Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

МИНТАҚА ЁШЛАРИ УЧУН МУЛОҚОТ МАЙДОНИ

МИНТАҚА ЁШЛАРИ УЧУН МУЛОҚОТ МАЙДОНИ

Самарқанд темирйўл вокзалида мамлакатимизда ўтказилаётган “Ҳудудларда барқарор ижтимоий ва иқтисодий ривожланишга эришиш жараёнида Марказий Осиёдаги ёш етакчиларнинг ўрни” мавзусидаги форум иштирокчилари тантанали кутиб олинди.

Марказий Осиё ёшлари форуми иштирокчиларининг вилоятимиз тарихий обидалари, диққатга сазовор масканлари бўйлаб саёҳати уюштирилди. Меҳмонлар Пайариқ туманидаги Имом Бухорий мажмуаси, Самарқанд шаҳридаги Амир Темур, Бибихоним мақбараларини зиёрат қилдилар. Мирзо Улуғбек мадрасасида ташкил этилган хайрия аукционида иштирок этишди.

Вилоят ҳокимлигида форумнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда сўз олган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раси Қ.Қуронбоев, Қозоғистоннинг “Жас отан” ёшлар қаноти Акмола области филиали раиси С.Бекешев, Тожикистоннинг Республика ҳукумати ёшлар ва спорт қўмитаси раиси ўринбосари У.Раҳимзода ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган, биринчи марта ўтказилаётган форум Марказий Осиё давлатлари ўртасида тарихан қарор топган дўстлик ва яқин қўшничилик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, глобаллашув жараёнларида минтақамиз ёшларини турли ёт ғоя ва таъсирлардан асрашга ҳамда уларни юксак маънавиятли инсонлар этиб камолга етказишга қаратилгани билан аҳамиятли эканлигини таъкидлашди.

– Ўтган йил 30 июнда Ўзбекистон "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида иштирок этган Юртбошимиз ёшларнинг ҳаётидаги мавжуд камчилик ва муаммолар ҳақида гапириб, тизимда туб бурилиш ясайдиган ислоҳотлар ўтказиш лозимлигини таъкидлаганди, – дейди Қ.Қуронбоев. – Шу куни "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати ўрнида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилиб, бу ташкилотнинг имтиёз ва имкониятлари янада кенгайтирилди.

Президентимиз ёшларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ҳар томонлама баркамол инсонлар қилиб тарбиялаш бутун башариятнинг олдида турган муҳим масала эканлигини жаҳоннинг юксак минбарларида туриб алоҳида таъкидлади.

Хусусан, давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат – Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Халқаро конвенциясини ишлаб чиқишни таклиф этди.

Жорий йил 10 июнь куни Хитой Халқ Республикасининг Циндао шаҳрида ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг навбатдаги саммитида ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарларининг Ёшларга мурожаати ва уни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастури қабул қилинди.

Азалдан қондош ва қардош, дили ва дини бир ўзбек, тожик, қирғиз, қозоқ, туркман ёшлари жам бўлган бугунги форум Марказий Осиё мамлакатларининг ҳамкорликда ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалар ва дастурларни амалга ошириши учун муҳим қадам саналади.

– Минтақа ёшлари учун эзгу мақсадларни кўзлаган бугунги анжуманнинг Самарқандда ўтказилаётгани бежизга эмас, – дейди Қирғизистоннинг Давлат ёшлари, жисмоний тарбия ва спорт агентлиги директори К.Аманкулов. – Чунки бу шаҳар қадимдан илм-фан, маънавият ва маърифат маскани, цивилизация бешиги сифатида ном қозонган.

Бугун бу ердаги меъморий обидаларни томоша қилиб, дунё аҳлининг маърифати ва маданияти туташган кўҳна ва навқирон Самарқанднинг салобатини, машҳурлигини дилдан ҳис этдик. Анжуман тадбирларида Марказий Осиё мамлакатларидан келган тенгдошларимиз ҳаёти ва давлат сиёсатига доир муҳим масалаларни муҳокама қилдик.

Келажакда бир мақсад сари интилиш, жипслашишга келишиб олдик. Шу жиҳатдан ҳам форум самарали ўтмоқда.

Форум доирасида "Фан ва таълимни ривожлантиришда ёшларнинг ўрни", "Марказий Осиё минтақасидаги маданий ҳамкорлик", "Ёшлар туризми – Марказий Осиё тараққиётининг асосий омили", "Терроризмга олиб келувчи тажовузкор экстремизм ва радикализмнинг олдини олиш ҳамда уларга қарши курашишда ёшларнинг роли" каби мавзуларда Марказий Осиёнинг фаол ёшлари ўртасида давра суҳбатлари, ёшлар пресс-клублари ўтказилади.

Регистон майдонида қардош халқлар ёшлари учун 3D шоу намойиш қилинади. Форум якунида мамлакатлар ўртасида "Қўшма ҳамкорлик 2019-2021" меморандуми имзоланади.


Охирги ўзгариш: 28/06/2018 12:08.   Кўрилганлиги: 194
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/mintaqa-yoshlari-uchun-muloqot-maydoni

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 9

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг