
Алишер Навоий таваллудининг 575 йиллиги муносабати билан Самарқанд вилоятидаги таълим муассасаларида маданий-маърифий тадбирлар, навоийхонлик кечалари ўтказилмоқда.
Самарқанд шаҳридаги 37-ихтисослашган умумтаълим мактаби ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчилари Насиба Жўраева ҳамда Феруза Қаршиева Алишер Навоий ижодий меросини ўрганишга бағишланган навбатдаги машғулотни шаҳардаги буюк мутафаккир номи билан аталадиган марказий маданият ва истироҳат боғида ташкил этди.
Дарс Алишер Навоийнинг Самарқандда кечган ҳаёти, бу ерда олган сабоқлари ва унинг ижодида тутган аҳамиятига бағишланди.
– Ҳазрат Навоий ХV асрнинг 60-йиллари иккинчи ярмида Самарқандда яшаб, ижод қилган, – дейди Насиба Жўраева. – Бу ҳақда таниқли адабиётшунос олимлар Воҳид Абдуллаев, Ботирхон Валихўжаев ўз асарларида маълумотлар келтирган. Уларда қайд этилишича, Алишер Навоий Самарқандда машҳур олим Фазлуллоҳ Абуллайс хонадонида яшаган, унинг мадрасасида фиқҳ илми, тилшунослик ва адабиётшуносликни чуқур ўрганган. Улуғбек мадрасасининг мударрислари Мавлоно Аълои Шоший, Мавлоно Олим Самарқандийдан таълим олган. Самарқанд адабий муҳити вакиллари билан яқиндан танишган. Бу шоир ижодига ижобий таъсир кўрсатиб, “Бадоеъ ул-бидоя”, “Девони Фоний” девонлари, “Ҳилолия” қасидаси, шунингдек, “Хамса”ва “Мажолис ун-нафоис”да ўз ифодасини топган.
Ўқувчиларга “Мажолис ун-нафоис”да номи зикр этилган самарқандлик ижодкорлар ҳақида маълумот берилди, Навоий ғазал ва рубоийларидан намуналар ўқилди.
– Шаҳримиздаги тарихий-маданий объектлар, музейларда бу каби очиқ дарс ва машғулотларни ўтказиш анъанага айланган, – дейди Феруза Қаршиева. – Бу ўқувчиларга мавзуни чуқур ўргатиш ва уларнинг билимини оширишга ёрдам беради. Алишер Навоийнинг ёшлик йилларида илм истаб Самарқандга келгани, ўз даврининг машҳур олим ва адиблари назарига тушиб, адабий давраларда муносиб ўрин топгани ҳақида маълумот бериш билан бирга, ўқувчиларга ёшликнинг ҳар бир лаҳзасидан мақсадли фойдаланиш зарурлигини уқтиришга ҳаракат қилдик.
Вилоятдаги барча таълим муассасаларида буюк мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 575 йиллиги муносабати билан тарихчи олимлар, адабиётшунослар, ёзувчи ва шоирлар иштирокида улуғ аждодимизнинг бой меросини пухта ўрганиш ва кенг тарғиб этишга бағишланган учрашувлар, маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Ўқувчилар ўртасида шоир ижоди бўйича иншолар танлови эълон қилинган.
Алишер Навоий асарлари ўзбек адабий тили ва миллий адабиётимиз ривожининг асосини белгилаб берибгина қолмай, халқимиз маънавий оламининг шаклланишида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Президентимизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида қайд этилганидек, биз бу бебаҳо меросдан халқимизни, айниқса, ёшларимизни қанчалик кўп баҳраманд этсак, миллий маънавиятимизни юксалтиришда, жамиятимизда эзгу инсоний фазилатларни камол топтиришда шунчалик қудратли маърифий қуролга эга бўламиз.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат)
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 12
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.