
Грузиянинг Тбилиси шаҳрида кимё фани бўйича ўтказилган 48-Жаҳон олимпиадасида Самарқанд давлат медицина институти қошидаги 1-сон академик лицей ўқувчиси Жаҳонгир Фахриев Ўзбекистон жамоаси таркибида иштирок этиб, бронза медалига сазовор бўлди.
Жаҳонгир Фахриевни кутиб олиш учун Самарқанд темир йўл вокзалида вилоят жамоатчилиги, ўқувчи-ёшлар ҳамда устоз-мураббийлар йиғилдилар.
Маросимда сўзга чиққанлар мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаси, хусусан, нуфузли фан олимпиадалари ва спорт мусобақаларида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида таҳсил олаётган йигит-қизларнинг муваффақиятли иштирокини эътироф этдилар.
– Эллик йилдан буён ўтказиб келинаётган мазкур олимпиаданинг навбатдаги учрашувида дунёнинг 78 мамлакатидан 292 нафар иқтидорли ёшлар қатнашди, – дейди Жаҳонгир. – Очиғи, бундай нуфузли беллашувда юртимиз шарафини ҳимоя қила олганимдан, устозларим Умар Ҳайдаров ҳамда Махфират Аҳмедованинг меҳнатларини, яқинларим ишончини оқлай олганимдан бахтиёрман.
Дарвоқе, Жаҳонгир жорий йилнинг май ойида Москвада ўтказилган 50-халқаро Менделеев олимпиадасида ҳам иштирок этиб, бронза медалига сазовор бўлганди. Унинг бу ғалабаси эса олий ўқув юртида тест синовларисиз, грант асосида таҳсил олиш имкониятини берди. Айнан кимё фани бўйича ўтказиб келинаётган жаҳон олимпиадасидаги муваффақияти билан Жаҳонгир вилоятимиз ёшлари орасида биринчи бўлди.
– Бугун мендан бахтиёрроқ она бўлмаса керак, – дейди Мавлуда Ражабова. – Негаки, ўғлимни кутиб олиш, бизнинг қувончимизга шерик бўлиш учун келганларнинг раҳматини эшитиб кўзимга ёш келди. Бундай бахтли кунларимиз, фарзандларимизнинг бекаму кўст таълим-тарбия олишига имконият яратиб берган Президентимизга раҳмат айтаман.
48-жаҳон олимпиадасида мамлакатимиздан тўрт нафар ўқувчи иштирок этиб, битта кумуш, иккита бронза медални қўлга киритдилар.
Абдужаббор Пўлатов, вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси ахборот хизмати раҳбари
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳукумати портали
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси
Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги онлайн базаси
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация бўйича давлат инспексияси
Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 1
Меҳмонлар: 3
Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.