
Президентимизнинг 2017 йил 26 августдаги «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма олти йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғриси»ги фармонига кўра «Самарқанд автомобиль заводи» масъулияти чекланган жамияти цех бошлиғи Комил Қаршиев «Шуҳрат» медали билан тақдирланди.
- 2000 йилда ўқишни тугатиб, шу даргоҳда тайёрлаш цехи оператори сифатида иш бошладим, - дейди Комил Қаршиев. – Мутахассислигим бўйича инженер-механик бўлсам-да, автомобилсозликнинг бу қадар қизиқарли касб эканлигини тасаввур қилмагандим. Шу боис иш жараёни мени тамомила ўзига мафтун этди. Ҳар куни заводдаги бирор жиҳознинг ишлашини ўзлаштиришга ҳаракат қилдим. Вақт ўтиб, ишни яхшироқ ўрганганим сари лавозим ва масъулият ҳам ортиб борди. Ҳозир заводнинг энг муҳим бўлимини бошқаряпман. Муҳимлиги шундаки, заводнинг бошқа бўлимларида бир сменада иш олиб борилса, бизда 74 кишилик жамоа икки сменада ишлаб, бошқа барча бўлимларга эҳтиёт қисмлар етказиб берамиз.
Заводдан чиқаётган 30 турдан ортиқ юк автомобиллари ва автобусларнинг барчасида К.Қаршиевнинг ҳиссаси бор. Шунинг учун шогирдларга қаттиққўл бўлиб, ҳар бир деталь тўғри тайёрланишини назорат қилиб боради.
- Мен дастлаб заводнинг тайёрлов бўлимида пайвандчи сифатида иш бошладим, - дейди шасси ва кабиналар йиғув цехи инженер-технологи Жавлон Ҳусанов. – Шунда Комил ака қаттиққўллик билан ишни ўргатган. Мен қачон келсам, кетаётганимда ҳам, вақт алламаҳал бўлганда ҳам у кишини ишда кўраман, гўё у заводда яшайдигандек. Комил ака менга «Олий маълумотли экансан, яхшироқ натижага эришаман десанг ҳар ойда ҳеч бўлмаганда битта дастгоҳда ишлашни ўрган, бу бўлим заводнинг юраги», дерди. Вақт ўтиб цехдаги барча мураккаб дастгоҳларда ишлашни ўзлаштирдим.
- Заводнинг маҳсулотлари ҳозирда нафақат ички бозорга, балки Марказий Осиё, Афғонистон, Грузия, Туркия давлатларига ҳам экспорт қилинмоқда, - дейди «Шуҳрат» медали соҳиби К.Қаршиев. – Аҳолининг оғирини енгил, узоғини яқин қилишда менинг ҳам ҳиссам қўшилаётганидан хурсандман. Гоҳида оиламиз билан шаҳар айгангани чиқсак кичик ўғлим Беҳруз кўчадаги автобусларни кўриб «Ана, дадам ясаган автобус», деб қичқиради. Шунда ўзгача ғурур ва касбингдан фахрланиш туйғуларини сезасан киши. Шундай пайтда автомобилсозлик соҳасини танлаганимдан, шу ерда меҳнат қилаётганимдан фахрланиб кетаман.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ олган суратлар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 12
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.