
1 апрель куни халқ депутатлари Каттақўрғон тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.
Сессияда вилоят ҳокими Ҳ.Оқбўтаев маъруза қилди.
Таъкидландики, Каттақўрғон йирик туман сифатида вилоятимиз иқтисодиётида ўз ўрни, салоҳиятга эга. Барча соҳалар бўйича эришилаётган натижалар вилоят кўрсаткичларига сезиларли таъсир кўрсатади. Шу нуқтаи назардан 2016 йил якуни билан туманда саноат маҳсулотлари 8 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 7 фоиз ва хизматлар ҳажми 14 фоизга, чакана савдо ҳажми 16 фоизга ўсгани эътиборли. Туман деҳқонлари ўтган йил 33 минг тонна пахта ва 24,5 минг тонна ғалла етиштириб, вилоятимиз хирмонига салмоқли ҳисса қўшди.
Лекин бугун Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва халқимиз учун муносиб турмуш шароити яратиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, соҳа субъектлари учун имтиёзлар тизимни такомиллаштириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва шу орқали уларнинг реал даромадларини ошириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилаётганига қарамай, туманда бу борада кўплаб муммолар тўпланиб қолган. Халқ билан мулоқотнинг самарали йўлга қўйилмагани оқибатида одамларнинг туман ҳокимлиги ва бошқа идораларга ишончи йўқолган. Вилоят ва республика идораларига ариза ва шикоятлар кўпайган.
Бугунги кунда туманда рўйхатга олинган 764 та кичик бизнес субъектнинг 83 таси фаолият кўрсатмаяпти. Ишлаб турибди деб айтилаётган 681 та субъектнинг ҳам 132 таси ҳақиқатда фаолият кўрсатмаётганлиги аниқланди. Бунинг оқибатида айни пайтда туманнинг вилоят саноатидаги улуши атиги 3 фоизни ташкил этмоқда.
Туман пахта, мева-сабзавот, узум етиштириш бўйича вилоятда етакчи ўринда туради, лекин бу маҳсулотларни қайта ишлаш, экспортбоп товарлар ишлаб чиқариш бўйича бирорта корхона мавжуд эмас. Туманда бор-йўғи 2 та хорижий сармоя иштирокидаги корхона мавжуд ва бу вилоят кўрсаткичининг 1 фоизини ҳам ташкил қилмайди.
Шунингдек, туманда коммунал соҳада ҳам кўплаб муаммолар тўпланиб, дебитор қарздорлик йил сайин ошиб бормоқда. Жумладан, йилнинг дастлабки уч ойида қарздорлик электр энергиясидан 709 млн. сўмга, табиий газдан 800 млн. сўмга ошган. Туманидаги кўп қаватли уй-жойларни таъмирлаш учун банклардан кредит олиш бўйича ҳам ҳеч қандай чоралар кўрилмаган.
Ижтимоий соҳада йўл қўйилган камчилик ва нуқсонлар натижасида таълим муассасаларида давомат кескин тушиб кетган. Хорижга чиқиб кетган 63 нафар коллеж ўқувчиларини қайтариш чоралари кўрилмаган. 200 дан ортиқ мунтазам дарсларга келмайдиган ўқувчилар ота-оналарининг атиги 18 нафарига жавобгарлик чоралари қўлланган холос. Ўқувчилар тарбиясига етарли эътибор қаратилмагани, оила-маҳалла-таълим муассасаси ҳамкорлигининг йўлга қўйилмагани оқибатида ёшлар ўртасида жиноятчилик, диний экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолиш ҳолатлари кўпайган. Тиббиёт тизимида ҳам ечимини кутаётган жуда кўп муаммолар мавжуд.
Сессияда ташкилий масала кўрилди. Сапарали Азимов ўз аризасига мувофиқ Каттақўрғон тумани ҳокими вазифасидан озод этилди.
Вилоят ҳокими тавсиясига кўра, Ўзбекистон Экологик ҳаракати Тошкент вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари лавозимида ишлаб келаётган Аззамов Худойберди Сурхонович Каттақўрғон тумани ҳокими этиб тасдиқланди.
Сессияда туман Кенгаши депутатлари, фаоллар сўзга чиқиб, вилоят ҳокими маърузасида қайд этилган камчилик ва нуқсонларни ҳамжиҳатликда бартараф этиш, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш учун барча имкониятларни ишга солиб, меҳнат қилишларини билдирдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 0
Меҳмонлар: 5
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.