вилоятга кириш йўлларидаги йўл-патруль хизмати постларида транспорт воситаларини тегишли тартибда назоратдан ўтказиш ишлари давом эттирилмоқда.

Ушбу тадбирлар давомида аниқланган паспорт-виза тартибларига амал қилмаслик ва бошқа ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан тегишли чоралар қўлланилди. Аниқланган ҳолатларни бартараф этиш бўйича ҳокимликлар, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар раҳбарларига тақдимномалар киритилди.

Ижтимоий-сиёсий вазият мураккаб бўлган маҳаллаларда ҳуқуқ-тартибот идоралари ва жамоат ташкилотлари томонидан аҳолининг барча қатлами иштирокида учрашувлар ўтказилмоқда. Хусусан, муқаддам судланган ва жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган ҳамда ички ишлар идоралари ҳисобида турувчи шахслар, узоқ муддат хорижий мамлакатларда бўлган фуқароларнинг турмуш тарзи, меҳнат фаолияти ўрганилиб, заруратга қараб уларни ишга жойлаштириш, тегишли тартибда тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилмоқда.

Байрам сайиллари ўтказилиши муносабати билан Самарқанд шаҳрининг Алишер Навоий номидаги марказий маданият ва истироҳат боғи, “Ёшлик” ва “Сўғдиёна” боғлари, туман ва шаҳарлардаги марказий хиёбонларда жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ички ишлар идоралари ходимларининг туну кун навбатчилиги жорий этилган. Маҳаллаларда бу борада профилактика инспектори ҳамда маҳалла посбони ҳамкорлигида иш олиб борилмоқда.

Қисқача айтганда, бугун Наврўз умумхалқ байрамини шоду хуррамлик билан нишонлаш, халқ сайилларининг тинч-осойишта ўтиши учун зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бу ишга нафақат ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, балки барча масъулият билан ёндашиб, ҳисса қўшмоқда.

Ғ. Ҳасанов


Киритилган вақти: 17/03/2016 09:04.   Кўрилганлиги: 555
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/osoyishtalik-uchun-har-birimiz-masulmiz

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 12

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг