Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

МАТБУОТ АНЖУМАНИ

МАТБУОТ АНЖУМАНИ

Регистон мажмуаси Мирзо Улуғбек мадрасасида “Шарқ тароналари” ўнинчи халқаро мусиқа фестивалига кўрилаётган тайёргарлик жараёнларига бағишланган навбатдаги матбуот анжумани ўтказилди.

Фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича республика комиссияси ҳамда вилоят ишчи гуруҳи аъзолари ташкил этган тадбирда Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган ва 1997 йилдан буён ҳар икки йилда ўтказиб келинаётган мазкур санъат анжумани бугунги кунда дунёнинг энг нуфузли маданий форумларидан бирига айлангани таъкидланди.

Фестиваль матбуот маркази раҳбари Сафар Остонов, “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали дирекцияси ижрочи директори Тўрабек Маҳмудов, ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссияси масъул котиби Алишер Икромов ва бошқалар фестивалга кўрилаётган тайёргарлик ҳақида маълумот бердилар.

“Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида қатнашиш истагини билдираётган мусиқа ва санъат намоёндалари сафи тобора кенгайиб бормоқда. Дастлабки фестивалда 31 давлат вакиллари Регистон майдонида ўз санъатини намойиш этган бўлса, навбатдаги тадбирда 65 давлатдан 320 нафардан зиёд иштирокчи келиши кутилмоқда. Португалия, Маврики, Бутан, Коста-Рика, Мали, Перу, Эквадор каби давлатлар вакиллари эсафестивалда илк бор қатнашиши кутилмоқда.


Айни пайтда Регистон майдонида фестивалнинг расмий очилиш маросимининг концерт дастурини тайёрлаш ишлари қизғин давом этмоқда. Республикамиздаги бадиий жамоа ва ансамбллар, фольклор гуруҳлари, хонанда ва созандалар, оммавий саҳналар иштирокчилари ҳар куни репетиция жараёнларида қатнашаяпди.

Кейинги йилларда мазкур мажмуада олиб борилган таъмирлаш-ободонлаштириш ишлари натижасида майдондаги амфитеатр ўзгача кўриниш олди. Саҳна аввалги йилларга нисбатан кенгайтирилиб, санъаткорлар ва томошабинлар учун қўшимча қулайликлар яратилди.

Дарвоқе, фестиваль доирасида “Шарқ халқлари мусиқа маданиятининг муштараклиги” мавзуида илмий-назарий конференция ўтказилади. Шарқ анъанавий мусиқаси ривожланишининг босқичларини ва унинг жаҳон мусиқа маданияти ривожидаги ўрнини ўрганиш мақсадида ташкил этилаётган бу йилги анжуманда ҳозиргача 15 та давлатдан йигирмадан ортиқ олим қатнашиши кутилмоқда. Шунингдек, юртимиздан ҳам кўплаб йирик санъатшунос олимлар, ёш илмий тадқиқотчилар ҳам иштирок этади. Ҳозирда қатнашчиларнинг маърузалари олиниб, конференция дастури тайёрланмоқда.

Матбуот анжуманида фестивалга тайёргарлик доирасида Самарқанд шаҳрида меҳмонларни кутиб олиш ва уларни меҳмонхоналарга жойлаштириш, юқори сифатли замонавий сервис хизматлари кўрсатишга кўрилаётган тайёргарлик, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди. 


Охирги ўзгариш: 10/07/2015 22:24.   Кўрилганлиги: 676
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/matbuot-anjumani-sharq-taronalari

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 4

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг