Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Ватан – бу азиз даргоҳ, меҳри – муқаддас туйғу.

Ватан – бу азиз даргоҳ, меҳри – муқаддас туйғу.

Ҳар бир инсон ватанини ана шундай туйғулар ила севиб, асраб-авайлар экан, унинг ҳурлигини кўриб завқланади.

Ватанимиз мустақиллиги қўлга киритилган кунни ҳар йили кенг нишонлаймиз. Айниқса, бу йил истиқлолнинг йигирма беш йиллиги юртимиз бўйлаб кенг тантана қилинмоқда. Вилоятимизда ҳам ушбу сана "Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!" шиори остида кенг нишонланмоқда.

Самарқанд шаҳридаги "Мўъжиза" амфитеатрида ўтказилган асосий байрам тантаналарида вилоят ҳокими З.Мирзаев бу ерга таклиф этилган вилоят фаоллари, ишлаб чиқариш илғорлари, нуронийлар ва ёшларни, улар тимсолида барча самарқандликларни истиқлолнинг йигирма беш йиллиги билан муборакбод этди.

– Ўзбекистон халқи учун Ватанимизнинг кўп асрлик шонли тарихида мутлақо янги давлат, янги жамият барпо этиш йўлини очиб берган бу байрамнинг қадр-қиммати, аҳамияти нақадар юксак эканини барчамиз яхши англаб, ҳис этиб турибмиз, – деди вилоят ҳокими. – Бугун вилоятимиздаги қайси маҳалла, гузар ва қишлоққа борманг, замонавий қиёфа касб этгани, катта байрамга тайёргарлик кўрилганини кўрамиз. Ўтган йиллар тарих олдида кичик давр бўлса-да эришган ютуқларимизнинг кўлами ва салмоғи катта, асрларга татигулик. Буни ҳар биримиз ўз ҳаётимизда кўрмоқдамиз.

Амфитеатр мониторида ўтган кунлар ва бугунги даврни акс эттирган лавҳалар, суратлар "Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?" деган саволга аниқ жавоб бўлди. Буни рақамлар мисолида кўрадиган бўлсак, вилоятда айни пайтда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 1994 йилга нисбатан 8 баробарга ошди. Ўз навбатида аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот 3 миллион 168 минг сўмга етиб, 1994 йилга нисбатан 12 баробарга кўпайди. Бугун ҳар икки оиланинг бирида юртимизда ишлаб чиқарилган енгил автомашина бор. Аҳолининг компьютер ва маиший техника воситалари билан таъминланганлик даражаси 90 фоиздан юқори.

Вилоятимизнинг бундан 25-30 йил олдинги кўриниши билан бугунги жамоли ўртасида жуда катта тафовутни кўриш мумкин. Мустақиллик шарофати билан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмаган хонадон, маҳалла, қишлоқ қолмади. Шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси йил сайин гўзаллашиб, халқимиз учун ҳар томонлама қулай шароит ва имкониятлар яратилмоқда. Биргина жорий йилда вилоятимизда 700 дан ортиқ янги объектлар, жумладан, 54 та таълим, 11 та тиббиёт, 49 та болалар спорти объектлари, 226 та бошқа соҳаларга тегишли объектлар янгидан бунёд этилгани, капитал ва жорий таъмирлангани фикримиз тасдиғидир.

Айни кунларда вилоятимизда 1327 дан ортиқ хонадон эгалари байрамни намунавий лойиҳа асосидаги янги уйларда кутиб олмоқда.

Беғубор кулгулари ва шўх қийқириқлари билан саҳнага чиқиб келган болажонларнинг шеър ва қўшиқлари, рақслари йиғилганларни тўлқинлантирди.

Улар мустақиллик даври фарзандлари, юртимизда ёш авлод камолоти учун яратилган беқиёс имконият ва ғамхўрликлардан баҳраманд, ҳеч кимдан кам бўлмаган болалар. Зеро, мамлакатимизда мустақилликнинг илк йилларидан фарзандларимизнинг ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол бўлиб ўсишига давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида алоҳида эътибор қаратилди. Президентимиз ташаббуси билан ҳар бир йилга ном бериш ва шу асосида давлат дастурлари ишлаб чиқишда оилаларда соғлом фарзандлар дунёга келиши ва уларнинг баркамол бўлиб ўсиши учун шароит ва имкониятлар яратиш диққат марказида бўлди. Жорий йилда "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастури ижроси доирасида вилоятимизда 649,7 млрд. сўмлик лойиҳалар амалга оширилаётгани замирида ҳам ушбу мақсад мужассам.

Албатта, ёш авлод камолотига қаратилган бундай улкан эътибор ўз самарасини бермоқда. Айни пайтда вилоятимиз ёшлари орасида 18 нафар номдор стипендия соҳиблари, 8 нафар жаҳон, 19 нафар Осиё чемпионлари, 150 нафарга яқин  халқаро спорт мусобақалари ва фан олимпиадалари ғолиблари бор. 2016 йилнинг шу давригача спортчиларимиз республика ва халқаро миқёсдаги чемпионат ва мусобақаларда 229 та олтин, 231 та кумуш, 377 та бронза медалларини қўлга киритди.

Бундай ютуқ ва муваффақиятларда барча соҳаларда меҳнат қилаётган фидойи инсонларнинг муносиб ҳиссаси бор. Ва бу заҳматли меҳнат давлатимиз томонидан эътироф этилиб, рағбат кўрсатилмоқда. Ватанимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллиги арафасида Президентимиз фармонига кўра 26 нафар самарқандликларнинг давлатимизнинг юксак унвон, орден ва медаллари билан тақдирлангани ҳам ана шу эътибор натижасидир.

– Юртимизда истиқлол йилларида жуда катта ишлар амалга оширилди. Ҳар кунимиз байрамларга ҳамоҳанг, кўнгилларимиз орзу-ҳавасларга лиммо-лим, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Муслиҳиддин Муҳиддинов. – Истиқлол йилларида ҳар жабҳада ижобий ўзгаришларни кўрдик. Олиб борилган ислоҳотлар, олиму уламоларимизнинг номи, илмий мероси қайта тикланиши албатта бизга маънавиятимизни, маърифатимизни қайтариб берди. Ана шу жиҳатлари билан ҳам мустақиллик бизга яна ҳам қадрлидир. 

Шу куни байрам шукуҳи, фахр ва ғурур туйғуси ҳар бир иштирокчининг қалбида бўй кўрсатди.

– Юртимизда байрамлар кўп. Аммо бу байрам биз учун энг улуғидир, – дейди Каттақўрғон шаҳридан ташриф буюрган фахрий ўқитувчи Мунира Мўминова. – Тўғрисини айтсам, ҳозир бир неча марта кўзимга ёш олдим. Бу албатта севинч ёшлари. Илоҳим, шундай кунларимизга кўз тегмасин. 

Концерт дастуридан ўрин олган Ватанни, истиқлолни, бугунги фаровон турмушни  мадҳ этувчи куй ва қўшиқлар барчага шукуҳли онларни бахш этди.

Байрам тадбирлари шаҳар ва қишлоқларимизда давом этмоқда.

ҒолибАБДУСАЛОМОВ.


Охирги ўзгариш: 31/08/2016 15:50.   Кўрилганлиги: 1415
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/mustaqillik

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 12

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.