Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

КЕКСАЛАР ҚАДР ТОПГАН ЮРТ

КЕКСАЛАР ҚАДР ТОПГАН ЮРТ

Кексаларга ҳурмат-эҳтиром, меҳр-оқибат кўрсатиш маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисми, халқимизга хос қадриятга айланган. Қайсики хонадонда ёши улуғ инсонлар бўлса, бу уйнинг файзу баракаси ҳам бошқача бўлади. Улар фарзанду набираларнинг нафақат дуогўйи, балки энг яқин маслаҳатчиси, ўз ҳаётий тажрибалари асосида тўғри йўл кўрсатувчилардир.

Кекса авлод вакилларини улуғлаш, уларнинг тажрибасига таяниш оилаларимиздаги каби жамиятда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган, инсон манфаатлари устувор давлатимиз сиёсатида ёши улуғ инсонларни ижтимоий муҳофаза қилиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, турмуш даражасини ошириш энг муҳим устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Мамлакатимиз бош қомуси – Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эгалиги белгилаб қўйилган. Юртимизда яшовчи Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти фахрийларига, умуман, нуронийларга тиббий-ижтимоий ёрдам олиш, кундалик турмуш билан боғлиқ маиший хизматлардан фойдаланишда бир қатор имтиёз ва енгилликлар берилган. Ҳар йили 100 ёшдан ошган отахон ва онахонлардан бир гуруҳи давлат мукофотлари билан тақдирланмоқда. Президентимизнинг 2014 йил 13 октябрдаги “1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, нуронийлар ўзлари истаган вақтда юртимиздаги санаторий-соғломлаштириш масканларида йилига бир марта бепул даволаниш имкониятига эга бўлди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Кексаларни эъзозлаш йили” деб номланган жорий йилда бундай улуғвор ва эзгу ишлар кўлами яна ҳам кенгайган ҳолда амалга оширилмоқда.

Жумладан, Самарқанд вилоятида “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ва ҳудудий дастур ижроси юзасидан давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

– Президентимизнинг 2014 йил 12 декабрдаги фармойиши ва 2015 йил 18 февралдаги “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимининг ҳам тегишли қарорлари қабул қилиниб, олти бўлим ва 103 банддан иборат ҳудудий дастур тасдиқланган эди, – дейди Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Хайриддин Хўжаёров. – Ҳар бир йўналишдаги вазифаларни амалга ошириш бўйича масъуллар белгиланиб, дастурнинг бажарилиши доимий мониторинг қилиб борилмоқда. Кексаларга ғамхўрлик кўрсатиш ва эътиборни кучайтириш, уларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишга қаратилган қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базани, пенсия таъминоти ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш бўйича вилоят адлия бошқармаси ҳамда мутасадди идоралар томонидан семинарлар, давра суҳбатлари ўтказилди. Бу тадбирларда дастурда белгиланган қонун лойиҳалари ва ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларни такомиллаштириш юзасидан ўнлаб таклифлар ишлаб чиқилиб, тегишли органларга юборилди. Фуқароларга қулайлик яратиш ва уларнинг вақтини тежаш мақсадида пенсия тайинлаш ва тўлаш бўйича ҳужжатларни электрон тарзда тақдим этиш жорий этилди. Шунингдек, пенсионерларга пенсия миқдорлари ошганлиги тўғрисида, шунингдек улар юборган индивидуал сўровномаларга мувофиқ пенсияларининг миқдорлари ҳақида хабардор қилувчи бепул SMS хабарларини жўнатиш хизмати йўлга қўйилди.

Бу йил Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг етмиш йиллиги кенг нишонланиши муносабати билан дастурда уруш қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашни кучайтириш юзасидан кўплаб вазифалар белгиланган эди. Мазкур йўналишда Президентимизнинг 2015 йил 19 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари – 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини “Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги” эсдалик юбилей медали билан мукофотлаш тўғрисида”ги ҳамда 2015 йил 6 мартдаги “1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонларига кўра, 1100 нафарга яқин уруш ва меҳнат фронти фахрийлари эсдалик юбилей медали билан тақдирланди. 280 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг ҳар бирига 700 минг сўмдан пул мукофотлари топширилди.

Бундан ташқари, уруш ва меҳнат фахрийларининг 280 нафарига мамлакатимизда ишлаб чиқарилган телевизорлар, 296 нафарига мобиль телефон аппаратлари берилди. Телефон аппарати берилган фахрийларга ойлик абонент тўлови ундирмасдан ҳар ойда маҳаллий ва шаҳарлараро чиқиш қўнғироқлари учун 60 дақиқа бепул лимит ажратилди. Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ҳисобида туриб, пенсия олувчи 270 нафар уруш ногиронлари ва қатнашчилари учун белгиланган уй-жой ва коммунал хизматлар ҳақини тўлаш учун имтиёзлар бўйича ойлик компенсация тўлови миқдори 2015 йилнинг 1 майидан энг кам иш хақининг 45 фоизидан 50 фоизига, 5718 нафар меҳнат фронти фахрийлари учун эса энг кам иш хақининг 18 фоизидан 25 фоизига оширилди.

Кексаларга тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш даражаси ва сифатини ошириш, уларни тизимли асосда соғломлаштиришни ташкил этиш, ёрдамчи ҳамда техник реабилитация воситалари билан таъминлаш борасида ҳам вилоятда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда вилоят бўйича 239 минг 534 нафар нуронийларнинг рўйхати шакллантирилиб, тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилди. “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” шиори остидаги саломатлик ҳафталиклари барча туман ва шаҳарларда юқори савияда ташкил этилди. Мазкур кўриклар натижасида касаллик аниқланган фахрийлар амбулатор шароитда ҳамда даволаш-профилактика муассасаларида даволанди. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига дори-дармон қутилари, 400 нафардан ортиқ кексаларга реабилитация техник воситалари ва протез-ортопедия маҳсулотлари берилди.

Йил бошидан буён 500 нафардан ортиқ уруш ва меҳнат фронти фахрийлари республикамиздаги санаторий-соғломлаштириш муассасаларида  саломатлигини тиклаб, ҳордиқ чиқарди. Шунингдек, 1500 нафарга яқин нуронийлар вилоятдаги “Ибн Сино” ва “Марварид” сиҳатгоҳларида дам олдилар.

Дастур доирасида кексаларнинг турмуш шароитини яхшилаш, уларга кўрсатилаётган маиший хизмат сифатини ошириш юзасидан ҳам зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Самарқанд шаҳридаги 6 та ҳаммом, 29 та сартарошхона, ногиронларни тиббий реабилитация қилиш маркази кексаларга маиший ва ижтимоий хизмат кўрсатиш учун бириктирилган. Йил бошидан буён 1125 нафар ижтимоий кўмакка муҳтож кексаларнинг уй-жойи таъмирланди. Байрамлар муносабати билан уларга озиқ-овқат маҳсулотлари, маиший техника воситалари кўринишида совғалар улашилмоқда.

Кексаларнинг мароқли дам олишини ташкил қилиш учун барча шаҳар ва туманларда жамоат марказлари, мавжуд маданият ва истироҳат боғларида 51 та хордиқ маскани, “Нуронийлар чойхонаси” ташкил қилинди. Уларнинг барчасига шахмат, шашка ҳамда стол тенниси жиҳозлари етказиб берилди. Эътиборлиси, вилоятда фаолият кўрсатаётган барча кинотеатрлар, муқаддас қадамжо ва музейларга кириш кексалар учун бепул деб белгиланди.

Давлат ва жамоат ташкилотларининг бундай эътибор ва ғамхўрлигидан Самарқанд шаҳрибдаги Саховат уйи ва Ургут туманидаги Мурувват уйида истиқомат қилаётган кексалар ҳам баҳраманд бўлиб келмоқда. Ушбу муассасаларга “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан шахсий гигиена воситалари, кийим-кечак ва озиқ-овқат маҳсулотлари берилди. Ҳар ҳафта турли маданий дастурлар намойиш этилмоқда.

Фахрийларнинг кўнглини кўтариш, ҳурматини жойига қўйиш ва  уларнинг ҳаётини мазмунли қилиш йўлидаги бу ҳаракатлар изчил давом этади.

Ғолиб Ҳасанов


Киритилган вақти: 13/11/2015 19:09.   Кўрилганлиги: 828
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/keksalar-qadr-topgan-yurt

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 2

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг