Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

МАҚСАДИ АНИҚНИНГ МАНЗИЛИ ЯҚИН

МАҚСАДИ АНИҚНИНГ МАНЗИЛИ ЯҚИН

1 август куни мамлакатимиздаги барча олий ўқув юртларида тест синовлари бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказидан олинган маълумотларга кўра, жорий йилда мамлакатимиз олий таълим муассасаларига 605 минг 836 абитуриент ҳужжат топширган. Ўтган йили ушбу кўрсаткич 543 минг 131 нафарни ташкил этган эди. Ёшларнинг олий маълумот олишга бўлган иштиёқи муттасил кучайиб бораётгани мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, ҳеч кимдан кам бўлмаган авлодни вояга етказиш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бераётганидан далолатдир.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида инсон омилига устувор аҳамият қаратиш, халқимиз саломатлигини асраб-авайлаш, уни янада мустаҳкамлаш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини юксалтириш масалаларига устувор аҳамият қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 22 июлдаги “Тошкент давлат стоматология институтини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори бу борадаги эзгу саъй-ҳаракатларнинг изчил давоми бўлди. Ушбу қарор асосида ахборот-коммуникация ва таълим технологиялари ўқув тизимига кенг жорий этилмоқда, бўлғуси стоматолог мутахассисларнинг назарий тайёргарлиги амалий кўникмалар билан чамбарчас боғланган ҳолда олиб борилиши таъминланмоқда.

Тошкент давлат стоматология институтида бу йил илк бор абитуриентлар учун тест синовлари ўтказилди.

Институт қабул комиссияси масъул котиби Афзал Акбаровнинг таъкидлашича, барча жойда бўлгани каби, ушбу олий ўқув юртида ҳам тест жараёнига қизғин тайёргарлик кўрилди. Синовлар ўтказиладиган аудиториялар шай ҳолатга келтирилди. Давлат тест маркази томонидан аудитория кузатувчилари учун ўқув-услубий семинарлар ташкил этилди. Айни пайтда талаба бўлиш истагидаги ёшлар учун кимё, биология, она тили ва адабиёт, рус тили каби фанлар бўйича консультатив машғулотлар ташкил этилди. Бу йил институтга 2575 абитуриентдан ариза тушган. Белгиланган режага кўра, уларнинг 190 нафарига талабалик бахти насиб этади.

Олий ўқув юртларидаги таълим жараёнини мазмунан бойитиш, юксак малакали мутахассис кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш мақсадида барча университет ва институтлар фаолиятини такомиллаштириш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада кўзланган режаларни молиялаштириш учун Олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантириш фонди ташкил этилгани, ҳар йили давлат бюджетидан айни шу йўналишларга катта ҳажмдаги маблағлар ажратилаётгани алоҳида эътиборга лойиқ.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда меҳнат бозоридаги талабга кўра янги олий таълим муассасалари ташкил этилиб, уларда ёшлар ўзлари қизиққан йўналиш бўйича мутахассисликка эга бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ олий ўқув юртларида талабаларга хорижий тиллар, хусусан, инглиз тили пухта ўргатилаётир.

Таълим муассасалари компьютер ва бошқа замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан тўлиқ жиҳозлангани боис улардан фойдаланиш бўйича профессионал кўникмаларга эга ёш мутахасислар камолга етмоқда. Бу юқори малакали кадрларни тайёрлаш, барча ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан жадал ривожлантириш, янги иш ўринлари ташкил этиш, халқимиз турмуш даражаси ва сифатини янада юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда.

Мамлакатимизнинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувининг кучайиши, янги саноат тармоқлари ишга туширилиши, ишлаб чиқаришнинг модернизациялашуви турли соҳаларда етук билим ва малакали, ўз касбининг устаси бўлган илғор мутахассисларга талабни оширмоқда. Меҳнат бозоридаги мавжуд эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда, юқори малакали мутахассислар тайёрлашга устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Ўқув-тарбиявий ишлар муттасил такомиллаштирилиб, жаҳон андозалари ва замон талабларига мос таълим стандартлари амалиётга жорий этилмоқда. Фан, таълим, ишлаб чиқаришнинг ўзаро интеграциялашуви таъминланаётгани ёшларнинг билим олишга интилиши тобора ортишига, ҳар йили ижтимоий-иқтисодий соҳалар бўйича янги-янги ихтисосликлар ташкил этилишига туртки бермоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 23 июндаги “2015/2016 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида”ги қарорида ҳам юртимиз ҳудудлари ва иқтисодиёт тармоқларини юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш назарда тутилган.

Қарорда қайд этилганидек, бу йил мамлакатимиздаги 6 олий ўқув юртида 7 янги таълим йўналиши очилди. Эндиликда Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида “Корпоратив бошқарув”, Тошкент молия институтида “Давлат бюджетининг ғазна ижроси”, Тошкент давлат шарқшунослик институтида “Филология ва тилларни ўқитиш: хитой тили”, “Шарқ фалсафаси ва маданияти”, Бухоро муҳандислик-технология институтида “Энергоаудит ва саноат корхоналарининг энергетик текшируви” таълим йўналишлари бўйича абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилинди.

Бу йил тест синовларини ўтказишда ўзига хос янгиликларга қўл урилди. Соҳадаги халқаро тажриба, мутахассислар ва аҳолининг таклиф ҳамда тавсиялари асосида абитуриентларнинг тест материаллари билан ишлашлари, имтиҳон пайтидаги расмийлаштириш жараёни анча соддалаштирилди.

“Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабалар қабул қилишда тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низомга киритилган ўзгартиришлар асосида бу йилги тест синовларида абитуриентларга янги кўринишдаги жавоблар варақаси тарқатилди. Шу пайтга қадар ишлатиб келинган жавоблар варақасини тўлдириш, абитуриентлар томонидан кодларни хато бўяш, жавобларни бўяшда фан блоклари ва жавоблар рақамларини алмаштириб қўйиш ҳолатлари кўп учрар эди. Шу боис бу йил жавоблар варақасида аввал мавжуд бўлган “Олий таълим муассасаси коди”, “Танлов коди” ҳақидаги маълумотлар чиқариб ташланиб, фақат “Махсус код”ни киритиш қолдирилди. Абитуриент ҳақидаги маълумотларни киритиш ва имзо ўрни жавоб бўяладиган доирачалар билан битта бетга, огоҳлантирувчи ёзувлар эса иккинчи бетга жойлаштирилди. Бу билан йигит-қизларни мураккаб вазиятларга солиб қўядиган ҳолатларнинг олди олинди, жавоблар варақасини расмийлаштиришда кам вақт сарфланишига эришилди.

Яна бир ўзгариш жавоблар варақасида фан номлари олиб ташланиб, саволларга жавоблар белгиланадиган доирачалар 1 дан 108 гача бўлган кетма-кет сонлар билан рақамланганидир. Яъни, учта фандан тест синови топширадиганларнинг биринчи фан саволлари 1 дан 36 гача, иккинчи фан саволлари 37 дан 72 гача, учинчи фан саволлари 73 дан 108 гача сонлар шаклида келтирилди. Булар жавоблар варақаси ва саволлар китобидаги рақамлар бирхиллигини таъминлаб, абитуриентларнинг тест материаллари билан ишлашини осонлаштирди, фан блокларини алмаштириб бўяш каби хатоларга йўл қўйиш эҳтимоли камайди.

Мазкур янгиликларни абитуриентлар ва ота-оналарга етказиш мақсадида Давлат тест маркази ходимлари, олимлар, тажрибали педагоглар томонидан олий ўқув юртларида кенг кўламли тушунтириш ишлари олиб борилди. Ёшлар учун етакчи мутахассислар иштирокида ўқув-консультатив машғулотлар, қўшимча дарслар ташкил этилди. Марказ ходимлари томонидан тест синовларининг тартибли, юқори савияда, белгиланган талаб ва меъёрларга риоя этган ҳолда ўтказилишини таъминлаш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилди. Белгиланган бино ва аудиториялар керакли жиҳоз ва ускуналар, ўқув воситалари билан таъминланиб, шай ҳолатга келтирилди. Фанлар бўйича тест топшириқлари шакллантирилди ва юқори малакали мутахассислар томонидан экспертизадан ўтказилди.

...Ҳа, ёшларимиз бугун Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлигига ҳисса қўшишдек эзгу мақсадлар билан яшамоқда. Минглаб йигит-қизларнинг келажакда етук мутахассис бўлишни ният қилиб, тест синовларида иштирок этгани бунинг ёрқин исботидир.

ЎзА


Охирги ўзгариш: 01/08/2015 19:52.   Кўрилганлиги: 720
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/maqsadi-aniqning-manzili-yaqin

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 7

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг