
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида вилоятимизда ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси фаолияти йўлга қўйилди.
Барча даражадаги давлат органлари фаолиятида “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойилни амалда қарор топтириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш мақсадида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Бунинг учун вилоят, шунингдек, туман, шаҳар Халқ қабулхоналарида барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилди. Она ва бола, тиббиёт хоналари, кутиш зали замонавий жиҳозланган. Ушбу муассасаларда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича тажрибага эга, амалдаги қонунчиликдан яхши хабардор мутахассислар фаолият кўрсатмоқда.
– Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентига, Олий Мажлисга, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига, ҳукуматга, давлат бошқаруви органларига, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, бошқа давлат ташкилотларига ва хўжалик бошқаруви органларига мурожаат қилишга оид конституциявий ҳуқуқларининг сўзсиз амалга оширилиши учун шароитлар яратиш Халқ қабулхоналари олдига қўйилган асосий вазифалардан биридир, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд вилоятидаги Халқ қабулхонаси раҳбари Шуҳрат Узоқов. – Бугунги кунда вилоят, туман ва шаҳар Халқ қабулхоналарида фаолият кўрсатаётган ходимлар ана шу масъулиятни ҳис қилган ҳолда иш олиб бормоқда. Ушбу муассасаларда жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг мурожаатлари ҳафтанинг душанба – жума кунлари соат 9:00 дан 18:00 гача давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахслари иштирокида қабул қилинмоқда. Мурожаатлар қонунчиликда белгиланган тартибда оғзаки ва ёзма шаклда қабул қилиниб, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қатъий амал қилган ҳолда, тўлиқ, холис ва ўз вақтида кўриб чиқилиши таъминланмоқда. Ҳар бир мурожаатнинг кўриб чиқилиши устидан тизимли мониторинг ва назорат амалга оширилаётир. Бунда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланяпмиз.
Шу ўринда юртдошларимизга Халқ қабулхоналарига мурожаат қилишда айрим жиҳатларга эътибор қаратишларини сўрардим. Биринчи навбатда, мурожаат қилувчилар қабулхоналарга паспорт ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлари билан келишлари лозим. Иккинчидан, барча даражадаги Халқ қабулхоналари мурожаатларни қабул қилиш, кўриб чиқишда бир хил ҳуқуқ ва ваколатларга эга. Барча қабулхоналар ходимлари Ўзбекистон Президенти девони ходими ҳисобланади. Шунинг учун фуқаролар аввало, ўзлари яшаб турган туман, шаҳардаги Халқ қабулхонасига мурожаат қилсалар, ўртага қўйилаётган масалага ўша ҳудуднинг ўзида тезкор ечим топиш имконияти ошади. Туман, шаҳар Халқ қабулхонаси мудири ҳам келиб тушган мурожаат ечими юзасидан нафақат ўша ҳудуд, балки вилоят миқёсидаги ташкилотларга ҳам чиқиши мумкин. Яна бир муҳим масала – қабулхоналарга мурожаат қилиш, мутахассислардан ҳуқуқий маслаҳат ва тавсия олишда ҳеч қандай тўлов амалга оширилмайди.
Халқ қабулхоналарида мурожаатлар билан ишлаш баробарида жойларда сайёр қабуллар ташкил этишга ҳам алоҳида эътибор қаратяпмиз. Жумладан, яқинда Ургут тумани Тўрткўл маҳалласида вилоят ҳокими ўринбосари ва туман раҳбарлари иштирокида сайёр қабул ўтказиб, аҳолининг дарду ташвишларини эшитдик. Маҳалла аҳли коммунал хизматлар, бандлик масалалари юзасидан ўз муаммоларини баён этди ва уларга мутасаддилар томонидан жавоб берилди. Ҳудудда сув омбори қуриш юзасидан билдирилган таклиф юзасидан вилоят ҳокимлигига мурожаат қилдик. Самарқанд шаҳри ва туманида ҳоким, ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари билан ҳамкорликда ўтказилган сайёр қабулларимизда ҳам ўнлаб мурожаатлар қабул қилиниб, уларга ечим топилмоқда. Бундай тадбирларимизни бошқа ҳудудларда ҳам амалга оширишни режалаштирганмиз. Шунингдек, вилоят хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда жойларга чиқиб, аҳоли билан бевосита мулоқотлар уюштириш, хонадонларга кириш кўзда тутилган.
Вилоят Халқ қабулхонасига қисқа вақтда 360 дан ортиқ мурожаат келиб тушиб, уларнинг қонун доирасида ўрнатилган тартибда кўриб чиқилиши таъминланмоқда.
Самарқанд вилоятида фаолият кўрсатаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхоналари ишонч телефонлари
Вилоят Халқ қабулхонаси |
0366-229-10-00 0366-235-28-82 |
Самарқанд шаҳри |
0366-233-15-33 |
Жомбой тумани |
0366-476-10-00 |
Булунғур тумани |
0366-442-10-00 |
Тойлоқ тумани |
0366-666-10-00 |
Самарқанд тумани |
0366-612-10-00 |
Ургут тумани |
0366-482-10-00 |
Нуробод тумани |
0366-634-10-00 |
Пайариқ тумани |
0366-426-10-00 |
Паст Дарғом тумани |
0366-466-10-00 |
Оқдарё тумани |
0366-492-10-00 |
Иштихон тумани |
0366-628-10-00 |
Қўшработ тумани |
0366-646-10-00 |
Каттақўрғон шаҳри |
0366-445-10-00 |
Каттақўрғон тумани |
0366-415-10-00 |
Пахтачи тумани |
0366-404-10-00 |
Нарпай тумани |
0366-432-10-00 |
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 5
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.