Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

НОДАВЛАТ МТМНИ ТАШКИЛ ЭТИШ УЧУН ҚАНДАЙ ТАРТИБДА ИМТИЁЗЛИ КРЕДИТ ОЛИШ МУМКИН?

НОДАВЛАТ МТМНИ ТАШКИЛ ЭТИШ УЧУН ҚАНДАЙ ТАРТИБДА ИМТИЁЗЛИ КРЕДИТ ОЛИШ МУМКИН?

Маълумки, бугунги кунда давлатимиз томонидан мактабгача таълимни ривожлантириш, хусусан, нодавлат мактабгача таълим тармоғини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу борада Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, мактабгача таълим тизимида нодавлат секторни ривожлантиришда давлат-хусусий шерикчилиги – кенг қўлланиладиган усуллардан биридир.

Республикамизда давлат-хусусий шерикчилиги асосида нодавлат мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори, Вазирлар Маҳкамасининг “Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик шаклларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори қабул қилинган бўлиб, ушбу қарорлар билан мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикчилигининг бир нечта шакллари жорий этилди.

Шунингдек, ушбу қарорларга асосан давлат томонидан мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикчилиги асосида нодавлат мактабагача таълим муассасаларини (кейинги ўринларда НМТМ) ташкил этмоқчи бўлган тадбиркорларга НМТМ қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш учун 15 йил муддатга, шу жумладан, 3 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 1 фоизли имтиёзли кредитлар ажратилади.

Мазкур соҳада фаолият олиб бормоқчи бўлган тадбиркорлардан келиб тушаётган мурожаатлар ўрганилганда, улар томонидан имтиёзли кредитлар олиш бўйича бир қатор тушунмовчиликлар мавжудлиги (кредит олиш шартлари, тартиби ва ҳ.к.) аниқланди. Ушбу тушунмовчиликларни бартараф қилиш ҳамда мазкур масалага ойдинлик киритиш мақсадида тадбиркорларга имтиёзли кредитлар ажратиш жараёнини қадамма-қадам тушунтириб ўтишни зарур, деб ҳисобладик.

Демак, давлат-хусусий шерикчилиги асосида НМТМни ташкил этмоқчи бўлган тадбиркорлар имтиёзли кредитни олиш учун қуйидаги ишларни бажариши лозим:

1-қадам. Тадбиркор НМТМни ташкил қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги ПҚ-3651-сонли қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 ноябрдаги 944-сонли қарорида белгиланган тартибда ҳудудий мактабгача таълим бўлимига мурожаат қилади (давлат-хусусий шерикчилигининг танланган шаклига қараб тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати ва шартлар фарқланади).

Мурожаат келиб тушгандан кейин ҳудудий мактабгача таълим бўлинмалари ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигига тақдим қилади. Вазирлик томонидан лойиҳа ижобий баҳоланганда, тадбиркор билан давлат-хусусий шерикчилиги тўғрисидаги битим тузилади.

2-қадам. Мактабгача таълим вазирлиги билан давлат-хусусий шерикчилиги тўғрисида битим тузилгандан кейин, тадбиркорнинг лойиҳани амалга ошириш учун имтиёзли кредит олишга талаби мавжуд бўлганда ҳамда битимда имтиёзли кредит олиш кўзда тутилган тақдирда, тадбиркор имтиёзли кредит олиш учун ҳудуди бўйича бириктирилган тижорат банкига ўрнатилган тартибда мурожаат қилади. 

Маълумот учун Самарқанд вилоятига Микрокредитбанк, Ориент финанс банклар, Сурхондарё вилоятига Миллий банк, Навоий вилоятига Туронбанк масъул этиб белгиланган.

Тижорат банкига кредит ажратиш учун зарур бўлган ҳужжатлар тақдим қилингандан кейин, ушбу банк томонидан ҳужжатлар ўрганиб чиқилади, бунда тадбиркорнинг гаров таъминоти мавжудлигига алоҳида эътибор қаратилади. Тақдим қилинган ҳужжатлар ва маълумотлар талабларга тўлиқ жавоб берганда, тижорат банки ва тадбиркор ўртасида кредит шартномаси имзоланади.

Тижорат банклари томонидан банк билан шартнома тузган тадбиркорларнинг имтиёзли кредитга бўлган талабномаси шакллантирилади ва Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигига тақдим қилинади. 

Мактабгача таълим вазирлиги барча тижорат банклари томонидан тақдим қилинган талабномаларни ўрганиб чиқиб, имтиёзли кредит ажратиладиган тадбиркорлар рўйхатини шакллантиради ва Молия вазирлигига тақдим қилади.

Молия вазирлиги тақдим қилинган рўйхатга асосан тижорат банкларнинг Республика бош офислари билан бош келишувларни имзолайди. Ўз навбатида, бош келишувларга асосан имтиёзли кредит ажратиш учун юқорида кўрсатиб ўтилган мазкур мақсад учун ажратилган ресурс маблағларидан тижорат банкларининг тегишли ҳисоб рақамларига ҳеч қандай узилишларсиз ўтказиб беради.

Тижорат банклари ресурс маблағлари келиб тушгандан сўнг тадбиркорнинг ҳисоб рақамига 15 йил муддатга 3 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 1 фоиз ставкада имтиёзли кредит маблағларини ўрнатилган тартибда ўтказиб беради.


Киритилган вақти: 02/06/2019 20:47.   Кўрилганлиги: 544
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/nodavlat-mtmni-tashkil-etish-uchun-qanday-tartibda-imtiyozli-kredit-olish-mumkin

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 1

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.