Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

КАТТАҚЎРҒОН ШАҲРИДАГИ МУДҲИШ ҚОТИЛЛИК САБАБЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

КАТТАҚЎРҒОН ШАҲРИДАГИ МУДҲИШ ҚОТИЛЛИК САБАБЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Бугун, 5 июль куни  Каттақўрғон шаҳар Драма театрда шаҳар ҳокимлиги, ИИБ ва прокуратура ходимлари, муассасалар, жамоат ташкилотлари, маҳалла фаоллари, кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама ўтказилди.

Кун тартибида асосан битта масала, яъни куни кеча Каттақўрғон шаҳрида содир этилган мудҳиш жиноят, унинг оқибатлари, жиноятни келиб чиқишига сабаб бўлган ҳолатлар муҳокама қилинди.

Содир этилган жиноят тафсилотларига кўра, 2019 йил 4 июль куни соат 10:00 ларда Каттақўрғон туман “Зарқўрғон” маҳалласи Кўкан қишлоғидан оқиб ўтувчи “Чиқиш” каналининг чап қирғоғидан Равшан Фахриддинов ҳамда унинг укаси Ришат Фахриддиновларнинг жасадлари қотиллик аломатлари билан топилган. Жиноятни фош этиш мақсадида олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида ушбу жиноят Каттақўрғон шаҳар “Дўстлик” маҳалласида яшовчи фуқаро томонидан содир этилганлиги аниқланган. Ушбу фуқаро 3 июль куни 12:00 лар атрофида яшаш уйининг ахлатларини тўкиш учун чиққанда унга нотаниш бўлган икки нафар шахс, яъни, марҳум Равшан ва Ришат Фахриддиновларни спиртли ичимлик истеъмол қилиш учун уйига таклиф қилади. Шу орада улар орасида жанжал чиқиши оқибатида уй эгаси ака-ука Фахриддиновларга ошхона пичоғи билан оғир тан жароҳати етказади. Натижада иккаласи ҳам вафот этади.

Йиғилишда сўзга чиққанлар, ушбу жиноятнинг содир этилишига асосан масъул ходимларнинг бефарқлиги сабаб бўлганлигига урғу беришди.

Атроф-муҳитга лоқайд ва бепарво муносабат туфайли қотиллик қурбони бўлмиш икки нафар шахс воқеа жойида анча вақтгача қолиб кетгани (12 соат давомида), бундан на қўни-қўшни на маҳалла фаоллари хабар топмагани, жасадларни Чиқиш каналигача олиб боришида бирор кишининг гувоҳ бўлмаганлиги кишини таажжубга солади. Маҳаллаларда ичкиликка, гиёҳвандликка ружу қўйган, жиноятчиликка мойиллиги бўлган шахслар билан етарлича профилактик тадбирлар олиб борилмаётганлиги оқибатида ана шундай мудҳиш жиноятлар содир этилаётганлиги таъкидланди.

Ушбу жиноят барчамизни сергак тортириши керак. Жиноятни содир этган шахс ичкиликка ружу қўйган. Мана шундай ичкиллик оқибатида содир этиладиган жиноятларнинг қурбонлари орасида эртага ҳар биримизнинг яқинимиз бўлиши мумкин. Бу иллатга қарши курашиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси деган тушунчадан йироқ бўлишимиз ва бунга ҳар биримиз, барча жамоат ташкилотлари, маҳалла, Хотин-қизлар, Ёшлар Иттифоқи, соғлиқни сақлаш, кенг жамоатчилик биргаликда фаолият олиб бориши керак. Шундагина бу борада олиб борилаётган ишлар натижа бериши мумкин.


Киритилган вақти: 05/07/2019 22:30.   Кўрилганлиги: 446
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/kattaqorgon-shahridagi-mudhish-qotillik-sabablari-muhokama-qilindi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 11

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.