ЖАҲОН УЗРА ЯНГРАМОҚДА ШАРҚ ТАРОНАЛАРИ

Самарқанд шаҳрида “Шарқ тароналари” Х халқаро мусиқа фестивалига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилиб, 1997 йилдан буён ҳар икки йилда мунтазам ўтказиб келинаётган мазкур нуфузли мусиқа анжумани халқимизнинг миллий мусиқа санъати анъаналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шунингдек, тили, маданияти, урф-одатлари турлича бўлган халқларни санъат воситасида бирлаштириш, уларни гўзаллик, нафосат ва эзгуликка даъват этишга хизмат қилмоқда. 

“Шарқ тароналари” I халқаро мусиқа фестивали ғолиби, Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева мазкур фестиваль ҳақида ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Мусиқа инсон онги ва қалбида чуқур акс-садо бериб, уни олижаноб мақсадлар сари илҳомлантирадиган, эзгуликка даъват этадиган қудратли кучдир. Президентимиз Ислом Каримов таъбири билан айтганда, мусиқа санъатисиз руҳий камолотга эришиб бўлмайди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилаётир. Ушбу мусиқа байрами халқимизни дунё халқлари мусиқа санъатидан баҳраманд қилиш, жаҳон мусиқа санъатида кечаётган ижодий жараёнларни атрофлича ўрганиш, ўз навбатида, бетакрор миллий санъатимизни оламга намоён этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

1997 йили ўтказилган “Шарқ тароналари” I халқаро мусиқа фестивалида мақом йўналишида Алишер Навоий ғазали билан айтилувчи “Ушшоқ”, Мискин ғазали билан “Эй, дилбари жононим” ашулаларини ижро этгандим. Бу қўшиқлар турли миллат ва элат вакиллари олқишига сазовор бўлди. Бу ўзбек мумтоз қўшиқчилигининг жозибаси, сеҳри, бетакрорлиги билан боғлиқ. Мумтоз мусиқамиз киши руҳияти, маънавиятига ижобий таъсир ўтказувчи қудратга эга. У инсонни маънавий покликка, эзгуликка даъват этади, тингловчини борлиқ, ҳаётнинг мазмун-моҳиятини англаб етиш каби чуқур фалсафий мушоҳадага ундайди. Одам ўзида янгиланиш, яшаришни ҳис қилади.

“Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида эришган муваффақиятим ижодий фаолиятимда алоҳида ажралиб туради. Сабаби, ҳар бир санъаткор ўз юртида ўтказиладиган нуфузли халқаро анжуманда ғолиб бўлишни чин дилдан истайди, улкан масъулият юкини ҳис этади.

Англияда ўтган концертларимнинг бирида “Ушшоқ”ни олд қаторда ўтирган нуроний отахон шунчалар берилиб тингладики, овозимга овоз қўшилди. Концерт тугагач, ўша отахон ёнимга келди. У киши кўп йиллар фалаж бўлиб ётган экан. Бир куни унга дўстлари ушбу ашула ёзилган дискни совға қилибди. Отахон ҳар куни “Ушшоқ”ни эшитиб, унга батамом мафтун бўлибди. Қўшиқнинг маъносини сўраб билгач, ошуфталиги янада ортибди. Отахон кўзда ёш билан “Ишонинг қизим, мумтоз ашулангиз менга даво бўлди, бугун илк марта ўз оёғим билан юриб кўчага чиқдим”, деди. Бу гапларга бирон нарса қўшиш, изоҳлаш ортиқча, деб ўйлайман.

Мазкур фестиваль сабаб кўплаб мамлакатлар хонандалари, бастакор ва санъатшунос олимлари билан яқин ижодий мулоқотда бўлдик.

“Шарқ тароналари” куй-қўшиқлар воситасида инсониятни тинчлик, инсонпарварлик, маънавий комиллик йўлида бирлаштирмоқда. Бугунги мураккаб замонда халқлар ўртасида дўстлик, ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Фестиваль жаҳондаги нуфузли мусиқа анжуманлари қаторидан аллақачон жой олиб улгурди. Унинг ЮНЕСКО шафелигида ўтказилаётгани, мамлакатлар, халқаро ташкилотлар, машҳур санъат намояндаларининг бу фестивалга қизиқиши ва эътибори тобора ортиб бораётгани сўзимиз исботидир. 1997 йилда ўтказилган биринчи фестивалда 31 мамлакат вакиллари қатнашган бўлса, жорий йилда олтмишдан ортиқ давлатдан мусиқа ва қўшиқчилик анъаналарини давом эттириб келаётган ижодий жамоалар ўз дастурлари билан қатнашиши кутилмоқда.

Техника ва технология жадал тараққий этаётган, маданиятлар ўртасидаги зиддиятлар тобора кучаяётган бугунги замонда санъатнинг бирон-бир талаб ва мезонларига жавоб бермайдиган “асар”лар пайдо бўлаётгани, айрим ёш ижрочилар мавзу, мусиқа, ижро усули, саҳна ҳаракатларида “оммавий маданият” кўринишларига тақлид қилаётгани дилни хира қилади. Бу ёш авлоднинг эстетик диди ва савиясини ўтмаслаштиради, онги ва қалби, маънавиятига занг туширади.

Мазкур жараёнда мумтоз меросимизни асраб-авайлаш, уни ёшларга безавол етказиш, миллий ва умумбашарий мусиқа санъати ютуқларини, жаҳон қўшиқчилик санъати анъаналарини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади. “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилаётгани, келажагимиз ворислари қалбида буюк маданиятимиз ва санъатимиздан фахрланиш туйғусини, дўстлик, эзгулик, меҳр-мурувват ришталарини мустаҳкамлаётгани бир санъаткор сифатида мени ғоят қувонтиради.

“Шарқ тароналари” фестивали энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллик байрами арафасида ўтказилишида ҳам ўзига хос рамзий маъно бор. Чунки мазкур халқаро мусиқа фестивалига айнан мустақиллик йилларида асос солинди ва бу фестиваль истиқлолимиз билан бирга камол топиб бормоқда. Ушбу мусиқа анжуманида халқимиз эришаётган ютуқлар, тинч-осуда, тўкин ва фаровон ҳаётимиз, қайта қадр топган анъана ва қадриятларимиз бор бўй-басти билан намоён бўлмоқда.

“Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг Самарқанддан ўзга шаҳарда ўтказилишини тасаввур эта олмайман. Зеро, бу кўҳна шаҳар Шарқ мусиқаси, фалсафаси, маънавият, илм-маърифатга бўлган интилишларни ўзида мужассам этган дунё тамаддуни бешигидир.

Мусиқа байрами арафасида Самарқанд янада файзли ва обод, озода, мафтункор қиёфага киради. Истироҳат боғлари, фусункор фавворалар, тўкин-сочин бозорлар қадимий ва гўзал обидалар, юртдошларимизнинг мамнун ва бахтиёр чеҳраси, таъбир жоиз бўлса, фақат Самарқандгагина хос ажиб маънавий муҳит фестивалга ўзгача шукуҳ, кўтаринкилик бахш этади. Ушбу муҳит сабаб инсон қалбига энг эзгу, энг беғубор туйғулар инади. Хаёлда мумтоз куй-қўшиқларимиз янграйверади. Қолаверса, Самарқанд шаҳрини нодир ва бетакрор, гўзал қўшиққа, ғоят мукаммал мусиқа асарига қиёслаш мумкин.

Мазкур фестиваль ўтган йиллар мобайнида ўнлаб истеъдодларни кашф этди. Бугун миллий мусиқа санъатимизнинг етук намояндаларига айланган ижодкорлар ҳаёти ва ижодида янги саҳифаларни очди. Насиба Сатторова, Сойибжон Ниёзов, Абдунаби Иброҳимов, Нодира Пирматова, Матлуба Дадабоева каби ҳофизлар номларини бугун нафақат мамлакатимиз, балки хорижлик санъат ихлосмандлари ҳам чуқур ҳурмат билан тилга олади. Улар чет давлатларда ўтаётган нуфузли мусиқа анжуманларида ўзларининг маҳорат ва иқтидорини намоён этиб, миллий санъатимиз куч-қудратини, ҳаётбахш сеҳрини оламга ёяётганидан қувонасан киши.

“Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали жаҳон мусиқаси тараққиётига ҳам беқиёс ҳисса қўшаётганини алоҳида таъкидламоқ зарур. Юртимизда ўтаётган ушбу анжуман туфайли дунёнинг кўплаб давлатларида миллий қўшиқчилик санъатини ривожлантиришга эътибор ва рағбат янада кучайди. Кўҳна замин сайқали – Самарқандда ўтадиган халқаро мусиқа фестивалига бўлган қизиқиш чет эллик санъаткорларнинг ўз ижодини янада бойитишига туртки бўлди. “Шарқ тароналари” фестивалларида иштирок этган покистонлик Абида Парвил, кувайтлик Фавзи Алланқавий, эронлик Фозил Жамшидий, америкалик Тини Биг Маунтин, озарбайжонлик Олим Қосимов, бангладешлик Мушфиқ Аҳмад Шамим ва бошқа ўнлаб ижодкорларнинг куй-қўшиқлари бугун жаҳон халқларининг мусиқий меросига айланди. Зеро, Регистонда янграган Шарқ тароналари жаҳон узра кенг ёйилмоқда.

Ушбу мусиқа анжумани мамлакатимизда санъат йўлига қадам қўйган ёш ижрочиларнинг миллий мақомчилик санъатига бўлган меҳрини ошириш, маҳоратини чархлашда айни муддао бўлмоқда. Бугун юртимизнинг турли ҳудудларидаги мусиқа мактабларида санъат сирларини ўрганаётган минглаб ёшлар “Шарқ тароналари” фестивали ҳавосидан нафас олган, тажриба-маҳоратини оширган устоз-санъаткорларга эргашиб ижод қилмоқда.

Тинч боғнинг булбули кўп бўлади, дейди халқимиз. Зеро, тинч-тотув ва фаровон юртдагина санъаткорлар жўшқин илҳом билан, завқ-шавқ ила куйлайди. Бунга Ўзбекистон санъаткорлари эришаётган ютуқлар, уларнинг оламшумул ижоди ёрқин мисолдир.

ЎзА


Охирги ўзгариш: 20/06/2015 18:48.   Кўрилганлиги: 568

 

Сўровнома


Сайтимиздан ўзингиз учун зарур маълумотни олдингизми?

Хабарларга обуна бўлиш


Статистика


Ҳозир онлайн
Рўйхатдан ўтганлар: 2
Меҳмонлар: 12

Яндекс.Метрика

Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021

 

Copyright © 2010 – 2018. Самарқанд вилояти ҳокимлиги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.samarkand.uz манбаи кўрсатилиши шарт.

 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг