Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

НОДАВЛАТ ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ – ЭРКИН ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ КЎЗГУСИ

НОДАВЛАТ ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ – ЭРКИН ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ КЎЗГУСИ

Самарқандда “Мамлакатни демократлаштириш ва модернизация қилиш жараёнларида нодавлат электрон ОАВ ролини ошириш: Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясининг Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган медиа кунлари доирасидаги тадбир Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси, ЮНЕСКО ва ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, халқаро ташкилотлар, хорижий давлатларнинг мамлакатимиздаги элчихоналари ва ваколатхоналари вакиллари, Германия, Франция, Литва, Болгария, Чехия, Россиядан келган экспертлар, пойтахт ва ҳудудий телерадиостанциялар раҳбарлари, журналистлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси раиси А.Саидов, Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бошқаруви раиси Ф.Абдухолиқов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини одамлар ўз фикрларини, содир бўлаётган воқеаларга муносабати ва позициясини эркин ифода этадиган минбарга айлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Шу мақсадда халқаро талаб ва стандартларга тўла мос келадиган қонунчилик базаси яратилди. Оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш, эркин фаолият кўрсатишига қаратилган қонунлар, ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди.

Нодавлат оммавий ахборот воситаларининг жамиятдаги ўрни ва ролини ошириш, уларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди нодавлат оммавий ахборот воситаларининг кўплаб ижтимоий лойиҳаларини молиялаштириб келмоқда. Шунингдек, улар фонд томонидан эълон қилинаётган грант танловларида ҳам муваффақиятли қатнашмоқда.

Анжуманда халқаро ташкилотлар вакиллари, экспертлар Ўзбекистонда нодавлат электрон оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш ва уларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун яратилган шароит ва имкониятларни юксак баҳолаб, бу борада ўз тажрибаларини баён қилди.

– Бугун дунё медиа оламида нодавлат оммавий ахборот воситаларининг ўрни ошиб, эркин фуқаролик жамиятининг муҳим институтига айланмоқда, – дейди Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили Томас Кунце. – Ўзбекистон йигирма беш йил олдин ўз мустақил тараққиёт йўлини белгилаб, кучли фуқаролик жамияти барпо этишни ўз олдига мақсад қилиб қўяр экан, ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, бунда нодавлат ОАВни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди. Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бу борада самарали фаолият кўрсатаётганини таъкидлаш лозим. Жамғармамиз мазкур ассоциациянинг бир қатор ташаббус ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Хусусан, соҳа учун кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, тизимда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш борасида ҳамкорликда иш олиб бормоқдамиз. Бугун ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, Ўзбекистонда мазкур йўналишда орттирилган тажрибани бошқа давлатлар ўрганса арзийди.

– Ўзбекистонда ҳудудий нодавлат электрон оммавий ахборот воситаларининг жадал ривожланаётгани аҳолининг тезкор, сифатли ва холис ахборотга бўлган эҳтиёжини қондиришга хизмат қилаётгани таҳсинга лойиқ, – дейди Латвия Республикаси Сейми депутати Ингуна Судраба. – Шу билан бирга, сизда миллий анъана ва қадриятларни асраб-авайлаш, тарғиб этиш, Шарқ халқларига хос оилани улуғлаш, меҳр-оқибат, ота-она, кексаларга ҳурмат ғояларининг устуворлиги оммавий ахборот воситаларининг тарбиявий таъсирчанлигини оширмоқда. Бу жиҳатлар бугунги глобаллашув даврида жуда муҳим аҳамият касб этади ва ўрганса арзигулик тажрибадир.

Тадбир доирасида “Журналистларнинг янги авлоди шаклланишида замонавий трендлар ва ёшлар аудиториясини кенгайтириш истиқболлари: кўзгуда – мультимедиа журналистикаси” мавзусида “Навқирон журналистлар” медиа-кемпи ўтказилди.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат)


Киритилган вақти: 17/08/2016 18:22.   Кўрилганлиги: 468
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/nodavlat-ommaviy-axborot-vositalari-erkin-fuqarolik-jamiyati-kozgusi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 8

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг