Самарқанд вилояти ҳокимлиги w w w . s a m a r k a n d . u z

Журналистлар Самарқанд туманидаги фермер хўжаликлари билан танишди

Журналистлар Самарқанд туманидаги фермер хўжаликлари билан танишди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Самарқанд вилоят бошқармаси ташаббуси билан Самарқанд туманига пресс-тур ташкил этилди.

Тадбир вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамда туман ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилди.
Журналист ва блогерлар дастлаб тумандаги “Аъзам Азамат Агро” кўп тармоқли фермер хўжалигида яратилган имкониятлар билан танишди.
- 2005 йилда 20 гектар ер майдонида экин экиб бошлаганмиз, дейди кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Аҳмаджон Султонов. - Хўжалигимизнинг ҳозирда 110 гектар майдонида Туркия технологияси асосида интенсив боғ барпо қилиниб, экспортбоп маҳсулотлар, олма, шафтоли, узум етиштирлмоқда. Ундан ташқари, 2014 йилда Польша давлатидан 32 бош чорва молларини келтирган бўлсак, ҳозирга келиб улар сони 300 бошга етди. Шундан 100 бошга яқин соғин сигирлардан кунига ўртача 2 тонна сут олиниб, мактабгача таълим ташкилотлари, савдо шохобчалари ҳамда қайта ишлаш корхоналарига юборяпмиз.
Шунингдек, фермер хўжалигида 40 мингта парранда парваришланиб, йилига 350-400 тонна гўшт маҳсулоти маҳаллий бозорга етказилмоқда. Қўшимча хўжалик цехида кунига 1400 дона яшик ишлаб чиқарилмоқда. Етиштирилаётган мева-сабзавотларнинг 60 фоизи экспорт қилинаётган бўлса, қолгани халқимиз дастурхонига тортилмоқда.
Хўжалик томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 300 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот экспорт қилинган бўлиб, йил охиригача яна 400 минг АҚШ доллари миқдоридаги узум маҳсулоти экспорт қилиниши режалаштирилган. Айни кунларда кўп тармоқли фермер хўжалигида 70 нафар доимий, 150 нафар мавсумий ишчилар меҳнат қилмоқда. Келгусида сутни қайта ишлаш корхонаси қурилади ҳамда кластер асосида 20 гектар интенсив боғ ҳам барпо этилиб, экспортбоп мевалар етиштирилади. Яна қўшимча 20 та ишчи ўрни яратилади.
100 та тухумнинг 85 тасида жўжа чиқади
Пресс-тур иштирокчиларининг навбатдаги манзили тумандаги республикада биринчилардан бўлиб ташкил этилган “Навобод наслли парранда” кластер усулидаги кўп тармоқли фермер хўжалиги бўлди.
Хўжалик раҳбари Хайдар Ўрақов берган маълумотга кўра, кўп тармоқли фермер хўжалиги учун 120 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, жорий йилда 90 гектар ер майдонида замонавий усулдаги узумзор барпо этилган. Хорижий давлатлар тажрибаси асосида узумнинг экспортбоп оқ кишмиш нави экилди. Корхона қошида узумни қайта ишлаш учун 1 миллион 200 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағ эвазига Белгия, Туркия, Германиядан замонавий ускуна келтирилди. Натижада, 300 минг тонна экспортбоп маҳсулот тайёрланиб, 22 нафар иш ўрни яратилди.
Корхона фаолиятининг яна бир тури паррандачилик бўлиб, асосан гўшт етказиб бериш билан шуғулланади. Ҳозирда, 300 минг бош наслли парранда парваришланмоқда. Жомбой филиали билан бирга ойига 2 миллион бошдан ортиқ наслли жўжалар етиштирилиб, республикамизнинг қарийб барча паррандачилик корхоналарига етказилмоқда. Бу ерда боқилаётган паррандалар наслли бўлгани учун 100 та тухумнинг 85 тасида жўжа етишиб чиқади.
Шунингдек, Андижон, Фарғона, Наманган, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм, Тошкент вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон республикасида корхона филиаллари фаолият кўрсатмоқда. Дастлаб, наслли жўжалар германиялик ҳамкорлар томонидан етказиб берилган бўлса, бугунга келиб, корхона қошидаги инкубация цехида наслли жўжалар етиштириш йўлга қўйилган. Бундан ташқари, хўжалик томонидан соатига 20 тонна парранда омухта ем ишлаб чиқарилиб, юртимиздаги паррандачилик корхоналари ва Афғонистон, Тожикистон, Қозоғистон давлатларига экспорт қилинмоқда. Бугунги кунгача икки хўжаликда 7 миллион АҚШ долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Йил якунигача 6 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот экспортга чиқарилиши режалаштирилган.
                                                                                                                                                        Ҳусан ЭЛТОЕВ.

Киритилган вақти: 26/08/2020 08:37.   Кўрилганлиги: 468
 
Материал манзили: https://samarkand.uz/press/news/jurnalistlar-samarqand-tumanidagi-fermer-xojaliklari-bilan-tanishdi

 

Сўровнома


Веб-сайтимиз орқали қайси соҳа бўйича кўпроқ янгиликлар жойлаштирилишини истайсиз?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 5

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.