Халқ депутатлари Оқдарё тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда вилоят ҳокими З.Мирзаев иштирок этди ва маъруза қилди.


Қайд этилганидек, охирги беш йил ичида вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти 1,7 баробарга ошиб, Республика ялпи ички маҳсулотининг 6,6 фоизини ташкил этмоқда. Шу давр ичида аҳолининг реал даромадлари жон бошига 3,1 баробар ўсган.

Сўнгги беш йил давомида саноатни ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар ва корхоналарни модернизация қилиш, технологик янгилаш, инвестицияларни кенг жалб қилиш натижасида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми муттасил ошиб бориб, ялпи ҳудудий маҳсулотда саноатнинг улуши 2015 йил якуни билан 2011 йилдаги 10,7 фоиздан 14,9 фоизга кўтарилди ёки 4,2 фоизга ошди.

Эришилган бу ютуқларда Оқдарё тумани меҳнаткашларининг ҳам ҳиссаси каттадир. Оқдарё тумани тарихдан ўзининг меҳнаткаш, миришкор деҳқонлари, ишбилармонлари билан нафақат вилоятимизда, балки бутун республикамизда муносиб ўринга эга бўлиб келган.

Вилоят ҳокими туманда халқ хўжалигининг барча соҳаларида ҳали ишга солинмаган имконият ва ресурслар кўплиги ҳақида атрофлича тўхталиб, туман раҳбарияти томонидан йўл қўйилган камчиликларга тўхталди.

Сўнги вақтларда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланмаслик, бепарволик, сансоларлик, ўзибўларчиликка йўл қўйилганлиги оқибатида туманда бир қатор соҳаларда белгиланган режа ва топшириқлар бажарилмасдан қолиб кетди.

Хусусан, тумандаги “Оқдарё текстил” корхонаси пахта толасини қайта ишлаш лойиҳалари бўйича қурилиш ишлари 75-80 фоизга бажарилган бўлсада, бугунги кунда ишлар батамом тўхтаб қолган. Туманда енгил саноат, тўқимачилик ва тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган замонавий корхоналар йўқ. Етиштирилган 1,2 млн тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 18,1 фоизи, 132 минг тонна сут махсулотларининг 2,1 фоизи ва 244,5 минг тонна гўшт маҳсулотларининг атиги 0,5 фоизи саноат усулида қайта ишланиши ачинарли ҳолдир.

Бу каби мисоллар халқ депутатлари туман Кенгашининг ўтган сессияларида билдирилган фикр-мулоҳазалар ва республика раҳбарияти томонидан берилган топшириқлардан туманнинг келажагини ўйлаб тўғри хулоса чиқармасдан иш олиб борилганлигини кўрсатиб турибди. Ќайд этилганидек, юқоридаги камчиликлар юзага келган туманда ишлар ҳам бугунги кун талаби даражасида бўлмайди, шунинг учун бўлажак раҳбар ва мутасаддилар олдида, энг аввало, бу каби ҳолатларни аниқлаш ва бартараф этишда самарали меҳнат, кечаю-кундуз халқ манфаати, фаровонлиги йўлида ишлаш, ўзига ва қўл остидагиларга нисбатан талабни ошириш, жон куйдириш талаб этилади.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Нурали Абдиганиевич Бердибаев ўз аризасига биноан туман ҳокими вазифасидан озод этилди. Вилоят ҳокими тавсиясига кўра, Усаров Пирматбой Туранович Оқдарё тумани тумани ҳокими этиб тасдиқланди.

Сессияда туман Кенгаши депутатлари, фаоллар сўзга чиқиб, вилоят ҳокимининг нутқида қайд этилган камчилик ва нуқсонларни бартараф этиш, бу борада ҳамжиҳатлик билан меҳнат қилишларини билдирдилар.

 

***

 


Охирги ўзгариш: 04/11/2016 21:21.   Кўрилганлиги: 1286

 

Сўровнома


Сайтга баҳо беринг

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 7

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг