Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

ОБОД ЮРТДА ЯШАШ БАХТИ

ОБОД ЮРТДА ЯШАШ БАХТИ

Мана азизлар, фаслларнинг келинчаги, уйғониш ва яшариш фасли бўлган баҳор ҳам кириб келди. Ҳадемай, эл – юрт тўкин – сочинлиги йўлида ўзини аямайдиган бобо деҳқонларимиз ҳам далалари томон йўл оладилар. Шаҳар ва қишлоқларимиз қишги уйқудан уйғониб, кундан – кунга кўкаламзорга айланиб, инсоннинг баҳри дили очиладиган даражада чирой очади. 

Аллоҳга шукрки, осмонимиз мусаффо, юртимиз обод, халқимиз иноқ ва забардаст, оқкўнгил ва танти. Бу хайрликларнинг барчасига сабаб, диёнатли қалбларимиз ва юртбошимиз атрофларида барқарорлик ва фаровонлик йўлидаги ўзаро бирлашишимиздир. 
Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 3 февралдаги «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида, маҳаллалар нуфузини янада ошириш йўлида ҳукумат даражасида бир қанча Давлат дастурлари ишлаб чиқилди. Мана шундай дастурлардан бири «Маҳалла куни» ни кенг, оммавий тарзда нишонлашдир. Бундан асосий мақсад маҳаллаларда истиқомат қиладиган турли миллат ва элатлар вакиллари, турли динларга мансуб бўлган фуқаролар ўртасидаги толерантлик ва диний бағрикенглик ғояларини ривожлантиришдан иборат.

Бугун Самарқанд шаҳар «Қуйи Хўжа Саҳат» маҳалла фуқаролар йиғини марказида Наврўз байрамига бағишланган «Юқори Хўжа Саҳат», «Ўрта Хўжа Саҳат» ва «Қуйи Хўжа Саҳат» маҳаллалари оқсоқоллари ва фаоллари томонидан ҳамкорликда «Маҳалла куни» сайли ўтказилди. Ушбу тадбир эрта тонгдан ҳамшаҳарларимизни карнай сурнайлар билан байрамга чорлаш, Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси, Қуръон тиловати, отахонларимизнинг Ватанимиз ва халқимиз ҳақига хайрли дуолари билан бошланди. 

Шундан сўнг Самарқанд марказий горнизони оркестри томонидан мусиқий композициялар ижро этилди. 

Ушбу байрам тантаналарида 71-мактаб, 72-мактаб ўқувчилари ҳамда «Регистон юлдузи» ва «Олтин болалигим» хусусий нодавлат мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларининг саҳна чиқишлари, Самарқанд шаҳар 3-сонли мусиқа мактаби «Зарб Самарқанд» доирачилар ансамблининг мусиқий чиқишлари, «Ўрта Хўжа Саҳат» маҳалласидан чиқиш қилган ёш скрипкачи ва рубобчи, умуман, барча болажонларимизнинг беғубор қабларидан янграган, куй – қўшиқлари ва рақслари сайлда иштирок этган ҳамшаҳарларимизга ўзгача завқ – шавқ бағишлади. 

Азалдан Наврўз байрамида гўзал удумларимиздан бўлган келин саломлар, миллий ўйинларимиз хўроз уриштириш (хўроз давра) ва тухум уриштириш байрам иштирокчиларига мароқ бағишлади.

Маҳалла марказида барпо этилган спорт залида миллий кураш, теннис секторида стол тенниси, шахмат ва шашка бўйича маҳаллалараро мусобақалар ўтказилди. Мазкур мусобақаларда учала маҳалла ёш спортчилари ўз маҳоратларини намойиш этдилар. 

Обод юртга байрамлар ярашади деганларидек, «Юқори Хўжа Саҳат», «Ўрта Хўжа Саҳат» ва «Қуйи Хўжа Саҳат» маҳаллалари хотин – қизлари томонидан тузилган шарқона «Наврўз дастурхони» кўргазмаси ташкил этилиб, жюри аъзолари томонидан «Энг яхши шарқона дастурхон» номинацияси томонидан баҳоланди.

«Маҳалла куни» сайл дастуридан 71-мактаб ва 72-мактаблар ўқувчиларининг моҳир қўллари билан яратилган тасвирий санъат ва турли келинлар учун тайёрланган нозук қўл меҳнати асарлари кўргазмаси ҳам ташкил этилди. 

Байрам сайли тантаналарида Самарқанд вилоят «Нуроний» жамғармаси раиси Ҳасан Норбекович Нормуродов, Самарқанд шаҳар ҳокими Фурқат Жалолович Раҳимов, Самарқанд шаҳар «Нуроний» жамғармаси раиси Амриддин Муҳиддинов, Самарқанд вилоят «Маҳалла» жамғармаси вакиллари, Самарқанд шаҳар идора ва ташкилотлари вакиллари, маҳалла раислари иштирок этдилар. 

Сўзга чиққан Самарқанд вилоят «Нуроний» жамғармаси раиси Ҳасан Норбекович Нормуродов ва Самарқанд шаҳар ҳокими Фурқат Жалолович Раҳимовлар азиз хотин – қизларимизни 8-март халқаро хотин-қизлар куни ва Наврўз айёми билан муборакбод этиб, турли номинациялар бўйича ташкил этилган мусобақаларда ғолиб чиққан фуқароларга фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғаларини топширдилар.

Шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати 


Охирги ўзгариш: 09/03/2019 14:34.   Кўрилганлиги: 1068
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/obod-yurtda-yashash-baxti

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 5

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.