Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

КАТТАҚЎРҒОН ТУМАНИДА “ҲАР КУНИНГ БЎЛСИН, НАВРЎЗ!” ШИОРИ ОСТИДА УМУМХАЛҚ БАЙРАМИ КЕНГ НИШОНЛАНДИ

КАТТАҚЎРҒОН ТУМАНИДА “ҲАР КУНИНГ БЎЛСИН, НАВРЎЗ!” ШИОРИ ОСТИДА УМУМХАЛҚ БАЙРАМИ КЕНГ НИШОНЛАНДИ

Кўклам нафаси... Саҳарларнинг таровати ўзгача. Тонгларни майин шаббодаю анчадан буён қулоғимизга чалинмай қолган сайроқи қушларнинг дилга қувонч улашгувчи овози билан қарши олмоқдамиз. Қийғос гуллаган бодому ўрик шохларига боқиб, асаларининг у гулдан бу гулга қўниб, аллақачон ҳаракатга тушиб қолганидан завқланиб кетади киши. 

Кимдир кўчат ўтқазишга чоғланган, кимдир майса ундирмоқда, қавм-қариндош, маҳалла аҳли катта-катта дошқозонлар атрофида сумалак тайёрлашга ошиққан. Шундай шукуҳли дамларда Каттақўрғон туманидаги Қоқсой тепалигида Наврўз сайли тадбирлари бўлиб ўтказилди.

 

Байрам муносабати билан тумандаги ҳар бир корхона ва ташкилотлар ҳамда муассасалар томонидан кўтаринки руҳда тайёргарлик кўрилди. Марказий кўча ва истироҳат боғларида байрамга хос шиорлар, ранг-баранг байроқчалар илинди. Аждодлардан авлодларга мерос бўлиб келган эзгу удумлар бардавом бўлиб, Наврўз айёми олдидан барча қабристонларда ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Кўчалар обод этилиб, ариқ ва зовурлар тозаланди. Мевали ва манзарали дарахтлар, турфа ранг гуллар ўтқазилди. Туманимиз қишлоқларида истиқомат қилаётган кам таъминланган оилалар, бемор фуқаролар, кекса нуронийлар ҳолидан хабар олинди. Айни шу саъй-ҳаракатлар туфайли қутлуғ шодиёнани барча бирдек, хурсандчилик билан қарши олиши учун муносиб тадорик кўрилди.

Шоду хуррамлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик айёми - Наврўз сайлига Қоқсой тепалигида кўтаринки руҳда тайёргарлик кўрилди. Қадимий урф-одат ва анъаналарга хос тарзда майдонда ўтовлар тикилди. Тепалик етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган кексаю ёш билан гавжум. Барчанинг юзида табассум, бугунги кундан розилик, шоду хуррамлик, шукроналик ҳиси балқиб турди.

Тадбирда сўзга чиққанлар бундай шукуҳли дамларда, тинч ва осойишта юртда ҳар бир кўнгилга байрам татишини таъкидлашди.

Сайилга юртимизнинг турли гўшаларидан бадиий жамоалар, ашула ва рақс ансамбллари, фольклор жамоалари, аскиячилар, алёрчилар жалб этилди. Йирик саҳнада ижро этилган "Сарбози" фольклор этнографик халқ дастаси ҳамда "Қалдирғоч" фольклор болалар дастасининг чиқишлари, "Зарафшон" халқ дастаси ва таниқли хонандаларнинг концерт дастурлари барчага хушнудлик бағишлади. Бахшилар, барча ҳаваскор фольклор жамоаларининг чиқишлари томошабинларда унутилмас таассурот қолдирди.

Байрам муносабати билан халқимизнинг миллий ўйинлари - хўроз ва қўчқор уриштириш, тош кўтариш, чиллик, беш тош, оқ теракми-кўк терак бўйича ўғил ва қиз болалар ўртасида беллашувлар ташкил этилди. Варрак сайлида болажонлар қийқиришиб, баланд учган варраклари ортидан боқиб, кўнгли яйради. Бундан ташқари, кураш бўйича ўтказилган турли вазн тоифаларидаги мусобақалар туфайли янгидан-янги полвонлар кашф этилди.

Наврўз шодиёнаси давомида арқон тортиш бўйича мусобақаларда туманнинг алп йигитлари ўз маҳоратларини синовдан ўтказишди. Якуний натижаларга кўра Сув омбори жамоаси биринчи, Мойбулоқ жамоаси иккинчи ва БЎСМ жамоаси эса учинчи ўринни қўлга киритишди. Тош кўтариш мусобақасида эса Зиёд Бурҳонов барча рақибларини ортда қолдириб, ғолиблар сафидан жой олди. Бокс, карате ҳамда бадиий гимнастика спорт турлари бўйича кўргазмали чиқишлар байрам тароватини янада оширди. Барча мусобақаларда фаол иштирок этган ҳамда ғолибликни қўлга киритган спортчиларга туман ҳокимлиги, байрам ташкилотчиларининг диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

Наврўз байрами қўшалоқ тантаналарга бой бўлди. Жумладан, Қоқсой маҳалласида 43-мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилди. Янги икки қаватли боғча 75 ўринга мўлжалланган бўлиб, уни бунёд этишга 1 миллиард 777 миллион сўм маблағ сарфланди.

"Ҳар кунинг бўлсин, Наврўз!" шиори остида барча маҳалла ва қишлоқларда байрам тадбирлари давом этмоқда.


Киритилган вақти: 19/03/2019 09:08.   Кўрилганлиги: 667
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/kattaqorgon-tumanida-har-kuning-bolsin-navroz-shiori-ostida-umumxalq-bayrami-keng-nishonlandi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 15

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.