Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

КЕЧИРИШГА ВАЪДА БЕРИЛДИ, АДАШГАНЛАР ҚАЙТАДИМИ?

КЕЧИРИШГА ВАЪДА БЕРИЛДИ, АДАШГАНЛАР ҚАЙТАДИМИ?

Вилоят ҳокимлигида махсус қидирувдаги фуқаролар ва уларнинг яқин қариндошлари билан вилоятда амалга оширилаётган ишлар масаласига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. 

Йиғилишни вилоят ҳокими Т.Жўраев бошқарди.

– Бугунги кунда юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ва бошқа бир қатор эзгу ишлардан барчангиз хабардорсиз, – деди вилоят ҳокими. – Мавжуд ижтимоий-иқтисодий муаммоларга Президентимиз бошчилигида барҳам берилмоқда.

Вилоятимизда ҳам аҳоли муаммоларини ҳал этиш, уларнинг янада фаровон ҳаёт кечириши учун барча шароитларни яратиш борасида қамровли ва тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу юртда ҳар бир фуқаронинг яхши яшашга ҳақи бор.

Афсуски, эришилаётган шундай ютуқлар, тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етмай, турли диний оқимлар сафига қўшилиб, ўзга юртда юрган, адашган фуқароларимиз ҳам бор. Бунинг энг катта сабаби ишсизликдир. Ишсиз бўлган инсон пул топишнинг бошқа йўлларини излайди ва бундан ғаразли ниятли кимсалар фойдаланиб қолади.

Адашган фуқароларимизни қайтаришга, тўғри йўлга солишга барчамиз масъулмиз. Мен махсус ҳисобда турувчиларнинг яқинларига мурожаат қилмоқчиман. Агар улар билан алоқангиз бўлса, айтинг, қайтишсин. Вилоят ҳокими сифатида ваъда бераман, ҳеч бирини қамамаймиз. Президентимизнинг топшириғи бу. Уларни тўғри йўлга соламиз, иш билан таъминлаймиз, уйи бўлмаса, бу борада ҳам ёрдам берамиз.

Таъкидланишича, вилоятда 1 минг 749 нафар шундай фуқаронинг 1 минг 625 нафари кейинги бир ярим йил давомида ички ишлар идоралари махсус ҳисобидан чиқарилган. Қолган 124 нафари турли хорижий давлатларда қолмоқда.

– Махсус ҳисобдан чиқарилган фуқароларга амалий ёрдам берилмоқда, – дейди миллий хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси бошлиғи У.Мирзааҳмедов. – Тадбиркорлик қилишни истаганларига банклар томонидан имтиёзли кредитлар ажратилди. Кам таъминланганларига моддий ёрдам кўрсатилди, ишсизларининг бандлиги таъминланди. Саломатлигини тиклаш ва даволанишлари учун шароит яратилди.

Шунингдек, йиғилишда вилоят прокурори Ф.Зуфаров, жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси О.Ҳайитов ва вилоят бош имом-хатиби З.Эшонқулов сўзга чиқиб, адашган, ўзга юртда қочиб юрганлар хатти-ҳаракатларининг ҳуқуқий оқибатлари, ўз ихтиёрлари билан қайтишса, уларга бериладиган қонуний енгилликлар ҳақида тўхталди.

Хусусан, ўз ихтиёри билан қайтиб келганлар билан суҳбат олиб борилиб, профилактик чоралар кўрилиши, содир этган жиноятига ҳуқуқий баҳо берилиши, адашганлиги тасдиқланса, ўз қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлса, уларга озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жавобгарлик белгиланиб, қонуний енгиллик татбиқ этилиши, уларнинг ижтимоий ҳаётга мослашишида кўмак берилиши таъкидланди.

Махсус ҳисобда турган ва қидирувда бўлган 12 нафар фуқаронинг жинояти тегишли идоралар томонидан ўрганиб чиқилиб, уларни юртига қайтариш юзасидан чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Йиғилишга таклиф этилган адашган фуқароларнинг яқинлари ҳам сўзга чиқиб, бу имконият учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.

Тадбир давомида турли диний оқимларга кириб, тақдири аянчли якунланган ва ўзга юртда хору зор бўлиб юрган кимсалар ҳақида ҳикоя қилувчи "Адашганлар" номли фильм намойиш этилди.

 

Fолиб Абдусаломов.


Охирги ўзгариш: 17/03/2018 11:57.   Кўрилганлиги: 346
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/kechirishga-vada-berildi-adashganlar-qaytadimi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 15

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг