КУЧ-ҚУДРАТИМИЗ, САЛОҲИЯТИМИЗ ТИМСОЛИ

“...Самарқанд шаҳрида ўрнатиладиган ҳайкалнинг дастлабки варианти ҳам ҳозиргидан бироз бошқача эди. Унда соҳибқирон қўлида қилич ушлаган қиёфада тасвирланган эди. 

Мен бу масалага бағишланган сўнгги муҳокамаларнинг бирида бундай ечимга эътироз билдириб, “Тўғри, Амир Темур давлат бошқарувида ҳарбий кучга ҳам таянган, аммо унинг ўнта ишдан тўққизтасини кенгашу машварат билан, қолган биттасини қилич билан битирдим, деган сўзларини унутмаслик керак”, деб, қилични Соҳибқироннинг ёнида, қинига солинган ҳолатда акс эттириш лозимлигини таъкидладим. Чунки шунда унинг сиймосида, мен халқимнинг ҳимояси, юртимнинг мудофааси учун ҳар лаҳзада курашга тайёрман, лекин дунёда тинчлик-барқарорлик ҳукмрон бўлишини истайман, деган ғоя ўз ифодасини топган бўлар эди”.

Самарқанд шаҳри марказида салобат тўкиб турган Амир Темур сиймосига боққанимда Президентимизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида қайд этилган ушбу сўзлар ёдимга тушади. Бундай қараш, муносабат давлатимизнинг бугунги сиёсати ҳам тинчликсеварлик, халқпарварлик ва миллатлараро тотувлик асосига қурилганини англатади.

Зеро, инсоннинг куч-қудрати ва салоҳияти унинг ақлу тафаккури, бунёдкорлик ишлари билан белгиланади. Куч – адолатда, билим ва тафаккурда эканлигини тарих ҳам, бугунги дунё цивилизацияси ҳам кўрсатиб турибди-ку.

– Қарийб етти асрки, буюк Соҳибқирон бобомизнинг ҳаёти ва давлатчилик фаолияти, амалга оширган бунёдкорлик ишлари дунё аҳлини қизиқтириб, ҳайратга солиб келади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Археология институти директори Амриддин Бердимуродов. – Айниқса, Соҳибқироннинг Самарқандни Буюк ипак йўлининг чорраҳаси, илм-фан ва маданият марказига айлантириш борасидаги хизматлари беқиёс. Амир Темур Самарқандни салтанат пойтахтига айлантиришга қарор қилиб, бу шаҳарга келганида шаҳарнинг на мудофаа девори ва на бирор-бир ҳашаматли саройи бўлган. Мўғуллар Самарқанднинг қадимги ўрни – Афросиёбни шу даражада вайрон қилганки, уни тиклашнинг ҳам, бу жойда яшашнинг ҳам имкони бўлмаган. Шу боис 1370 йилнинг кузида Амир Темур Самарқандда катта қурултой чақириб, барча амиру беклар, лашкарбошилар, олиму фузалоларни чорлайди. Қурултойда мўғуллар томонидан таназзулга учратилган давлатчиликни тиклаш, пойтахт ва мамлакатни обод қилиш, иқтисодий ислоҳотлар ўтказиб халқнинг аҳволини яхшилаш, мамлакатнинг мудофаа қудратини ошириш каби муҳим масалалар белгиланади. Бу ишларни халқнинг қаддини, ғурурини тиклаш, маънавиятини оширмасдан бошлаб бўлмаслигини Соҳибқирон англаб, Мовароуннаҳрда яшаб ўтган олиму фузалоларнинг хотирасини тиклади, уларнинг қабрлари устига ҳашаматли мақбаралар барпо қилди, асарларини кўп нусхада қайта кўчиртирди. Мактаб ва мадрасалар, масжид ва хонақоҳлар, кутубхоналар бунёд қилди. Оқсарой, Кўксарой ва Бўстонсарой каби маҳобатли саройлар қурдириб, бир-биридан кўркам боғлар ташкил этди ва бу халқ нималарга қодир эканини амалда кўрсатди. Бу халқнинг, бу давлатнинг куч-қудратига шубҳа қилганларни ана шу иншоотларга, иморатларга боқишга даъват этди.

Тарихда ўхшашликлар бор. Амир Темурдан сўнг орадан олти аср ўтиб, Самарқанд яна улкан қурилиш-бунёдкорлик майдонига, йирик маданият марказига айланди.

– Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан Самарқанд шаҳрида, хусусан, Соҳибқирон мақбараси атрофида жуда катта ҳажмда қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилди – дейди “Нуроний” жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими раиси Ҳасан Нормуродов. – Аввалги тузум мафкураси таъсирида турли бино ва иншоотлар қуршовида, таъбир жоиз бўлса, соясида қолиб кетган, яширилган Амир Темур ва Руҳобод мақбаралари, унинг яқинидаги тарихий масжид атрофи очилиб, кўркам хиёбон ташкил этилди. Бир-биридан гўзал фавворалар қурилди, минглаб дарахт кўчатлари ўтқазилди. Янги хиёбонда Амир Темур ҳайкалини ўрнатиш режалаштирилган бўлиб, бу масалада архитектор ва бошқа мутахассислар томонидан кўплаб таклифлар билдирилди, лойиҳалар ишлаб чиқилди. Лекин бу лойиҳаларнинг аксариятида танланган жой янги хиёбонга ярашмас ёки бошқа жиҳатлари билан мос келмас эди. Узоқ муҳокамалардан сўнг Президентимиз ташаббуси билан Соҳибқирон сиймосини мазкур хиёбонга қараб турган ҳолда Университет хиёбони бошида ўрнатишга қарор қилинди. Ана шу оқилона қарор туфайли улуғ бобомиз ҳайкали муносиб ўрин топди. Ушбу монументда буюк бобокалонимиз гўёки ўзи бунёд этган биноларга мамнун боқиб тургандек, юртдаги тинчлик-барқарорликнинг ҳимоячисидек таассурот қолдиради.

1996 йил 18 октябрь куни ҳайкалнинг очилиш маросимида Президентимиз Ислом Каримов Самарқанд шаҳар байроғига Амир Темур орденини қадаб, бу санани шаҳар куни сифатида нишонлашни таклиф этди. Шундан буён самарқандликлар 18 октябрни Самарқанд шаҳри куни сифатида кенг нишонлайди. Тадбирлар Амир Темур мақбарасини зиёрат қилиш ва Соҳибқирон ҳайкали пойига гуллар қўйиш билан бошланади.

Юртбошимиз ташаббуси билан ташкил этилган ва 1997 йилдан буён ҳар икки йилда анъанавий равишда ўтказиб келинаётган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали иштирокчиларининг ҳам Самарқанд билан дастлабки танишуви Амир Темур ҳайкали пойига анвойи гуллар қўйиш билан бошланиши анъанага айланган. Бу ҳам улуғ бобомизнинг ўз даврида Самарқандни йирик илм-фан ва маданият марказига айлантиргани, дунё тамаддуни ривожига қўшган улкан ҳиссасининг эътирофи дейиш мумкин. Соҳибқирон таваллуд топган кун ва бошқа муҳим сана, байрамлар ҳам ушбу муаззам майдондан бошланиб, бутун вилоят бўйлаб давом этади.

Ғолиб Ҳасанов


Киритилган вақти: 04/04/2015 21:10.   Кўрилганлиги: 2644

 

Сўровнома


Сайтга баҳо беринг

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 12

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг