Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

МУЗЕЙ – МАЪРИФАТ МАСКАНИ

МУЗЕЙ – МАЪРИФАТ МАСКАНИ

Самарқанд шаҳрида “Музейларда таълим: XXI асрда янги глобал ва миллий стратегиялар” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамда вилоят ҳокимлиги томонидан ташкил этилган тадбирда халқаро ташкилотлар вакиллари, юртимиз ва хориждаги йирик музейлар ходимлари, олим ва мутахассислар қатнашди.

Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазири Б.Аҳмедов, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Криста Пиккат ва бошқалар бугунги кунда дунё халқлари тарихи, маданиятини ўрганиш ва тарғиб этишда музейлар муҳим аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидлади.


Ўзбекистонда ҳам Президентимиз раҳнамолигида музейлар фаолиятини такомиллаштириш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилаётгани эътироф этилди.

– Ёш авлодга давлат ва халқ тарихи, маданияти, ўзига хос анъана ва урф-одатларини ўргатишда музейларнинг аҳамияти беқиёс, – дейди Германиянинг Франкфурт Майн шаҳридаги музей бадиий таълим бўлими бошлиғи Каролин Ротмунд. – Лекин музейлардаги экспонатларни болаларга катталарга тушунтиргандек таништириб бўлмайди. Бунда, албатта, уларнинг ёши, эгаллаган билими ва дунёқарашини эътиборга олиш лозим. Бизда ҳар бир музейда ушбу масалалар билан шуғулланадиган бўлимлар фаолият кўрсатади. Ўзбекистондаги музейлар фаолияти ва улар концепцияси билан танишганимда ҳам ёшлар таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратилганига гувоҳ бўлдим. Айниқса, ўқувчилар учун музейларга киришда имтиёзлар мавжудлиги, айрим дарс машғулотларининг ушбу масканларда олиб борилиши эътиборга лойиқ.


Анжуманда XXI аср бошларида музейларнинг таълим ва маданий-маърифий соҳадаги фаолияти – миллий ва хорижий тажриба, таълим муассасалари ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик, омма билан ишлашда инновацион услублар йўналишлари бўйича маърузалар тингланди, тақдимотлар ўтказилди.

Халқаро конференция доирасида Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан анъанавий тарзда ўтказилаётган “Музей – халқ тарихининг кўзгуси” Республика танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.

Ғ.Ҳасанов


Охирги ўзгариш: 22/05/2016 23:34.   Кўрилганлиги: 1267
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/muzey-marifat-maskani

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 10

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.