
Президентимизнинг 2015 йил 19 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари – 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини “Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги” эсдалик юбилей медали билан мукофотлаш тўғрисида”ги ҳамда 2015 йил 6 мартдаги “1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармонларига кўра, Самарқанд вилоятидаги уруш ва меҳнат фахрийларига ушбу мукофотлар тантанали равишда топширилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги томонидан 1074 нафар уруш ва меҳнат фронти фахрийларига Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан “Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги” эсдалик юбилей медали ҳамда 280 нафар уруш қатнашчиси ва ногиронларига 700 минг сўмлик бир марталик пул мукофотларини тантанали ва байрамона вазиятда топшириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланиб, масъуллар белгиланган.
Унга кўра, вилоят ҳокими ва ўринбосарлари, туман ва шаҳар ҳокимлари, шунингдек вилоят мудофаа ишлари бошқармаси, “Нуроний” жамғармаси раҳбарлари фахрийлар хонадонига бориб, юбилей медали ва пул мукофоти, эсдалик совғаларини топширмоқдалар. Уларни Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 70 йиллиги билан табрикламоқдалар.
Вилоят ҳокими З.Мирзаев Самарқанд шаҳар “Мотрид” маҳалласида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Муҳсин Ҳусаинов хонадонига ташриф буюриб, отахонга юбилей медаль, пул мукофоти ва вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғасини топширди.
– Ҳар тонг уйғониб, аввало Президентимизнинг, халқимизнинг ардоғида ҳаёт кечираётганимга шукрона айтаман, – дейди 96 ёшли Муҳсин Ҳусаинов. – Фарзанду набираларим, яқинларим қаторида маҳалла-кўй, ҳокимлик вакиллари ҳар куни ҳолимни сўраб туришади. Меҳр ва эътибор кўрсатишади. Бугун хонадонимизга вилоят ҳокими ва бир гуруҳ раҳбарлар келиб Юртбошимиз номларидан юбилей медали ва пул мукофотларини топширганларида кўзларим севинч ёшларига тўлди. Улар билан суҳбатлашиб, руҳим тетиклашди, куч-ғайратим ошди.
Илоҳим, бизни қадрлаган, улуғлаган инсонларнинг ўзлари ҳам шу ёшларга кириб, доим элимиз ардоғида бўлсинлар, юртимиздаги тинчлик-осойишталикка кўз тегмасин.
Жомбой тумани Жомбой маҳалласида яшовчи уруш қатнашчиси Бурхон Солмонов ҳам Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Х.Хўжаёровдан юбилей медаль ва пул мукофотини қабул қилиб олар экан, ўз миннатдорчилигини изҳор этди.
– Биз турли замонларни, тузумларни кўрдик, – дейди Бурхон бобо. – Бугунгидай инсон қадр-қимматининг эътирофига гувоҳ бўлган эмасмиз. Президентимиз бу йилни Кексаларни эъзозлаш йили, деб номлашининг ўзи биз, фахрийлар учун энг олий мукофот бўлди.
Яқинда Қарши шаҳрида муддатли ҳарбий хизматга қабул қилинган набирам Аъзамхоннинг қасамёд қабул қилиш маросимида иштирок этдим. Йўл-йўлакай амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларига қараб тўлқинланиб кетдим. Аскарлар учун яратилган шароитни кўриб ўзим хизмат қилган даврлар кўз олдимдан ўтди... У кунларни ҳеч ким кўрмасин. Илоҳим, хотиржам, озод ва обод ҳаётимиз абадий бўлсин!
“Нуроний” жамғармаси вилоят бўлимидан олинган маълумотларга кўра, байрам арафасида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларига саломатликларини тиклашлари учун сиҳатгоҳларга 110 та йўлланма, касаба уюшмалари, давлат ва жамоат ташкилотларининг эсдалик совғалари, озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон, ногиронлар аравачаси, эшитиш мосламаси ва бошқа протез ортопедия воситалари берилмоқда.
Вилоятда эсдалик юбилей медали ҳамда бир марталик пул мукофотларини тантанали топшириш тадбирлари давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 12
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.