Ушбу альбомда фотосуратчининг шахсий қарашлари, ўткир нигоҳи, суратлардаги ҳаётий фалсафаси, ўзбек анъанавий архитектураси намоён. Китобда Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз каби кўҳна маконларнинг суратлари келтирилган.
Асарда муаллиф томонидан сайёҳлар ҳамда сураткашликка қизиқувчиларга юртимизнинг машҳур қадамжоларини қай томондан суратга олиш ҳақида таклифлар берилган. Шунингдек, барча суратлар замонавий QR-код билан махсус веб-сайтга уланган.
Тақдимотда сўзга чиққан япониялик фотосуратчи Самарқанд Ўзбекистон бўйлаб суратга олиш ишларини бошлаган биринчи шаҳри эканлигини, бундан 20 йил олдин илк бор Самарқандга келганида ўзбек миллий тарихи ва анъаналари уни ўзига оҳанрабодек мафтун этганлигини билдирди. Шунингдек, 2008 йилда «Самарқандиана» энциклопедик лойиҳасида қатнашганлигини маълум қилди. Шу билан бир қаторда «Лаҳзада муҳрланган ўзбек анъанаси» фотокитобида ўн йил давомида Ўзбекистон билан қилган ижодий ҳамкорлиги, ўзбек миллатининг ўзига хослиги, айниқса, Самарқанднинг тарихий обидалари, архитектураси ва меҳнатим маҳсули жой олганлигини мамнуният билан билдирди.
Маълумот ўрнида: Жин Акино ижоди асосан Буюк Ипак йўлида жойлашган мамлакатлар архитектураси ва маданияти билан боғлиқ. Унинг суратларини кузатар экансиз, сураткашнинг одамлар томонидан кўз илғамаган табиат чиройини, ҳайвонларнинг ҳолатини, инсонларнинг табассумини муҳрлаганлигига гувоҳ бўласиз. 2007 йилда унинг “Самарқанднинг меъморий гўзаллигига саёҳат” кўргазмаси Самарқанд ва Токиода бир вақтда намойиш этилди. International Photography Awards (АҚШ), La Prix de la Photographie de Paris (Франция) каби кўплаб халқаро танловлар совриндори.